Киев Брянск воқеаларини Россия провокацияси деб атади
Россия расмийлари бугун Украина билан чегарадош Брянск вилоятига украин гуруҳи бостириб киргани ҳамда уларга қарши ҳарбий операция амалга оширилаётганини иддао қилмоқда.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, президент Владимир Путинга хавфсизлик тузилмалари ва мудофаа вазири Сергей Шойгу Брянскдаги вазият ҳақида мунтазам ҳисобот бериб турибди.
Россия пропаганда нашрлари ва телеграм-каналлари гўйки “украин диверсантлари” Сушани ва Любечанеда тинч аҳолини гаровга олгани, қурбонлар бўлганини иддао қилди.
Кечга яқин Дмитрий Песков Бранскка ҳужумни “террорчилар иши” дея атаб, уларни йўқ қилиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди.
Брянскка қилинган ҳужум учун масъулиятни ўзини “Рус кўнгиллилар корпуси” дея номлаган гуруҳ зиммасига олди. Ушбу гуруҳ Россиядаги кўнгиллилар томонидан тузилгани ва Украина томонида туриб курашиб келаётганини айтиб келади.
“Рус кўнгиллилар корпуси” Брянскда тинч аҳоли ўлдирилганини рад қилишди. Буни “Кремль тарғиботчилари ёлғони” дея таърифлаган кўнгиллилар гуруҳи ўзининг Брянскдаги ҳаракати рус миллати вакиллари ҳам қўлида қурол билан режимга қарши кураша олишини кўрсатиш мақсадида қилинганини таъкидлашган.
Айни пайтда Украина президенти офисининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Брянскдаги воқеаларни Россия томони уюштирган “провокация” дея атади:
“[Россия Федерациясидаги] Украина саботажчи гуруҳлари ҳақидаги гаплар қуруқ провокациядир. [Россия] ўз халқини қўрқитиш орқали қўшни давлатга ҳужуми ва уруш бошлангандан кейин халқнинг қашшоқлашувини оқлашга уринмоқда. Айни чоғда Россияда партизан ҳаракати кучайиб, тажовузкорлашиб боряпти. Ўз партизанларингиздан қўрқинг."
Шолс Хитойни Россияга қурол бермасликка чақирди
Германия канцлери Олаф Шолс Хитойни Россияга қурол юбормасликка чақириб, аксинча Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича Москвага босим ўтказишни сўради:
«Менинг Пекинга айтадиган гапим аниқ: Таъсирингиздан фойдаланиб, Москвани ўз қўшинларини Украинадан олиб чиқиб кетишга унданг ва Россияга ҳеч қандай қурол етказиб берманг».
Шолс Хитой ва Ҳиндистоннинг Россия босқинини қоралашдан ўзини тийиши Украинадаги уруш борасида глобал бўлинишни юзага келтирганини таъкидлади.
АҚШ агарда Пекин Украинадаги урушда Россияга ҳарбий ёрдам берса, Хитойга қарши янги санкциялар киритиш масаласини ўз иттифоқчилари билан муҳокама қилмоқда.
Зеленский: Россия фронт чизиғидаги шаҳарларни қасддан ўққа тутмоқда
Владимир Зеленский Россия фронт чизиғидаги шаҳарларни «қасддан» ўққа тутаётганини таъкидлади:
«Фронтнинг ҳар бир чизиғини назорат остида ушлаб турибмиз. «Хортитса», «Таврия», «Одесса» ва шимолий ҳарбий қисмлардан кун давомида маълумотлар келяпти. Фронт чизиғи билан бир қаторда, у ерга яқин шаҳар ва қишлоқларга ҳам эътибор қаратяпмиз. Россия фронтга яқин ҳудудларни атайлаб ўққа тутмоқда».
Украина ҳарбий қўмондонлиги рус қўшинлари Бахмут йўналишида олдинга силжиётганини хабар қилган эди.
«Вагнер» компанияси асосчиси Евгений Пригожин рус қўшинлари Бахмут учун кечаётган жангларда украин армиясининг қаттиқ қаршилигига дуч келаётгани ҳақида гапирди.
Украин болаларига бағишланган фильм Оскарга номзод бўлди
Укранадаги уруш ҳақидаги ҳужжатли фильм Оскар мукофотига номзод қилиб кўрсатилди.
Даниялик режиссёр Саймон Леренг Велмонт «Парчалардан қурилган уй» фильмида уруш шароитидаги болалар бошпанасини акс эттирган:
«Мен уруш инсонлар ҳаётини қанчалик ўзгартиришини биргина кичик жамият мисолида кўрсатишга ҳаракат қилдим. Умид қиламанки, бу фильм ва Оскар платформаси одамларнинг эътиборини ушбу муаммога қаратишга ёрдам беради»
Даниялик режиссёрнинг 2017 йилда ҳам Украина шарқидаги вазият тасвирланган «Итларнинг узоқдан ҳуриши» номли картинаси бир қанча мукофотларга сазовор бўлган эди.
Оскар мукофотига номзод ҳужжатли фильмлар рўйхатида Даниел Роэрнинг «Навальний» фильми ҳам бор. Путиннинг ашаддий танқидчиларидан бири Алексей Навальний 2021 йил февралидан буён Россия қамоғида қолмоқда.
Оскар ғолиблари номи 12 март куни Лос-Анжелесдаги тақдирлаш маросимида эълон қилинади.