Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:17

Мигрантлар: Россияга уй қиламан деб бориб уйи бузилган муҳожир оила ҳикояси


Россияда қанча ўзбек муҳожирларининг фарзанди яшаётгани борасида аниқ статистика  йўқ. Иллюстратив сурат.
Россияда қанча ўзбек муҳожирларининг фарзанди яшаётгани борасида аниқ статистика  йўқ. Иллюстратив сурат.

Охирги йилларда балоғатга етмаган фарзандлари ва турмуш ўртоқларини Ўзбекистондан Россияга олиб келаётган меҳнат муҳожирлари сони кўпайди. Бироқ айрим ҳолларда йўқчилик, маиший ва оилавий муаммолар бу оилаларнинг бузилиб кетишига сабаб бўлмоқда.

9 яшар Баҳора Усманова Россиядаги юз минглаб ўзбек муҳожирларидан бири. У ёш бўлишига қарамай, муҳожирликнинг аччиқ нонини татишга улгурган.

Бундан бир неча ҳафта олдин Баҳора ва унинг уч яшар укаси Абубакр Москва вилояти Раменский туманидаги кафелардан бирида ўзбек муҳожирлари томонидан топиб олинган. Кейинроқ муҳожир қизалоқ ва унинг жажжи укасини кафега онаси ташлаб кетгани аниқланган. Ўзбекистонлик фаоллар болаларнинг отасини излаб топишга муваффақ бўлганлар.

9 яшар Баҳора Усмонованиг тақдирига интернетдаги жамоатчилик фаоллари эътибор қаратишган. Москва, 22 июнь, 2022
9 яшар Баҳора Усмонованиг тақдирига интернетдаги жамоатчилик фаоллари эътибор қаратишган. Москва, 22 июнь, 2022

Баҳора ва Абубакрнинг отаси 1965 йилда туғилган Собиржон Усмонов экани аниқланган.

Собиржоннинг иддао қилишича, болаларининг онаси оиласини ташлаб, "кетиб қолган".

- Болаларни менга ташламасдан, кўчадаги кафега ташлаб кетган. Йўлдан “Болаларни кафедан бориб олинг!”, деяпти. Илгари ишлаган жойимга, Раменскоедаги кафега. Ишимни тугатгунимча буларга бир опа ёрдам қилди.

Касбим ўзи сартарош. Москвага уй қиламан, деб келганман. Отамнинг ҳовлисида тураман ҳозир. Шу йилнинг октябрь ойида оиламни олиб келувдим. Домодедовода ишладим, хотиним болалар билан уйда ўтирарди. Хуллас, оилам бузилиб кетди. Тўқчиликданми, йўқчиликданми – билмадим, нега кетди. Тўғри, бировга қарз бериб, бир ойча қийналиб қолгандик, дейди ўзбек муҳожири.

Баҳоранинг орзуси тиш дўхтир бўлиш. 9 яшар қизалоқ онаси ҳар куни тушига киришини айтади.

- Ўзбекистон Россиядан кўра яхши. Чунки Россия ёмонлигини билдим-да – ойим билан отам Россияга келиб кўп қийналди! Ўзбекистонда мелисалар гапирмасангиз, телефон қилмасангиз келишмайди. Россияда эса телефон қилмасангиз ҳам келаверишади. Россияда қийин, продуктангиз йўқ. Ўзбекистонда эса ҳамма нарсангиз бор, ўзбек пулини ишлатасиз. Катта бўлганимда тиш дўхтир бўламан. Онам билан отам ярашиб кетишларини, уйимиз, машинамиз бўлишини хоҳлайман. Онамни соғинганимда йиғлаб тураман...

57 ёшли Собиржон икки фарзандни онасиз тарбиялаш жуда қийин эканини айтади.

Собиржон Усмонов.
Собиржон Усмонов.

Бироқ бу қийинчиликларга қарамасдан у фарзандларини ҳеч кимга топширмасдан ўзи тарбия қилмоқчи.

- Тақдири, иншааллоҳ, яхши бўлади. Ўзим тарбия қиламан буларни. Ўзбекистонга бориб, уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қиламан. Мусофир юртда қийналганимни болаларим билади, ўзим биламан.

Аммо она жамоатчилик фаоллари билан суҳбатда ўз болаларини ташлаб кетмагани, фарзандларидан ҳам воз кечмаганини айтди.

- Мен уни кўришни истамайман. Болаларим менга керак. Шу пайтгача болаларимни боққанман – бундан кейин ҳам боқаман!

