Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2025, Тошкент вақти: 19:54

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

20:43 9.9.2022

АҚШ генерали: Украиналиклар биз тақдим этган қуроллардан унумли фойдаланишмоқда

Украина АҚШ томонидан тақдим этилган ҲИМАРС ракета тизими билан юзлаб рус армияси нишонларига зарба бермоқда, деди АҚШ генерали Марк Милли:

"Украиналиклар биз тақдим этган қуроллардан унумли фойдаланишмоқда ва бунинг таъсирини жанг майдонида кўриб турибмиз. Фақатгина ҲИМАРС билан эмас, бошқа қуролларни ҳам айтиб ўтиш мумкин. Украина Россиянинг таъминот линиялари, ўқ-дори омборлари ва қўмондонлик-назорат пунктларига катта талафот етказди”.

Германияда йиғилган иттифоқчи мамлакатлар мудофаа вазирлари Киевни кейинги қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилди.

АҚШ президенти Жо Байден Украинага қўшимча 675 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини тасдиқлади.

Ёрдам пакети ўқ-дорилар ва танкка қарши тизимларни ўз ичига олади. Россия Украинага бостириб кирганидан бери Вашингтон Киевга 10 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатди.

17:20 10.9.2022

БМТ: "Қора денгиз дон ташаббуси" бўйича дастлабки натижаларга эришилди

БМТ Бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украина инқирози шароитида Қора денгиз дон ташаббусини амалга оширишда дастлабки натижаларга эришганини билдирди.

Россия ва Украина июль ойида БМТ шафелигида Туркия билан Қора денгиз дон ташаббусини имзолаган бўлиб, Украина ғалла, озиқ-овқат ва ўғит экспортини қайта тиклаш ҳамда Россия озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитларининг жаҳон бозорларига чиқишини осонлаштириш учун хавфсиз денгиз гуманитар коридорини яратган эди.

Шартнома муддати 120 кунни ташкил этади ва уни узайтириш учун барча томонлар келишиб олишлари керак.

Шу билан бирга, Россия ва БМТ ўртасида Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорига экспорт қилишни рағбатлантириш бўйича англашув меморандуми ҳам имзоланди.

Дюжаррик, дон кемаларининг аксарияти тижорат келишувларини амалга ошираётгани, уларнинг бир қисми украиналик етказиб берувчилар билан имзолангани ва шунинг учун БМТ юк ташишга аралашиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтди.

Бу ташаббус аллақачон глобал озиқ-овқат нархларини сезиларли даражада пасайтирди.

"Муҳими шундаки, биз ҳозир жаҳон бозорига уруш бошидагидан кўра кўпроқ дон кетаётганини кўряпмиз. Бу глобал миқёсда нархларнинг бир қисмини туширишга ёрдам берди ".

Бундан ташқари, Дюжаррик БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури орқали Эфиопия ва Яманга озиқ-овқат ташиш учун иккита гуманитар дон кемасини ижарага олганини ва яқин кунларда учинчи гуманитар дон кемаси ижарага олинишини таъкидлади.

17:24 10.9.2022

Босния-Герцеговина футбол жамоаси Россия билан ўртоқлик ўйини ўтказиш режаси учун танқидга қолди

Босния-Герцеговина миллий футбол терма жамоаси ноябрь ойида Россияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказиш режаси учун танқидга учради. Мамлакат футбол ассоциацияси ўйин 19 ноябрь куни Санкт-Петербургда, Қатарда жаҳон чемпионати бошланишига бир кун қолганда бўлишини билдирди.

Москванинг Украинага бостириб кириши сабабли Россия терма жамоаси футбол бўйича жаҳон чемпионатидан четлаштирилди. Босния саралашдан ўта олмади.

Босния-Герсеговина футбол ассоциацияси вице-президенти Ирфан Дуричнинг айтишича, ўртоқлик учрашувини белгилаш қарори Босния учун яхши қарор эмас.

Дуричнинг Озодликка айтишича, ассоциация Россия ва бошқа давлатдан сўров олган ва у сўров бўйича Европа футбол бошқарув органи УЕФАга мурожаат қилган.

Босния президентининг маслаҳатчиси Звжездан Мисимовичнинг айтишича, ўртоқлик ўйинини ўтказиш таклифи Россиядан келган ва УЕФА ҳам, ФИФА ҳам ўйинни ўтказмаслик учун сабаб топмаган. Спортчилар сиёсатга аралашмаслиги керак, дея қўшимча қилди у.

Жамоанинг ҳозирги ўйинчиларидан бири, ярим ҳимоячи Миралем Пянич ва Сараево мери билан биргаликда бу қарорни танқид қилди.

“Ювентус” ва “Барселона”нинг 32 ёшли собиқ футболчиси 2008 йилдаги дебютидан буён 107 марта миллий жамоа таркибида майдонга тушди. Ҳозирда у Бирлашган Араб Амирликларининг “Шаржа” клубида тўп суради.

Сараево мери 1992-95 йиллардаги Босния уруши зўравонликлари ва унинг шаҳрига таъсирини эслатиб, қарорга салбий муносабат билдирди.

Агар қарор ўзгартирилмаса, шаҳар ассоциация билан ҳамкорликни тўхтатади, дея баёнот берди.

17:28 10.9.2022

Зеленский "Байрақтар" дронлари ишлаб чиқарувчи турк ширкати раҳбарини орден билан тақдирлади

Украина президенти Владимир Зеленский Туркиянинг “Байрақтар” дорнларини ишлаб чиқарувчи “Баиқар” компанияси бош директори Халуқ Байрақтар билан учрашди ва уни 1-даражали Давлат хизматлари учун ордени билан тақдирлади.

“Баиқар”, Қуролли Кучлар томонидан фаол фойдаланиладиган Байрақтар учувчисиз бошқариладиган учоқлар ишлаб чиқаради.

Украина президенти Зеленский Туркиянинг “Баиқар” компанияси бош директори Ҳалуқ Байрақтар билан учрашувнинг бош мавзуси Украина армиясининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш учун ҳамкорликни давом эттириш бўлганини айтди.

Учрашув давомида Украинада "Баиқар" заводини қуриш ва украина компонентларидан фойдаланган ҳолда янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

"Байрақтар" дронлари Россия ва Украина ўртасидаги урушда Украина мудофаасининг ўзига хос рамзига айланди.

Ўтган ҳафта Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний иккита “Байрақтар” дорнлари ёрдамида уч кунда Россиянинг 25 миллион долларлик ҳарбий техникаси яксон этилгани ҳақда баёнот берганди.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG