Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:57

Москвада ўзбек аёлнинг "бола ўғирлагани" иддао қилинди. Она туҳмат ва таҳдиддан шикоятчи


Москвада бола ўғирлашда гумон қилинган ўзбекистонлик аёл акс этган хавфсизлик камера тасвирлари.
Москвада бола ўғирлашда гумон қилинган ўзбекистонлик аёл акс этган хавфсизлик камера тасвирлари.

Москвада ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Ноила Нурматова 21 яшар қизи С. бола ўғирлашга уринишда ноҳақ айбланаётганидан шикоят қилди.

Онанинг даъвосича, қизи болалар майдончасида ўйнаб юрган 5 яшар рус қизалоғини ўғирлашга уринишда гумон қилиниб, 19 август куни ушланган ва айбловга асос бўлмагани боис, эртаси куни қўйиб юборилган.

Аммо ҳали суд бўлмасидан туриб, Россия оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда "бола ўғриси"га чиқарилган қизнинг суратлари ёйилган ва ҳозир у оммавий қораланмоқда. Тармоқларда уни самосуд қилишга чақириқлар ҳам янграган.

Ноила Нурматованинг Озодликка айтишича, 21 яшар қизи Москвага 2 ой муқаддам келган ва ҳозирча ишсиз.

Ҳодиса шу йилнинг 19 август куни, Москва шаҳрининг улар яшайдиган Гальянова туманидаги кўп қаватли уй ёнида жойлашган болалар ўйингоҳида содир бўлган.

- Қизим майдончада телефонини кавлаб ўтирганида, ёнига 5 яшар қизча келган ва ундан қўлидаги “Кириешки” қоқнонидан сўраган. Қизим берипти. Орадан бир неча кун ўтиб, қизим пастда ўтирса, ўша қизча яна ёнига борган. Яна қоқнон сўраган. Қизим: “Менда “Кириешки” йўқ. Сени онанг қани?” деб сўрапти. Қизча ёлғиз юрган экан-да яна. Кейин, майдонча ёнидаги дўконда, депти қиз. Қизим бечора, шу ёлғиз қолмасин, деб қўлидан ушлаб ўша дўконга онасини ёнига олиб кетаётганда қизчани онаси келиб ёпишган, боламни ўғирлаб кетяпти, деб, - деб даъво қилади Нурматова.

Онанинг сўзларига кўра, қўшнилар полиция чақиришган ва С. полиция бўлимига олиб кетилган. Суриштирувлар ва камера ёзувлари ўрганилганда, 5 яшар қизчанинг С. ёнига ўзи боргани ва дўкон томонни қўли билан кўрсатгани ўртага чиққан.

- Полиция эртаси куни қизимни қўйиб юборди, чунки ҳаммасини камерада кўришди. Ҳозир нега 5 яшар қиз болалар майдонида ёлғиз юрипти, онаси қаерда эди, дейиш ўрнига, бу қизни онасига обораман, деган соддадил қизимни ўғрига чиқариб, суратларини тарқатиб ётишибди. Мен полицияга туҳматдан шикоят қилдим. Ҳозир қизимнинг оқланиши учун ҳаракат қиляпман, - дейди Ноила Нурматова.

47 яшар Нурматованинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, унинг асл касби болалар дефектологи. Турмуш ўртоғи Россияга ишга кетгач, ортидан Москвага борган ва айни пайтда аҳоли уйларини тозалаб, пул топади.

Қизи С. эса оилавий зўравонлик ортидан турмушидан ажраган ҳамда Ўзбекистонда ёлғиз қолгани боис икки ой муқаддам онасининг ёнига Москвага борган.

Озодликда Ноила Нурматованинг бу даъволарини тасдиқловчи ёки инкор қилувчи маълумотлар йўқ.

Адвокати Мурат Гаджиболатовнинг Озодликка айтишича, С. Россия Жиноят кодексининг 126-моддаси, 2-қисми билан “вояга етмаган шахсни ўғирлаш”га уринишда гумон қилинмоқда, ҳозиргача айблов эълон қилинмаган.

Айб ўз исботини топгани тақдирда, С.га 5 йилдан 12 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Ҳозирда терговга қадар суриштирув ишлари бормоқда.

Ноила Нурматова қизининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб, 30 август куни Ўзбекистонннинг Москвадаги элчихонасига боргани, аммо элчихона ёрдам беролмаслигини маълум қилганини айтди:

- Элчихонага кирдим, 183-талон олдим. 5 ойнага бориб, бор ҳақиқатни тушунтирдим. Консуллик ходими: “Адвокатларимиз бор, лекин пулик. Сизнинг ишингиз бизнинг ваколатимизга киради, лекин ёрдам беришга имконимиз йўқ, чунки кадрларимиз етишмайди”, деди. Аризамизни олиб қолди. “Агарда қизга орган одамлари тарафидан ноқонуний хатти-ҳаракат бўлса, яна келасиз, ариза ёзасиз, биз ўрганиб чиқиб, прокуратурага жўнатамиз” деди. Лекин Москва шаҳри полициясида, уларнинг фуқароси бўлмасам ҳам, менга адвокат ва таржимонни бепул беришди. Қизимни аҳволини тушуниб, катта ёрдам қилишяпти.

Нурматованинг айтишича, ҳозир ижтимоий тармоқларда қизининг номига таҳдидлар тинмаётгани боис уни яширишга мажбур бўлмоқда ва бунда унга Гальянова полиция бўлими ходимлари ёрдам беришмоқда.

Она, қизининг ҳаётини сақлаш ва унинг оқланишида ёрдам сўраб, Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Москвадаги ўзбек диаспорасига юзланишини билдирди.

Рус тилидаги ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситаларида 21 яшар С. айби исботланмай туриб, “бола ўғриси”га чиқарилган ва суратлари илова қилинган хабарлар тарқалишда давом этмоқда.

Хабарлар остида қолдирилган шарҳларда, аксар фойдаланувчилар, аёлни полиция ҳибсдан чиқариб юборганидан кескин норози ва бу қизни топиб, унга мустақил чора кўриш, ҳатто “жисмонан йўқ қилиш”га чақиргани акс этган.

Рус матбуотида, бирор бир жиноятда гумон қилинган меҳнат муҳожирларининг, ҳали айби судда исботланмай туриб, жиноятчига чиқарилиши ҳамда уларнинг шахсига доир маълумотлар - исми, манзили ва суратларининг матбуотда тарқатилиши кўп учрамоқда.

Расмий рақамларга кўра, шу йилнинг январ-май ойларида Россия Миграция хизматида рўйхатга олинган чет элликлар сони 6,6 миллион кишини ташкил этган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Зоҳид Асқаровнинг маълум қилишича, айни пайтда Россияда 1,5 миллионга яқин ўзбекистонлик муҳожир меҳнат қилмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси идорасига кўра, республика ташқарисида жами 2,4 миллионга яқин ўзбекистонлик меҳнат қилади. Россиядаги ишчилар хорижда меҳнат қилаётган мамлакат фуқаролари умумий сонининг 63 фоизини ташкил қилади.

Форум

XS
SM
MD
LG