- Нима учун ташлаб кетяпсиз болаларни, олиб кетмаяпсиз?

- У ўзи Ўзбекистонга кетяпти эканку. Мен эса ишлашим керак – Ўзбекистонга борганим билан яшашга уйим йўқ. Мен эримни юзини кўришни ҳам хоҳламайман! Болаларимни эса кўришга бораман. Мен улардан воз кечмайман!

Собиржон "Суянч.уз" жамоатчилик гуруҳи фаоллари кўмагида ҳозирча бошпана топган, бу оила тақдирига бефарқ бўлмаганлар кўмагида оиласини боқмоқда.

Аммо Баҳора ва Абубакрни Ўзбекистонга олиб кетиш учун уларнинг ҳозирча ҳеч қандай ҳужжатлари йўқ.

- У ЗАГС қоғози, болаларнинг метрикаларини кимнингдир қўлига ташлаб келган. Залоггами, қарзга берганми... Иложи бўлса, ёш келинлар оиласи билан Россияга келмасин, мана, менга ўхшаб бузилиб кетяпти оилалар, дея насиҳат қилади Собиржон.

Озодлик билан суҳбатлашган «Мигрант.моби» портали асосчиси ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад эса, аксинча, мигрантларга Россияга ўз оилалари билан келишни тавсия қилади:

- Эрнинг бир йилда бир Ўзбекистонга уйга бориши оилани бузмайдими? Ёки уларнинг оиласи, фарзандлари билан муносабатларига таъсир қилмайдими? Тасаввур қилинг, 10-15 йиллар давомида бир уйига бориб келадиган муҳожирлар бор! Асосий вақти эса Россияда ўтяпти. Уларнинг фарзандлари уларсиз катта бўляпти, турмушга чиққан, уйланган. Аёллари эса эрларини бир йилда бир марта кўрган. Буни ҳам оилавий муҳитга, меҳрга албатта таъсири бўлади. Шахсан мен муҳожирларнинг оиласи билан келиши тарафдориман, сабаби оила билан келган муҳожир ўзида кўпроқ масъулият сезади. Ҳужжатларини расмийлаштириб, қонуний юриши, турли жиноят ишларига қўл урмаслиги турган гап, чунки унга бирор нарса бўлса, бу ерда турган оиласи кўчада қолиши мумкин.

Россияда қанча ўзбек муҳожирларининг фарзанди яшаётгани борасида аниқ статистика йўқ.

2021 йилда Россия Маориф ва фан вазирлиги мамлакат мактабларида 140 мингдан зиёд муҳожир фарзандлари таҳсил олаётгани тўғрисида ҳисобот берганди. Аммо яна қанчаси мактабга бориш имкониятидан маҳрум экани номаълумлигича қолмоқда.

Шунингдек, бу болаларнинг яшаш шароитлари, уларнинг оддий ҳуқуқлари таъминланиши масаласи қай аҳволда экани ҳам савол остида.

Миграциядаги қийин аҳволда яшаётган эр ва хотин ўртасидаги иқтисодий, маиший қийинчиликлар ва бошқа келишмовчиликлар болалар руҳиятига қандай таъсир қилади?

Бу саволга оила психологи Рустам Габдулхаков шундай жавоб берди:

- Сўзсиз, бу болалар учун травма. Уларнинг ҳаёлидаги олам қулаяпти, ота-она, оила тарқаляпти, ота ва она кетяпти... Бошқа томондан, одатда бундай вазиятдан ўтган болалар ўзини келажакда тез топиб кетади, чунки бу қийинчиликларни бошидан кечирган, бундай ҳолатга тушган одамларни, болаларни яхши тушунади. Айнан шундай дардни юрагида сақлаб қолган болалардан келажакда ота-она ва бола муаммосини яхши тушунадиган мутахассис етишиб чиқади. Чунки улар бу кечинмаларни ўзларидан ўтказган.

Баҳора ва унинг укаси билан боғлиқ воқеа тезда жамоатчилик назарига тушди. Қисқа муддат ичида интернетда танилган Баҳоранинг оиласига кўпчилик ёрдам қўлини чўзишга шошилди.

Баҳора эса онасининг қайтиб келишидан умидини ўзгани йўқ.

- Мен “Онажоним, олдимга келинг, отам билан ярашиб олинг”, деган бўлардим. Отам мен учун онамни кечирмоқчи. Ахир, онам мени туғиб катта қилди, ўзи емай ичирди..."

XS
SM
MD
LG