Россия армияси Харков марказини яна ўққа тутди
“Харковда портлашлар бўляпти. Панажойда қолинг”, деб ёзди телеграм-каналида вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.
Унинг айтишича, 6 сентябрь тонгидаги ҳужум оқибатида шаҳар марказида кўп қаватли турар-жой биноси вайрон бўлган. Жабрланганларга доир маълумотлар ҳали аниқлаштирилмоқда, шифохонага ётқизилганлар йўқ. Портлаш юз берган жойларда қутқарувчилар ишлаяпти.
Аввалроқ Харков мэри Игорь Терехов тунги ҳужумлар ҳақида маълум қилган эди. Унга кўра, зарбалардан сўнг вайроналар тагидан бир аёл жасади топилган.
Россиялик журналист мамлакатни тарк этди
Россиялик журналист, The New Times журнали бош муҳаррири Евгения Альбац мамлакатни тарк этди. Ўзи айтишича, энди у Нью-Йорк университетида дарс беради
“Кетиш таклифини ахийри қабул қилдим. Сабабини айтайми? Мени тўрт марта маъмурий жавобгарликка тортишди, “хорижий агент” деб эълон қилишди. Яна тахминан уч-тўрт ҳафтадан сўнг қамоққа олишларини тушундим”, дейди Альбац.
Журналист Россиядан кўчиб кетиш масаласини қаттиқ тартибли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Алексей Навальний билан муҳокама қилганини, мухолифатчи “Женя, тентаклик қилманг, кетиш керак. Қамоққа тушишингиздан ҳеч кимга фойда йўқ”, дея маслаҳат берганини айтди.
Россия Шимолий Кореядан миллионлаб артиллерия снарядлари ва ракеталар сотиб олади
Бу ҳақда АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб The New York Times хабар қилмоқда. Нашрда ёзилишича, ушбу маълумот Россия Эрондан жанговар дронларнинг биринчи партиясини харид қилганидан сўнг ўртага чиққан. АҚШ мулозимларига кўра, бу Ғарб санкциялари туфайли Россиянинг таъминот йўллари заифлашаётганини кўрсатади.
The New York Times очиқланган маълумотларда қуролларнинг таркиби, ўлчамлари ва жўнатилган санаси келтирилмаганини қайд этган. Бироқ АҚШ расмий вакили Москва КХДРдан яқин масофага учадиган ракеталар ва артиллерия снарядларидан ташқари қўшимча асбоб-анжом ҳам сотиб олмоқчи эканини билдирди.
Муаммо шундаки, АҚШ билан ЕИ Россиянинг Эрон ва КХДРдан қурол-аслаҳа сотиб олишига ҳеч бир тариқа қаршилик қила олмайди. Бу мамлакатлар на АҚШ санкцияларидан, на халқаро санкциялардан қўрқади, шу боис улар Москва билан олди-берди қилишдан умуман зарар кўрмайди. Шимолий Кореядан қурол сотиб олиш айни чоғда БМТ резолюцияларига ҳам зид ҳисобланади.
Россия армияси ҳарбий техникаларини боғча ва ибодатхоналарга жойлаштирмоқда
Бу ҳақда Украина ҚК Бош штаби ҳисоботида маълум қилинди.
“Душман шахсий таркиб ва ҳарбий техникаларини болалар боғчаларига, ибодатхоналарга жойлаштирмоқда. Харков вилоятининг Кичик Камишеваха шаҳридаги Муқаддас учлик черковини эса дала госпиталига айлантирган”, дейилади ҳисоботда.
Ҳисоботда фронтдан олинган сўнгги хабарлар ҳам келтирилган. Украина ҚК Бош штабига кўра, сўнгги суткаларда Россия қўшинлари Украина шаҳар ва қишлоқларига 3 та ракета ва 35 дан ортиқ авиация зарбалари йўллаган, шунингдек ялпи ўт очиш реактив тизимларидан қарийб 50 марта ўққа тутган.
Форум