Германияда 2 мингга яқин русийзабон намойишга чиқди
Кеча 4 сентябрь куни Ғарбий Кёлн шаҳрида асосан русийзабон бўлган 2000 га яқин намойишчилар Германиядан Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва Москвага киритилган санкцияларни бекор қилишни талаб қилиб, намойишга чиқди.
Шаҳардаги русийзабон диаспора гуруҳлари томонидан уюштирилган митингни Украинани қўллаб-қувватлаш учун Кёлндаги готика собори ёнида йиғилган бир неча ўнлаб қарши намойишчилар кутиб олди.
Германияда 3 миллионга яқин рус миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади, уларнинг кўпчилиги Россия телевидениеси орқали Kремлнинг дунё ҳақидаги чўпчакларини кузатиб боради.
Германияда рус жамияти жуда кўпчиликни ташкил қилсада, уруш бошланганидан бери Путинни қўллаб-қувватловчи митинглар нисбатан кам бўлди.
Митинг ташкилотчилари Донбасс вилоятидаги Россия томонидан қўллаб-қувватланган айирмачилар учун хайрия йиққан.
Бир немис новвойи газ нархининг ошгани уни йил охиригача ишсиз қолдиришини айтиб, Германияни “Шимолий оқим 2” қувурини очишдан бош тортганликда айблади.
Берлин Москва ҳеч қандай чекловга дуч келмасада, газ жўнатишдан бош тортаётганини айтган.
“Мен лаънати Бербок хоним истеъфога чиқишини истайман. У қасамёдини бузди. Парламентда немис аҳолиси билан бўлишга, немис халқига хизмат қилишга қасамёд қилган сиёсатчи эндиликда “куз ва қишда қанча одам кўчага чиқмасин, мен Украина билан биргаман”, деди. У Украинага бориб Украина халқига хизмат қилиши мумкин. Бизга эса Германияда ўз фуқароларини ҳимоя қиладиган сиёсатчилар керак”, деди намойишчилардан бири Ёвича Ёвич.
Украина омбудсмани: Россияга 7 минг украин боласи ноқонуний олиб чиқилди
Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец “Америка овози” радиосининг украин хизматига берган интервьюсида Россияга 7 минг украин боласи ноқонуний олиб чиқиб кетилгани тўғрисида маълум қилди.
“Россия болаларимизни қайтармаслик учун барча имкониятларни ишга солмоқда ва бола асраб олиш тўғрисидаги қонунчиликни ҳам соддалаштирди. Бу халқаро ҳуқуқнинг бузилишидир ҳамда Россия Федерацияси украин миллатини геноцид қилаётганига яққол далилдир, негаки бир миллатга мансуб гуруҳни мажбурий кўчириш геноциднинг белгисидир”, - деди Лубинец.
Унга кўра, Украина россиялик волонтёрлар билан ҳамкорликда олиб чиқиб кетилган 51 болани ватанига қайтаришга муваффақ бўлган.
ISW: Россия армияси ҳафтасига 1 километрдан илгариламоқда
Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) фронтдан олинган сўнгги маълумотларга таяниб, украин армияси Херсон вилоятининг ғарбий қисмидаги бир неча йўналишда илгарилаётгани, шунингдек Донецк вилоятида, Северский Донец дарёсининг нариги соҳилида бир қанча ҳудудни эгаллагани ҳақида ёзди.
Экспертлар қарши ҳужум суръати кескин ўзгариши мумкинлигини таъкидлашган.
Айтилишича, бу Украинанинг ҳаракатлари Россия ҳарбийларини таъминотдан айиришга, бошқарувни издан чиқаришга ва жанговар руҳни сусайтиришга қаратилгани билан боғлиқ.
Айни чоғда ISW “вақти-вақти билан Россия ҳарбийлари қарши ҳужумга ўтиб, йўқотган позицияларини жанг билан қайтариб олиши мумкин”, деб ҳисоблайди.
Бундан ташқари, экспертлар озод этилган аҳоли масканлари Россия армиясининг қақшатқич артиллерия ва авиаҳужумларига тутилишини кутаётганларини қайд этишган.
Британия ҳарбий разведкаси ҳам ўхшаш мазмунда хулоса берди. Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг сўнгги ҳисоботида Украинанинг қарши ҳужумини қайтариш заруратига қарамай, Россия Украинадаги асосий кучларини катта эҳтимол билан, Донбассдаги ҳужумларга йўналтириши ҳақида сўз боради.
Ҳозирда Россия қўшинларининг асосий ҳужум йўналишлари Авдеевка (Донецк остонасида) ҳамда Бахмут (шимолга томон 60 км масофада) саналади.
Россия ҳарбийлари фронтнинг худди шу қисмида кўпроқ муваффақият қозонишган. Бироқ РФ армияси ҳафтасига 1 километр тезликда олға силжимоқда.
Россия армияси ҳужуми оқибатида 3 нафар тинч фуқаро ўлди
Россия армияси ҳужумлари оқибатида сўнгги суткаларда Донецк вилоятида уч нафар тинч фуқаро ўлди.
Бу ҳақда маҳаллий маъмурият раҳбари Павел Кириленко телеграмда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, марҳумлардан икки нафари Курахово шаҳридан, бири эса Соледардан. Яна уч киши яралангани айтилмоқда.
Николаев ҳарбий маъмурияти бошлиғи Виталий Ким ҳам шаҳар ўққа тутилганини билдирди.
“5 сентябрь тунги соат 00:30 ларда Николаев шаҳрига ракеталар билан ҳужум қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, бу С-300 русумли ракеталар. Улар шаҳар чеккасидаги саноат корхоналарига тушди. Қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот тушганича йўқ”, деб ёзди у телеграмда.
Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченкога кўра, ўтган кечаси Никополь туманига қарата оғир артиллериядан икки марта ўт очилган. Бир неча бино ва электр узатиш линиялари шикастланган, аммо одамларга зиён етмаган.
Уруш шароитида томонлар бераётган бу маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.
Форум