Россия Қора денгизда АҚШ дронини уриб туширди
Россиянинг Су-27 қирувчи учоғи АҚШнинг MQ-9 Reaper разведка дронини уриб тушириши натижасида АҚШ дрони Қора денгизга қулади, дея баёнот берди Пентагон.
«Европа вақти билан тахминан соат 07:03 да Россиянинг Су-27 учоғи MQ-9 Reaper дронига зарба берди, натижада дрон денгизга қулади. Тўқнашувдан олдин Россия самолётлари бир неча марта АҚШ дрони яқинидан эҳтиётсиз ва нопрофессионал тарзда учиб ўтган. Бу воқеа нафақат хавфли ва нопрофессионал ҳаракатлар балки малакасизликнинг ҳам оқибатидир", деди АҚШ Пентагон матбуот котиби Пат Райдер.
АҚШ армияси генерали Кристофер Каволи НАТО иттифоқчиларига ҳодиса ҳақида маълумот берди.
АҚШ дрони халқаро ҳаво ҳудудида разведка олиб бораётган бўлган.
Пентагон MQ-9 Reaper дрони қурол билан жиҳозланиши мумкинлигини билдирди, бироқ уриб туширилган дрон ҳақида батафсил изоҳ беришдан бош тортди.
АҚШ ҳарбийларининг таъкидлашича, воқеа Қора денгиз устида россиялик учувчиларнинг хавфли хатти-ҳаракатидан оқибатида содир бўлган.
Оқ уй дроннинг уриб туширилиши юзасидан тўғридан-тўғри Москва билан муҳокама қилишини билдирди.
Россия ўзининг Су-27 қирувчи учоғи ва АҚШ дрони тўқнашгани айтилаётган ҳодисани провокация сифатида кўрмоқда, деди Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов.
«Бу ҳақиқий провокация. Рус ҳарбийларини қандайдир профессионаллик етишмаслигида айблаш учун бизга провокация қилишди».
Россия мудофаа вазирлиги рус қирувчи самолётлари АҚШ дрони билан тўқнашмаганини аксинча, дроннинг ўзи «қалтис маневрлар» қилиши натижасида қулаганини иддао қилди.
«Россия қирувчи самолётлари қуроллардан фойдаланмаган, дрон билан тўқнашмаган ва базага эсон-омон қайтган», — дея баёнот берди Россия мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков:
“Учувчисиз учиш аппарати “махсус ҳарбий операция” ўтказиш учун белгиланган ҳаво ҳудудидан фойдаланишга қўйилган вақтинчалик чекловлар чегараларини бузган ҳолда транспорт чироқлари ўчирилган ҳолда парвоз қилган. Москва вақти билан 9:30 атрофида қалтис маневрлар натижасида МҚ-9 дрон баландлигини йўқотиб, парвоз назоратдан чиқди ва сув юзаси билан тўқнашиб кетди.Таъкидламоқчиманки, Россия қирувчилари борт қуролларини ишлатмаган, учувчисиз учиш аппарати билан алоқа қилмаган ва базага эсон-омон қайтган”.
Россиянинг Су-24 бомбардимончи учоғи Бахмут яқинида уриб туширилди
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак учоқ ерга қулаб портлаши акс этган видеони эълон қилди.
Украина Қуролли Кучларининг қуруқликдаги 93-алоҳида механизациялашган "Холодний яр" бригадаси матбуот котиби Ирина Рибакова журналистларга учоқ ҳақиқатан ҳам уриб туширилганини тасдиқлади.
Россия ҳарбий учоғининг қулаши ҳақидаги маълумотга ҳозирча изоҳ бермади.
Зеленский: Бахмутни ҳимоя қилишни барча бир овоздан маъқуллади
Украина олий ҳарбий қўмондонлиги бир овоздан Бахмут шаҳрини ҳимоя қилиш ва душманга максимал талофатлар етказиш тарафдори, деди президент Владимир Зеленский:
«Бугун мен бош қўмондонлик билан йиғилиш ўтказдим. Қуролли кучлар Бош қўмондони, разведка бўлимининг ҳисоботларини тингладим. Асосий эътибор Хортитса ва Бахмут ҳимоя қилиш мавзусига қаратилди. Бутун қўмондонлик якдил позицияда эканини кўрсатди: Шарқий фронт чизиғини мустаҳкамлаш ва босқинчиларга максимал даражада талофат етказиш»
Зеленский, шунингдек, Fox News телеканалининг икки журналисти Киевда ҳалок бўлганининг бир йиллиги муносабати билан телеканал раҳбари Руперт Мердок билан суҳбатлашганини ҳам билдирди.
«Умуман олганда, бир йилдан сал кўпроқ вақт ичида ўнлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳалок бўлди ва яраланди. Биз уларнинг ҳар бирини қадрлаймиз ва унутмаймиз ».
Reuters: Украина Бош прокуратураси Россия аскарини тўрт ёшли қизча ва унинг онасини жинсий зўрлашда айблади
Тергов маълумотига кўра, 2022 йил 13 март куни Россия аскарлари Броварида (Киев вилояти) бир уйга кириб, хонадон эгасини дўппослашади ва унинг кўз ўнгида хотинини жинсий зўрлашади. Сўнгра икки аскар уларнинг тўрт яшар қизчаси номусига тажовуз қилади.
Ҳарбийлар ушбу жиноятларни мастлик ҳолатида содир этгани тахмин қилинмоқда. Терговчилар жинсий зўравонликда 15-махсус мотоўқчилар бригадасининг 12 ҳарбий хизматчисини айблашди.
Қизалоқни зўрлашда айбланаётганлар 28 ва 32 ёшли снайперлар бўлган. Прокуратурага фақат биринчисининг исмини очиқлади – Евгений Чернокнижний, у Россияга қайтиб кетган.
Иккинчи эркак ўлган. Reuters мухбири Чернокнижнийнинг телефон рақамини топган, аммо қўнғироққа ўзини унинг укаси деб таништирган одам жавоб бериб, акаси ҳалок бўлганини айтган. Евгенийнинг ўлими ҳақида ўтган йили апрелда Orenday нашрида хабар чиққан.
Прокуратура Россия аскарлари Киевни ишғол этишга уринишлари барбод бўлганидан сўнг маҳаллий аҳолини қўрқитишга ўтганини таъкидламоқда.
Хусусан, тергов органига кўра, ўша куни 15-мотоўқчилар бригадаси аскарлари қўшни уйда кекса эркак ва аёлни уришган, 41 ёшли ҳомиладор аёлни ва 17 ёшли қизни жинсий зўрлашган, кейин эса 15 ёшли қиз ва унинг онасини гуруҳ бўлиб зўрлаганлар.
Аскарлар талончилик билан ҳам шуғулланганига оид маълумотлар бор.
Озодлик уруш шароитида Reuters ва Украина Бош прокуратураси маълумотларини тезкор текшириш имконига эга эмас.