Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2025, Тошкент вақти: 13:49

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

20:40 7.9.2022

Режиссёр Манский қидирувга берилди

Ҳужжатли филмлар режиссёри ва Артдоcфест кинофестивалининг президенти Виталий Манскийга кинорежиссёр Никита Михалков шикоят аризаси билан «туҳмат» моддаси асосида жиноий иш қўзғатилди.

Бу ишда гувоҳ сифатида қатнашаётган Ксения Собчак бу ҳақда ўз блогида ма’лум қилди. Унинг сўзларига кўра, аризачи Михалков полицияга мурожаат қилиб, Манскийнинг Ютубдаги "Осторожно: Собчак” шоусига шу йил май ойида берган интервюсидаги гапларини туҳмат деб атаган. Кўрсатувда Манский Михалков президенлик қилган Москва халқаро кинофестивалида “бюджетнинг камида 85 фоизи ўғирлангани"ни иддао қилганди.

"Фестивал раҳбари сифатида мен бу фестивал қанча туришини аниқ ҳисоблаб бера оламан. Бу эса, энг яхши ҳолатда, давлатдан тўғридан-тўғри оладиган маблағнинг 15 фоизини ташкил қилади. Мен бу масала бўйича судда ўз ишимни ҳимоя қилишга тайёрман", - деди у.

Ўзинг танқидий чиқишлари учун Россияни тарк этган ва Украинага қарши очилган урушни кескин қоралаган Манскийга икки йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин. Россия Ички ишлар вазирлиги Манскийни қидирувга берди. Ҳозирда Ригада яшаётган Виталий Манский Украинанинг Львов шаҳрида туғилган.

20:44 7.9.2022

Венгрия Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан олиб ташлашни сўради

Венгрия Европа Иттифоқидан уч нафар россиялик тадбиркор – Алишер Усмонов, Пётр Авен ва Виктор Рашниковни Европа Иттифоқининг санксиялар рўйхатидан олиб ташлашни сўради, деб ёзади Политиcо газетаси номини ошкор этилмаган европалик дипломатлар ва расмийларга таяниб.

Нашрнинг аниқлик киритишича, ЕИ 15 сентябргача Украинада махсус операция бошланганидан бери санксиялар жорий этилган шахсларга нисбатан ўз чораларини қайта киритиши керак, акс ҳолда улар ўз кучини йўқотади.

“Будапешт уч нафар Россия фуқаросини Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатидан олиб ташлашни сўради. Бу ҳаракат Венгрия раҳбари Виктор Орбаннинг шу йил бошида Европа Иттифоқининг нефт тақиқини қандай тўхтатгани ҳақида аччиқ хотираларга эга бўлган бошқа Европа Иттифоқи давлатларини ғазаблантирди", деб ёзди Politico .

Венгрия, шунингдек, Европа Иттифоқидан инсонпарварлик ёрдами учун имтиёзларни кенгайтиришни сўради.

Июл ойида The Wall Street Journal нашри тўрт россиялик ишбилармон ЕИнинг уларга қарши санксияларини суд орқали эътироз билдиришга уринаётгани ҳақида хабар берган эди. Украинага тажовузини давом эттираётган Путинга яқинлиги айтилаётган Роман Абрамович, Пётр Авен, Алишер Усмонов ва Михаил Фридманларнинг таъкидлашича, Брюссел жорий этилган санксиялар билан "уларнинг ҳуқуқларини поймол қилмоқда".

20:48 7.9.2022

"Балаклеяда Росгвардиянинг Самара ва Бошқирдистон спецнази бирлашган отрядлари қуршаб олинган!"

Охирги ҳафтада қатор манбалар Украина Қуролли Кучлари Россияга қарши фронтнинг қатор участкалари ҳужумга ўтганини тасдиқламоқда. Жумладан, Украинадаги урушни ёритувчи россияпараст телеграм каналлари Харков вилоятининг Балаклея шаҳрида рус қўшинлари қуршаб олингани ҳақида хабар бермоқда. Украина армияси минтақада қарши ҳужумни амалга оширмоқда. Шаҳар остида жойлашган Украинанинг энг йирик ҳарбий омборлари озод қилингани ҳақида хабар берилган.

Украина армияси 6 сентябр, сешанба куни эрталаб Балаклея вилоятидаги Изюм яқинида Россия қўшинлари гуруҳининг қанотига ҳужум қилди.

7 сентябр куни эрталаб россиялик ҳарбий журналист Юрий Котенок Балаклеяда Росгвардиясининг Самара ва Бошқирдистон спецназининг бирлашган отрядлари қуршаб олингани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, улар билан алоқа узилган. Урушни ёритувчи аноним "Олдер Эдда" канали ҳам шаҳарнинг тезкор қуршаб олингани ҳақида хабар бермоқда.

Март ойида рус қўшинлари томонидан қўлга олинган Балаклея чеккасида Украина Қуролли Кучлари Марказий ракета ва артиллерия бошқармасининг ўқ-дориларни сақлаш учун энг йирик базаси жойлашган. Россияпараст каналлар катта рус арсенали жойлашган Балаклея яқинидаги Вербовка қишлоғи Украина қўшинлари томонидан озод қилингани ҳақида хабар бермоқда. Бу маълумотни Америка урушни ўрганиш тадқиқот институти тасдиқлаган.

Високополе узра Украина байроғи кўтарилгани акс этган сурат эълон қилинди. Украина ҳукумати ва армияси Харков вилоятидаги ҳужум ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаяпти. Август ойи охирида Херсонга ҳужум муваффақиятсиз бошланганидан кейин Украина Бош штаби журналистларга ҳарбийларнинг ҳаракатлари ҳақида хабар бермасликни тавсия қилди.

Сешанба куни Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат жанубидаги ҳарбий амалиётни изоҳлар экан, армия нафақат мамлакат жанубида, балки бошқа йўналишларда ҳам қарши ҳужумга ўтганини тасдиқлади.

15:00 8.9.2022

Зеленский: Келгуси йилда мудофаа соҳасига 27 миллиард доллар ажратилади

7 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский келаси йил мамлакат бюджетидан мудофаа ва хавфсизлик харажатларига триллион гривнадан (27,07 миллиард доллар) кўпроқ маблағ ажратилишини айтди.

«Мен Вазирлар маҳкамаси раҳбари, молия вазири ва президентнинг махсус ўринбосари билан келаси йилнинг бюджети лойиҳаси бўйича учрашув ўтказдим. Бу уруш олиб бораётган мамлакат бюджети бўлиши аниқ. Расмийлар лойиҳа параметрларини тақдим этишади, лекин мен ҳозир унинг баъзи муҳим сиёсий жиҳатларини айтиб ўтаман. Биринчиси, кейинги йил хавфсизлик ва мудофаа соҳаларига 3 триллион гривнадан ошиқ маблағ ажратилади».

Зеленский ўз видеомурожаатида, шунингдек, пенсия тўловлари каби ҳукуматнинг ижтимоий мажбуриятлари ҳам тўлиқ қопланиши кераклигини айтди.

Президент муҳим бўлмаган харажатларни имкон қадар камайтириш кераклигини қўшимча қилди.

Зеленский Киев шарқидаги Харьков вилоятидан «яхши хабарлар» келаётгани, хусусан, айрим аҳоли пунктлари Россия кучларидан қайтариб олинганини таъкидлади.

Бундан ташқари, президент Украина жанубида Москва кучларига қарши муваффақиятли зарбалар учун Украина артиллерия қўшинларига миннатдорчилик билдирди.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG