Блинкен: Россия бу уруш учун жазосиз қолмаслиги керак!
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 3 март, жума куни Нью-Деҳлида ҳинд, япон ва австралиялик ҳамкасблари билан учрашувида шундай баёнот билан чиқди.
“Агар биз Россияга Украинадаги қилмишлари жазосиз қилишига имкон берсак, бу бутун дунёдаги эҳтимолий тажовузкорларга ўз қилмиши учун жазосиз қолиши мумкинлигига сигнал бўлади”, деди Блинкен.
Гуруҳ йиғилишдан сўнг эълон қилган баёнотда, Украинада ядро қуролидан фойдаланиш ёки уни қўллаш таҳдиди “номақбул” экани ҳам таъкидланди.
Блинкен ва Тўртлик гуруҳи - АҚШ, Ҳиндистон, Япония ва Австралия ташқи ишлар вазирлари Нью-Деҳлидаги G20 йиғилиши доирасида учрашишди.
Ўз баёнотида, Тўртлик вазирлари, Хитойни Жанубий Хитой денгизидаги кескинликни кучайтирадиган ҳаракатлар ва минтақадаги баҳсли ҳудудларни "милитаризация қилиш"га уринишда ҳам айбладилар.
Бахмутда қақшатқич жанглар давом этмоқда
Киев кучлари Донецкдаги баҳсли минтақада Россия ҳужумларининг бир неча тўлқинини қайтараркан, Бахмутда қақшатқич жанглар давом этмоқда.
Украина ҳарбийларига кўра, Россия кучлари тун бўйи фуқаровий инфратузилмани ўққа тутишда давом этган, тинч аҳолини жароҳатлаган ва зарар етказган.
Ўтган йилнинг иккинчи ярмида бир қанча ҳудудларни Украина қўшинларига бериб қўйган Москва, Донбасда янги ҳужумлар бошлади ва бир нечта ўринларда Украина кучларини ортга суришга ҳаракат қилди.
Россия Бахмутга кетма-кет пиёда аскар ташлаб, уни ўраб олиш ва Украинанинг таъминот линияларини узишга ҳаракат қилмоқда.
Украина расмийлари шаҳар мудофааси жуда қимматга тушса, қўшинлари Бахмутдан бутунлай чекиниб, ғарб ва шимоли-ғарбдаги янги позицияларга ўтказилиши мумкинлигини айтишди, бу ерда Украина мудофаа позициялари анча кучлироқ экани хабар қилинган.
Украина Миллий гвардияси қўмондони Володимир Назаренкога кўра, Бахмутдаги вазият «қалтис». Назаренконинг айтишича, Украина кучлари чекинишдан олдин, Россия кучларига имкон қадар кўпроқ зарар етказишга ҳаракат қилишади.
"Украина ерининг ҳар бир метри учун душман юзлаб одамини йўқотади", деди Назаренко.
Ғарб экспертлари Россиянинг Бахмутни олишга уринишига шубҳа қилмоқда. Уларга кўра, шаҳарнинг Россия учун стратегик ва рамзий аҳамияти пастдир.
Лавров: Москва Ғарбга энергия бўйича ҳамкор сифатида суянмайди
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 3 март, жума куни Россия “Ғарб яна газ қувурларини портлатишига йўл қўйиб бермайди”, деб таҳдид қилди ва Москва бундан буён Ғарбга энергия бўйича ҳамкор сифатида суянмайди, деди.
“Биз энди Ғарбдаги ҳеч бир шерикка таянмаймиз. Биз уларнинг қувурларни яна портлатишларига қўйиб бермаймиз. Биз зудлик билан текширув ўтказиш кераклигини сўрагандик, аммо рад жавобини олдик. Америкаликлар буни “бемаънилик” дейишди. Сеймур Херш ўз хулосаларини эълон қилганида, европалик ва америкаликларнинг муносабатини кўрдингиз. Германия камситилди – жисмонан, маънан ва бошқа жиҳатлардан", деди Лавров.
Москва сентябрь ойида “Шимолий оқим” газ қувурига зарарлаган портлаш учун Ғарб давлатлари масъул , деган бироқ ғарбликлар бу даъвони рад этган.
Блинкен ва Лавров уруш бошлангандан бери илк бор учрашди
Бугун Деҳлида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашиб, 10 дақиқа давомида суҳбатлашган.
Буни АҚШ расмийлари тасдиқлашди, Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса учрашув ҳақида бирор изоҳ бермади.
Ҳозирча учрашувнинг бошқа тафсилотлари маълум эмас.
Бу - G20 саммити доирасидаги режадан ташқари яккама-якка учрашув бўлиб, Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери икки юқори мартабали дипломат ўртасидаги биринчи учрашувдир.
G20 йиғинида Москванинг Украинага тажовузи муҳокамаларнинг муҳим қисмидир.
Бу йил G20 га раислик қилаётган Ҳиндистон Россияни Украинадаги уруш масаласида қоралашдан тийилмоқда. Ҳиндистон бунинг ўрнига Россиядан арзон нефть импортини кескин оширди.
Европа ва АҚШ дипломатлари Деҳлидаги йиғилишда Украинадаги можарода Россияни жавобгар деб билишларини яна бир бор қайд этишди.
Деҳлидаги йиғин АҚШ-Хитой ўртасидаги кескинлик кучайган пайтга тўғри келмоқда.