"Бир кунда 50-60 ярадор"
Бахмутдаги дала шифохонасига ҳар куни жароҳатланган ўнлаб аскарлар олиб келинади. Бу ерда тиббий бригада жароҳатларни текширади ва аскарларни даволанишга ёки жангни давом эттириш учун фронтга жўнатади.
Шафқатсиз жангларнинг инсоний талофатлари кўлами қанчалигини дала шифохонасидаги ярадорлар сонидан ҳам билиш мумкин.
«Менинг жамоам тинимсиз ишлайди. Урушдан олдин 9 ойда 50-60 нафар ярадорни қабул қилардик, ҳозир эса баъзан бир кунда будан ҳам кўпроқ аскарларни қабул қиляпмиз. Иш кўп, лекин шифокорлар малакали. Улар жангчиларимизнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда”, дейди шифокор Анатолий.
Зеленский: Авиация табусига барҳам беринг!
Владимир Зеленский тунги видеомурожаатида Украина «авиация табу»сига барҳам берилган тақдирдагина ўз осмонини ҳимоя қила олишини айтди:
«Бизнинг авиациямиз ва учувчиларимиз ажойиб ҳаракат қилмоқда. Аммо авиация табуси тўлиқ олиб ташланса, осмонимизни янада тўлиқ ҳимоя қила оламиз».
Зеленский шунингдек, Хмельницкий вилоятида Россиянинг дрон ҳужуми оқибатида икки фавқулодда хизмат ходими ҳалок бўлганини ҳам маълум қилди.
У, Бахмут атрофида ҳарбий вазият тобора қийинлашиб бораётганини қўшимча қилди.
Бахмут шаҳри Украина қаршилигининг рамзига айланиб улгурди. Бир неча ойдирки украин армияси рус қўшинларининг муттасил ҳужумларини қайтариб келмоқда.
Угледарда портлатилган рус танклари
72-алоҳида механизациялашган украин ҳарбий бўлинмасининг Фейсбукка жойлаган видеосида Бахмутдан 150 км жануби-ғарбда жойлашган Угледар шаҳри яқинида бир қанча рус танклари портлаб, ёнаётганини кўриш мумкин.
Рейтерс мухбирлари видеода акс этган манзилни текширишга муваффақ бўлишди, бироқ видео олинган санани мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз бўляпти.
Рус қўшинлари шимолдан Кремина ва жанубда Угледар йўналишида Украина ҳимоя чизиғини ёриб ўтишни уддалай олмади. Очиқ майдонда ҳужумга ўтиб, катта йўқотишларга учради.
Ўтган ҳафта Британия разведкаси рус қўшинлари Угледар атрофида яна бир ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳамда шаҳар кучли отишмалар ичида қолиши мумкинлигини билдирди.
Кремль Ғалаба кунига тайёргарликни бошлади
Россия ҳар йили ўтказиладиган Ғалаба кунига ҳозирданоқ тайёргарликни бошлади.
Ракеталар олиб кетаётган ҳарбий карвон 9 май куни Иккинчи жаҳон уруши тугашига бағишланган парад олдидан Москвага йўл олди.
Ракета намойишлари 2008 йилдан бери Қизил майдондаги йиллик параднинг бир қисми бўлиб келмоқда.
Кремль бу байрамдан ватанпарварлик туйғусини рағбатлантириш ва Россиянинг глобал қудрат сифатидаги ролини кўрсатиш учун фойдаланиб келмоқда.