Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2025, Тошкент вақти: 22:07

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

08:09 2.9.2022

Украина россиялик миллиардер Евтушенковнинг активларини мусодара қилди

Украина ҳукумати "Система" акционерлик молия корпорацияси асосчиси бўлган россиялик миллиардер Владимир Евтушенковнинг активларини мусодара қилди.

Мусодара қилинган мулк умумий майдони юз минг квадрат метр бўлган 17 та кўчмас мулк ва миллиардернинг бир нечта украин фирмаларидаги улушларидан иборат. Украина суди Россия фуқаросининг мулкини мусодара қилиш тўғрисида илк маротаба ажрим чиқарди.

Украина Антикоррупция Олий судининг билдиришича, бундай қарор Адлия вазирлиги талаби билан қабул қилинган. Украинанинг “Санкциялар тўғрисида”ги қонунида “Россиянинг жанговар ҳаракатларига сезиларли даражада кўмак кўрсатганлар”нинг мулкини мусодара қилиш мумкинлиги белгиланган. Суд жараёнида Владимир Евтушенков Россия армияси учун учувчисиз бошқариладиган самолётлар ишлаб чиқарувчи бир нечта ширкатнинг эгаси экани тасдиқланган.

РБКнинг хабар беришича, Украина ҳукумати россиялик миллиардерлар Олег Дерипаска, Михаил Фридман, Алексей Миллер ва Аркадий Ротенбергларнинг мулкларини ҳам мусодара қилиш чораларини кўрмоқда.

08:24 2.9.2022

Украинада Россия танкчиси 8,5 йилга қамалди

Украина суди Россиянинг 35- махсус мотоўқчи гвардия бригадасининг танк командирини уруш қоидаларини бузишда айбдор деб топди ва 8,5 йилга қамади.

Ҳозирча исми ошкор этилмаётган зобит, прокуратура материалларида қайд этилишича, 24 февраль куни Украина ҳудудига Беларусдан бостириб кирган. Март ойи бошида у Халаявин қишлоғида тинч аҳоли вакилига қурол билан таҳдид қилиб, унинг мулкига эгадор бўлган. Орадан бир неча кун ўтиб зобит асирга олинган.

Бундан аввал май ойида Киев суди тинч аҳоли вакилини ўлдирганликда айбланган Россия армияси сержанти Вадим Шишмаринни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Апелляция суди унга белгиланган жазони юмшатиб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Август ойида украин суди Россия танкчиси Михаил Куликовга 10 йиллик қамоқ жазоси белгилади. У Чернигов шаҳрида тинч аҳоли яшайдиган уйга снаряд отганликда айбланган.

10:27 2.9.2022

ОАВ: «Вагнер» асосчиси Пригожин Ростовда мингга яқин маҳкумни Украина урушига ёллади

Евгений Пригожин.
Евгений Пригожин.

Президент Владимир Путинга яқин бўлган петербурглик тадбиркор ва “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатнинг асосчиси экани айтиладиган Евгений Пригожин Ростов вилоятининг иккита қамоқхонасида мингга яқин маҳкумни Украина урушига ёллади. Бу ҳақда Батайск шаҳридаги қамоқхонада сақланаётган маҳкумларга таянган ҳолда "Вот Так" нашри хабар берди.

Нашр манбаларининг айтишларича, Пригожин колонияга “Вагнер” раҳбарларидан бири Дмитрий Уткин билан биргаликда шахсий вертолётида учиб келган. Уларнинг ташрифи арафасида 15-сонли колония маъмурияти барча ходимларнинг видеорегистраторларини ўчириб қўйган. Шундан кейин маҳкумлар қамоқхона ҳовлисига саф тортишган.

Пригожин маҳкумлар олдида нутқ сўзлаб, Украина урушида иштирок этишга рози бўлганлар олти ойдан сўнг жазо муддатини ўташдан озод этилишиларини айтган ва “украиналикларга нисбатан хоҳлаган ҳаракатни қилишингиз мумкин, бунинг учун сизларга ҳеч нарса бўлмайди” деб ваъда берган. У, шунингдек, қочишга уринганлар отиб ташланишини таъкидлаган.

Нашрнинг ёзишича, 15-сонлик колониядаги минг нафар маҳкумдан 700 нафари “Вагнер”га ёлланган. Бошқа бир колониядаги мингга яқин маҳкумнинг 300 нафари ҳам жангариликка ёлланган.

18:10 2.9.2022

Зеленский ва Патрон мактабга борди

Президент Владимир Зеленский биринчи сентябрь куни Ирпень шаҳридаги мактабга бориб, партага ўтирди.

Ушбу мактаб март ойида Украина қуролли кучларининг Россия армиясига қарши жангларида жиддий шикастланган эди. Бино янги ўқув йили бошлангунича тўлиқ тикланди.

“Билимлар куни”да президент мактабга машҳур ит Патрон ҳамроҳлигида келди.

БМТ маълумотларига кўра, Россия "махсус ҳарбий операция" деб атаган уруш давомида 350 дан ортиқ бола ҳалок бўлди, юзлаб болалар яраланди. Бироқ ҳақиқий рақамлар бундан анча кўп бўлиши мумкин.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG