Лавров: Россия Запорожье АЭС хавфсиз ишлашини таъминлаш учун барча чораларни кўрмоқда
1 сентябрь куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украинанинг Запорожье атом электр станцияси хавфсиз ишлаши ҳамда Халқаро атом энергияси агентлигидан (ХАЭА) ташриф буюрган инспекторлар ўз вазифаларини бажаришлари учун барча чоралар кўрилаётганини айтди.
Москвада бўлиб ўтган тадбирда сўзлаган Лавров шундай деди:
«Бу станцияси хавфсиз ишлаши учун барча чораларни кўряпмиз. Ва у ердаги (ХАЭА) миссияси ўз режаларини амалга ошириши учун. Уларнинг сўзларига кўра, ким айбдор эканлигини айтишга қодир эмаслар. Албатта, уларга Украина бомбалари, Украина зарбалари натижасида қолган барча излар кўрсатилади».
Запорожье АЭСни Россия қўшинлари март ойида эгаллаб олган.
АЭС фронт чизиғи яқинида бўлиб, сўнгги ҳафталарда қайта-қайта ўққа тутилди. Бу эса ядровий фалокат сожир бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотди.
Россия ҳам, Украина ҳам бир-бирини АЭСни ўққа тутишда айблаб келади.
Россиянинг К-52 зарбдор вертолётлари Энергодар шаҳрининг турар-жой даҳаларини бомбалади
Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси (РББ) маълум қилди.
“Шаҳар осмонида Россиянинг К-52 вертолётлари гуруҳи “ишлади”. Улар турар-жой даҳаларига зарба берди. Запорожье АЭС ҳудудига ва атом реакторларига жуда яқин нуқталар миномётдан ўққа тутилди”, дейилади РББнинг “Телеграм”даги хабарномасида.
Разведка ушбу ҳужумлар Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) миссиясининг Украинага ташрифи билан боғлиқлигини урғулади.
“Тонгги ҳужумлар Кремлнинг ўз манфаатларига мос манзара яратишга қаратилган провокацион режанинг бир қисмидир. Турган гапки, босқинчилар станциянинг ва тинч аҳолининг ўққа тутилишида Украина ҚКни айблашга уринишади”, дея таъкидланади хабарномада.
Baykar ширкати товушдан тез учар зарбдор дронининг иккинчи прототипини намойиш этди
Bayraktar Kizilelma (“Қизил олма”) oзиучар аппарат реактив двигатель ҳамда илғор сунъий идрок тизими билан жиҳозланган. У ҳавога кўтарилиши учун йўлак узун бўлиши шарт эмас, шу боис дрон енгил авиаташувчи саҳнидан парвоз қила олади.
Kizilelma, жумладан, Baykar ширкати Украинада қуришни режалаётган заводда ҳам ишлаб чиқарилиши мумкин. Дроннинг илк парвози 2023 йилга белгиланган.
Айни пайтда, Эрон Украина урушида қўллаш учун Россияга ҳарбий дронларининг илк партиясини жўнатди, деб ёзди Washington Post АҚШ махсус хизматларидаги манбаларига таяниб. Бироқ, маълумотларга кўра, Россия ҳарбийлари дронлар сифатидан норози. Москва бу хабарни “сафсата” деб атади.
АҚШ разведкасига кўра, жанговар дронлар юкланган биринчи транспорт учоғи 19 августда Эрондан Россияга жўнатилган. Улар орасида радарлар, артиллерия ва бошқа ҳарбий нишонларга зарба бера оладиган Mohajer-6 ва Shahed русумли ўзиучар аппаратлар борлиги айтилмоқда.
“Улар бир пайтлар Эрон ҳудудига бутун ҳолда ёки парчаланиб тушган АҚШ ўзиучар аппаратларининг кўчирма нусхаларидир. Эронийлар ана шу бўлаклар асосида бир неча русумдаги ўз дронларини яратишга муваффақ бўлганлар, улардан айримлари бир неча юз чақиримгача масофага зарба бериши мумкин. Аммо, барибир улар АҚШнинг оригинал дронларидан ва Исроилнинг шу турга мансуб ўзиучар аппаратларига нисбатан жуда қолоқ”, дейди ҳарбий эксперт Сергей Мигдаль.
“Катта еттилик” Кремлнинг нефть даромадларини чеклашни муҳокама қилади
Дунёнинг энг ривожланган етти мамлакати (G7) молия вазирлари 2 сентябрь куни АҚШ маъмуриятининг Россия нефти нархларини чеклаш таклифини муҳокама қилиш учун тўпланади.
“Бизнингча, Путиннинг даромадларини қирқишнинг энг самарали йўли шу. Айни чоғда бу жаҳондаги энергия манбалари нархи тушишига ҳам олиб келади”, деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер.
G7 молия вазирлари Россия нефтининг энг юқори нархини белгилаш, шунингдек Россия нефти ташилишига тўсиқ қўйиш имкониятларини муҳокама қилишади. Ушбу масала “Еттилик гуруҳи”нинг июнь ойида Германияда бўлиб ўтган саммитида ҳам кўтарилган эди.
Форум