Омбудсмен: Россияга 7 минг украин боласи ноқонуний олиб чиқиб кетилган
Украина омбудсмени Дмитрий Лубинец “Америка овози” радиосининг украин хизматига берган интервьюсида Россияга 7 минг украин боласи ноқонуний олиб чиқиб кетилгани тўғрисида маълум қилди.
“Россия болаларимизни қайтармаслик учун барча имкониятларни ишга солмоқда ва бола асраб олиш тўғрисидаги қонунчиликни ҳам соддалаштирди. Бу халқаро ҳуқуқнинг бузилишидир ҳамда Россия Федерацияси украин миллатини геноцид қилаётганига яққол далилдир, негаки бир миллатга мансуб гуруҳни мажбурий кўчириш геноциднинг белгисидир”,-деди Лубинец.
Унга кўра, Украина россиялик волонтёрлар билан ҳамкорликда олиб чиқиб кетилган 51 болани ватанига қайтаришга муваффақ бўлган.
Алангадан қутқарилган мушук боласи
Харковда ракета ҳужуми оқибатида ресторан ва меҳмонхона мажмуаси ёниб кетганидан сўнг, ўт ўчирувчилар ёнаётган бино ичидан бир мушукни қутқариб олди.
Фавқулодда вазиятлар хизмати томонидан эълон қилинган видеода мушук боласи аланга ичидан қандай олиб чиқилгани акс этган.
Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, тахминан 2200 квадрат метр майдонни қамраб олган ёнғинни ўчиришга 50 дан ортиқ ўт ўчирувчи жалб қилинган.
Рейтерс агентлиги Харковдаги ёнғин акс этган видеонинг жойлашуви сунъий йўлдош тасвирларига мос келишини тасдиқлаган, бироқ видео санасини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Украинада уруш бошланганидан бери, аҳоли эвакуация қилинган ҳудудларда минглаб уй ҳайвони нобуд бўлди, минглаб ҳайвон кўчада қолди. Уруш бошидан бери ҳарбийлар ва кўнгиллилар уй ҳайвонларини кутақармоқда. Минглаб мушук ва ит қўшни давлатларга ёки мамлакатнинг бошқа тинч нуқталарига кўчирилди.
Россияга қарши 6 минг дрон урушмоқда
Украин ҳарбийлари Россияга қарши урушда қарийб 6 мингта дрондан фойдаланишмоқда. Улар дрон инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бераётганини айтишади.
Ҳарбийлар ўзиучар аппаратлар танкларга қарши курашда ҳам қўл келаётганини урғулашмоқда. Украина ўз дрон моделларини ишлаб чиқишни аллақачон бошлаган, мамлакатда пилотлар тайёрланадиган 20 га яқин мактаб фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирда Украинада ҳар бир бўлинмани дронлар ва икки нафар пилот билан таъминлаш режаланяпти.
“Дронлар – бу келажак, жумладан, урушларнинг ҳам келажаги. Биз россияликлар каби ёввойи эмасмиз. Биз ва умуман бутун маданий дунё учун энг қийматли нарса – одамлар ҳаётидир. Биз одамларимизни мумкин қадар эҳтиётлаймиз. Дронни дастаси узун чўқморга ўхшатаман: бехатар жойда туриб, у билан йироқдаги душманингиз бошини мажақлайсиз.
Битта танк пулига тахминан мингта дрон олиб, улар ёрдамида 200-300 та танкни йўқ қиляпмиз. Арзон, самарадор қурол, йўқотсангиз кўп ачинмайсиз. Ҳар бир одамимизнинг жони бизга азиз. Уларни асрашимиз керак. Тўқнашувдан энг кам талафот билан чиқиш учну ҳар турли чораларни қўллайман. Ахир уй вайрон бўлса – қурамиз, танк керак бўлса – ясаймиз, лекин янги одамларни қаердан топамиз?” дейди аскарлардан бири.
Украина Россияда асир бўлган қарийб 600 кишини қайтарди
Бу ҳақда “Эспрессо” телеканали ёйинида Миллий ахборот шуъбаси бошлиғи Александр Смирнов маълум қилди. Унга кўра, озод этилганлардан 100 нафари фуқаровий шахслар бўлиб, улар мутлақо асирга олинмаслиги керак эди. Қолган барча – ҳарбийлар.
Шунингдек, Смирнов айтишича, ноқонуний равишда Россияга олиб кетилган 53 нафар бола ҳам Украинага қайтарилган.
Айни чоғда Украина мамлакат ҳудудидан депортация қилинган одамларга оид маълумотларни тўпламоқда. Ҳозиргача 30 мингдан зиёд катта ёшли кишилар ва салкам 7300 боланинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлинган.
Смирнова айтишича, Украинанинг қанча фуқароси депортация қилингани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ Россия томони бунақа одамлар 3 млн нафардан зиёдлигини ва улардан 600 минг чоғлиси вояга етмаганлар эканини урғулаган.
“Одамлар босқинчи давлат ҳудудидан ўзлари чиқиб кетишмоқда. Ёки Қайта интеграция масалалари вазирлигига мурожаат қилишяпти”, дея изоҳ берди Смирнов.
Форум