Россия учоқларини Қримдан кўчирмоқда
Украина разведкаси маълумотига кўра, босиб олинган Қримдаги Россия ҳарбий объектлари, хусусан Саки аэродромида яқинда юз берган портлашлардан сўнг Россия қўмондонлиги учоқ ва вертолётларни яриморол ичкарисига, шунингдек Россиянинг ўз ҳудудидаги базаларга кўчиришни бошлаган.
Разведка камида 24 та учоқ ҳамда 14 та вертолёт бошқа базага ўтказилганини қайд этган. Улар фронтдан анча узоқда жойлашган Севастополь, Краснодар, Кушчевск аэродромларига йўллангани айтилмоқда.
Сўнгги кунларда Қримдаги қатор ҳарбийобъектларда портлашлар рўй берди. Россия қўмондонлиги айрим ҳолларда украин қўпорувчиларини айблаган бўлса, айрим портлашларни тасодифий омиллар билан изоҳлади.
БМТ бош котиби Зеленский ва Эрдўғон билан музокара қилиш учун Львовга келди
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш 18 август, пайшанба куни Украина ва Туркия президентлари Владимир Зеленский ҳамда Ражаб Эрдўғон билан учрашади. Учрашувда Запорожье атом электр станцияси билан боғлиқ вазият ҳамда украин ҳарбий асирлари сақланган Еленовка қамоқхонасининг ўққа тутилиши бўйича тергов масалалари муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Гутерриш 19 август куни Одессада бўлади, эртасига эса “ғалла битими” доирасида ташкил қилинган Қўшма мувофиқлаштириш маркази фаолияти билан танишиш учун Истанбулга жўнаб кетади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари: Россия ҳибсхоналарида маҳбусларни аскарликка ёллаш давом этмоқда
Россия тергов ҳибсхоналарида гумонланувчи ва айбланувчиларни Украинага урушга юбориш учун ёллаш давом этяпти. Ёлланганларнинг жиноят ишларини юритиш тўхтатиб турилмоқда, дея маълум қилди ҳуқуқбон ва “Рус сидяшая” фонди асосчиси Ольга Романова. Унинг айтишича, Москва вилоятидаги бир неча ҳибсхонада шунақа ҳолатлар бўлгани ҳақида унда аниқ маълумот бор.
Gulagu.net лойиҳаси асосчиси Владимир Осечкин мазкур амалиёт мавжудлигини тасдиқлади. Унга кўра, лойиҳанинг доимий алоқа каналига Москва шаҳри ва вилояти, Санкт-Петербург, Рязань, Тверь ва Брянскдан шу мазмундаги маълумотлар келган.
Британия разведкаси: Россия армияси танклари кўп ҳолларда динамик зирҳсиз жанг қилмоқда
Россия Украинада асосий жанговар танкларини жуда кўп талафот бераётгани сабаби рус ҳарбийлари динамик ҳимоя қатламини ўрнатиш ва ундан тўғри фойдаланишни билмаслиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин, чунки ҳарбийлар ҳимоя қатламига бепарволик билан қарашади, дейилади Британия разведкаси ҳисоботида.
Экспертлар Россия армияси генераллари танклар жангги борасида ҳануз ўтган аср ўрталарига мансуб эскича тасаввурлар билан юрганини, XXI аср техник янгиликларидан жирканишини ва ўз аскарларининг ҳаётини сариқ чақачалик қадрламаслигини тахмин қиладилар. Ҳисоботда айтилишича, бу 1994 йилги Биринчи чечен уруши давридаёқ маълум бўлган.
Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга чақирув асосида тайёрланган оддий танкистларда динамик зирҳни ўрнатиш ва уни жанговар ҳолатда сақлаш учун зарур билим етишмайди, улар кўп ҳолларда зирҳ блокларини бир-бирига яхши кийдирмайдилар ёки умуман динамик зирҳсиз жанг қиладилар.
Форум