БМТ: Украинадаги уруш пайтида тинч аҳоли орасидан 14 мингдан ортиқ одам қурбон бўлган
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украинадаги уруш пайтида тинч аҳоли орасидан 14 мингдан ортиқ одам қурбон бўлгани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлашга муваффақ бўлди.
Бу ҳақда БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг миссияси раҳбари Матильда Богнер маълум қилди.
Богнер хонимнинг таъкидича, бугунги кунга қадар 14 059 нафар тинч аҳоли қурбонлари тасдиқланган.
БМТ шу пайтгача уруш оқибатида 5 767 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани, 8 292 нафари яралангани, лекин ҳақиқий рақамлар бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтиб келаётганди.
24 феврал куни бизнинг миссиямиз камида 416 киши Россия Федерацияси томонидан босиб олинган ёки ўша пайтда Россия Қуролли Кучлари ва унга алоқадор қуролли гуруҳлар назорати остидаги ҳудудларда ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ва зўрлик билан ғойиб бўлиш қурбони бўлганини тасдиқлади. Улардан 16 нафари ўлик ҳолда топилди, 166 киши қўйиб юборилди , деди Матильда Богнер.
Остин: Украинага АҚШ ёрдами қанча вақт лозим бўлса шунча давом этади
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Прагада Украинанинг Россия босқинига қарши курашини қўллаб-қувватлаш “қанча вақт лозим бўлса шунча давом этади”, деди.
“Украина халқи ўзини Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун қаҳрамонларча курашмоқда. Улар ҳақли равишда эркинликда яшашни, ўз келажагини шакллантиришни истайди, шунга интилмоқда. Биз ҳозир Херсонда, Харьковда муваффақиятни кўряпмиз ва бу бизни умидлантирмоқда”.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин президент Жо Байден Украинага қўшимча 2,7 миллиард долларлик ёрдам, шундан 675 миллиони қурол-яроғ берилиши ҳақидаги фармонни имзолаганини ҳам маълум қилди.
Икки кун аввал Украинага борган АҚШ Давлат Котиби Энтони Блинкен мамлакатининг Украинага Россия босқини бошланганидан буён кўрсатган ҳарбий кўмаги 10 миллиард доллардан ортганини билдирган.
Купянск озод этилди, Россия қўшини Изюмдан ҳам чекнмоқда
Украина қуролли кучлари сўнгги бир ҳафтада қарши ҳужумларни кучайтириб, мамлакат шарқидаги ўттиздан ортиқ аҳоли пунктини Россия қўшинларидан қайтариб олишга муваффақ бўлган.
Жумладан , украин ҳарбийлари шанба куни Харьков вилоятининг учинчи йирик шаҳри Купянск озод этилганини эълон қилди.
Айни пайтда Россия қўшини Изюмдан ҳам чекинаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда озод этилган ҳудудларда украиналик аскарларни маҳаллий аҳоли ҳурсандчилик билан кутиб олиши, маъмурий бинолар устида Украина байроғи кўтарилгани акс этган.
Ҳарбий экспертларга кўра, Украинанинг қарши ҳужумлари Россияни заифлашган позицияларини мустаҳкамлашга мажбур қилмоқда ва бу холат минтақадаги кучлар мувозанатини ўзгартириши мумкин.
Украина Қуролли Кучлари полковниги Владислав Селезнев фронтдаги вазият ҳақида “Current time” мухбирига сўзлаб берди.
“Рус тарғиботчилари шок ҳолатида. Бунга Украина мудофаа кучларининг муваффақиятли ҳаракатлари сабаб бўлмоқда. Бунгача руслар кунига катта уринишлар билан Россия-Украина фронтининг энг фаол бўлимларида юз, эҳтимол минг метр олдинга силжишган. Ва кейин рус жангчилари шунчалик тез, тумтарақай қочишдики, қисқа вақт ичида Украина мудофаа кучлари 50 километр кенгликдаги фронтда камида 50 километр олдинга силжишди. Украиналикларнинг аниқ ва истилочилар учун жуда оғриқли зарбаларидан қочиб ортга чекинмоқда”. .
Урушни ўрганиш бўйича Америка институти маълумотларига кўра, сўнгги кунларда Украина қуролли кучлари Харьков вилоятидаги 400 квадрат километр ҳудудни назоратга олган. Бош штаб ишғол қилинган ҳудуднинг умумий ҳажмини 700 квадрат километрга баҳолади.
Украина президенти Владимир Зеленский ўз мамлакати қўшинлари Россияга қарши ҳужум доирасида Харьков вилоятидаги 30дан ортиқ аҳоли пунктини озод қилганини айтди.
Видеомурожаатида у, шунингдек, украин кучлари бир қанча ҳудудларда фаол операцияларни муваффақиятли давом эттираётганини ҳам таъкидлади.
"Ҳозирда Украина Қуролли Кучлари Харьков вилоятидаги 30 дан ортиқ аҳоли пунктларини озод қилиб, назоратига олди. Вилоятнинг айрим қишлоқларида ҳудудни текшириш ва хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилмоқда, биз босқичма-босқич янги аҳоли пунктларини назоратга олмоқдамиз - Ҳамма жойда биз Украина байроғини қайта тикамиз".
Украина хавфсизлик хизмати Украина қўшинлари Харьов вилоятининг учинчи йирик шаҳри Купянскга кирганини тасдиқлади.
Купянск Россия кучларининг Изюм вилоятидаги гуруҳланишини таъминлашда муҳим нуқта ҳисобланади.
Бу шаҳарнинг йўқолиши, кўпчилик таъкидлаганидек, бу кучларнинг таъминотини мураккаблаштиради.
Рус қўшинлари Изюмни ҳам тарк этган. Бу ҳақда россияпараст телеграм каналлари ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда. Баъзи каналлар шаҳар таслим бўлганини ёзмоқда.
Бу каналларнинг хабарларига кўра, Украина қуролли кучлари шаҳарга кириб бормоқда. Айримлар Украина қўшинлари аллақачон Изюм марказида бўлганини хабар қилмоқда.
Украина Давлат Тергов Бюроси Россия озод қилинган Балаклияда “филтрлаш” амалиёти бошланганини эълон қилди.
Тадбирлардан мақсад россияликлар ва уларнинг шерикларининг қўпорувчилик фаолиятини олдини олиш, экани айтилмоқда.
Бюро ходимлари бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда вақтинча босиб олиш пайтида рус босқинчилари билан ҳамкорлик қилган шахслар ҳақидаги маълумотларни ўрганмоқда, — дейилади Украина Давлат Тергов Бюроси хабарида.
Украинада жанг қилган икки ўзбекистонлик асирга олинди
Украинада Россия тарафида жанг қилган ўзбекистонликларнинг асирга олингани ва сўроқ қилиниши акс этган видео 10 сентябрь куни тармоқларда тарқалди.
Видео остига жойланган хабарда воқеа Украинанинг 25инчи ҳаво-десант бригадаси ҳарбийлари Харьков вилоятининг Балаклия шаҳри остонасида рус қўшинларини ёриб ўтиш пайти рўй бергани айтилади.
Қўлга олинган асирлар Ўзбекистондан эканликлари, ҳусусий ҳарбий бўлим таркибида минамётчи сифатида жанг қилганликларини айтишади.
Сўроқ қилинаётганлардан бири Ўзбекистоннинг Самарқанд вилоятидан эканини қўшимча қилади.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз фуқароларини бу мамлакатдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан тийилишга чақирган.
Элчихона ўзбекистонликларни бу каби ҳаракат учун ватанларида жиноий жавобгарлик кутиши ҳақида огоҳлантирган.
Форум