Зеленский Эрон Россияга "оз сонли" дрон юборгани ҳақидаги иддаоларни рад этди
5 ноябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский навбатдаги видеомурожаатида Эрон Россияга оз сонли дрон етказиб бергани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, Украина биргина жума куни 11 та дронни уриб туширганини айтди.
Зеленский Теҳронни ёлғон гапиришда айблаб, Киев кучлари ҳар куни камида 10 та учувчисиз учиш аппаратини уриб тушираётганини таъкидлади.
«Айтганча, Эроннинг расмий вакиллари бугун баёнот эълон қилишди. Улар Россия террори учун дрон етказиб берганликларини тан олишга қарор қилишибди. Лекин улар буни тан олаётиб ёлғон гапиришди. Биз ҳар куни камида ўнта Эрон дронини уриб туширяпмиз. Эрон тузуми эса тўлиқ миқёсли босқин бошланишидан олдин Россияга гўёки озгина дрон берганини иддао қилмоқда», - деди.
Шанба куни Эрон биринчи марта Москвани дронлар билан таъминлаганини тан олди, бироқ улар Украинадаги урушдан олдин юборилганини иддао қилди. Россия Эрон дронлари ёрдамида Украинада электр станциялари ва фуқаролик инфратузилмасини нишонга олмоқда.
Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдуллахоннинг сўзларига кўра, мамлакат Россия 24 февралда босқин бошлашидан бир неча ой олдин «оз сонли» учувчисиз дрон юборган.
Сўнгги ҳафталарда Украинада Эронда ишлаб чиқарилган «Шаҳид»-136» дронлари ёрдамида фуқаролик инфратузилмасига, хусусан, электр станциялари ва тўғонларга ҳужумлар авж олгани айтилмоқда. Россия ўз кучлари Украинага қарши Эрон дронларидан фойдаланаётганини рад этмоқда.
Эрон: Россияга дрон берганмиз, фақат урушгача..
Эрон Россияга дрон етказиб берганини илк бор тан олди. Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амирабдуллоҳиян иддаосича, Эрон Россияга дронларни Украинадаги уруш бошланишидан олдин етказиб берган:
“Баъзи ғарб давлатлари Эрон Ислом Республикаси Россияни дрон ва ракеталар етказиб бериш орқали Украинадаги урушда қўллаб-қувватлаётганини даъво қилмоқда. Бироқ ракета етказиб берилгани борасидаги айбловлар мутлақо нотўғри, дрон етказиб берилгани эса рост. Биз Россияга чекланган миқдордаги дронларни юборганмиз. Аммо бу Украинада уруш бошланишидан бир неча ой олдин содир бўлган. Биз Украина ташқи ишлар вазири билан Россия Украинада Эрон дронларидан фойдаланганига оид ҳар қандай далилларни бизга тақдим этиши борасида келишиб олдик".
Эрон шу пайтгача Россияга қурол-яроғ етказиб берганини рад этиб келган эди.
Шу ҳафта бошида Эроннинг БМТдаги доимий вакили Амир Саид Иравоний билдирилган даъволарни "мутлақо асоссиз" деб атаб, Эроннинг урушда бетарафлик позициясини яна бир бор таъкидлаган эди.
БМТ Хавфсизлик Кенгашида АҚШ ва яна бошқа ғарб давлатлари БМТ бош котиби Антониу Гутерришни Россия Украинада тинч аҳолига Эрон дронлари билан ҳужум уюштиргани ёки йўқлигини текширишга чақирди.
Кейинги пайтда Россия Эронннинг камикадзе дронлари орқали Украина инфратузмаларига жиддий шикаст етказгани айтилди.
АҚШ Украинага яна $400 млн.лик ҳарбий ёрдам беряпти
АҚШ Украинага қиймати 400 миллион доллар бўлган қўшимча ҳарбий ёрдам кўрсатади. Ажратилган маблағнинг бир қисми Киевга ҳарбий ёрдам ажратишни мувофиқлаштириш бўйича Германияда штаб ташкил этишга сарфланади. Бу ҳақда 4 ноябрь куни Пентагон маълум қилди.
Таъкидлаш жоизки, 400 миллион долларлик ёрдам доирасида Украинага Россиянинг кучаяётган ракета ва дрон ҳужумларидан ўзини яхшироқ ҳимоя қилишга ёрдам бериш кўзда тутилган. Хусусан, ёрдам пакети қўшимча ҳаво мудофаа тизимларига маблағ ажратишни назарда тутади. Россия ҳужумлари айни дамда Украинанинг энергия ва сув инфратузилмасига жиддий зарар етказмоқда.
Янги ҳарбий ёрдам пакети доирасида Украинага 1100 та Phoenix Ghost дрони, 45 танкни таъмирлаш учун маблағ ҳамда 40 та бронекатер етказиб берилади.
Phoenix Ghost дрони қуролланган «камикадзе» дрон бўлиб, нишонга тегиши билан портлайди.
Шунингдек, ҳаво мудофаасини яхшилаш учун Hawk ер-ҳаво ракеталари берилади. Улар Украинага дронлардан ўзни ҳимоя қилишда кўмаклашади.
Уруш 24 февралда бошланганидан бери АҚШ Украинага умумий ҳисобда 18,2 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга қурол-аслаҳа ажратди.
"Руслар Херсондан чекинмаяпти, аксинча позицияларини мустаҳкамламоқда"
Херсон яқинидаги фронтдаги украиналик аскарларнинг сўзларига кўра, руслар Херсонни ташлаб кетаётгани йўқ, аксинча, янги сафарбар этилган шахслар билан шаҳар атрофида ўз позицияларини мустаҳкамламоқда.
«Улар (руслар) бизни йўлдан оздириш учун бундай усуллардан фойдаланишяпти. Ўзларини кетаётган қилиб кўрсатиб, аслида бирор чора кўришимизни пойлаяптилар. Бу қандайдир ҳийла, деб ўйлайман», деди 48 яшар украин аскари Виталий.
Пайшанба куни Херсонда Россия томонидан ўрнатилган маъмурият раҳбари ўринбосари Кирилл Стремоусов Россия ўз қўшинларини ғарбий қирғоқдан олиб чиқиши мумкинлигини айтган эди. Кейинчалик у гапини ўзгартирди ва чекиниш бўлмаслигига умид қилаётганини таъкидлади, аммо «жуда қийин қарорлар қабул қилишимиз керак», дея қўшимча қилди.
Кейинги ҳафталарда Украина кучлари Херсонга яқинлашди. Херсон Россия 24 февраль куни Украинага ўн минглаб аскарини киритганидан бери Москва қўлига ўтган ягона вилоят пойтахтидир. Россиянинг Украинадаги қўмондони Херсонда қийинчиликлар юзага келганини тан олган.
Жума куни Россия президенти Владимир Путин Херсондан тинч аҳолини эвакуация қилиш кераклигини айтди. Херсон вилояти аннексия қилинган Қрим билан чегарадош бўлиб, стратегик аҳамиятга эгадир.