ФСБ: Дугинага суиқасдни уюштирганнинг шериги топилди
Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФСБси Кремлга яқин миллатчи файласуф Александр Дугиннинг қизи – Дарья Дугинага суиқасдни уюштиришда, гўёки Наталья Вовк билан бирга иштирок этган “украин қўпорувчи-террорчи гуруҳи” аъзосининг шахсини аниқлаганини эълон қилди.
Бу ҳақда ФСБ Жамоатчилик билан алоқалар марказига таяниб, ТАСС хабар қилмоқда.
ФСБ маълумотига кўра, Вовкка1978 йилда туғилган Богдан Петрович Циганенко исмли шахс ёрдамлашган.
У қизга Қозоғистон фуқароси Юлия Зайко номига олинган ҳужжатлар ҳамда автомобиль рақамларини топиб бергани иддао қилинмоқда. Яна айтилишича, Вовк унинг кўмагида Москванинг жануби-ғарбидаги гаражда қўлбола бомба тайёрлаган.
Шунингдек, ФСБ, ўз даъвосича, Циганенконинг қотилликни уюштиришга қаратилган хатти-ҳаракатлари ёзилган видеони ҳам эълон қилди.
“Видеокузатув камераларини ўрганиш чоғида жиноят ижрочиси бўлмиш Украина фуқароси Наталья Вовк “Традиция” фестивали меҳмонларининг машиналари турган автотураргоҳда Дугинани шахсан кузатгани ҳужжатлар билан тасдиқланди”, дейилади ФСБ хабарномасида.
Дарья Дугина 20 август куни Одинцово шаҳар округида, Большие Вяземи посёлкаси ҳудудида автомобили портлаб кетиши натижасида ҳалок бўлган эди.
Воқеадан бир неча кун ўтиб ФСБ қотиллик Украина махсус хизматлари томонидан тайёрланганини иддао қилиб чиқди. 23 июль куни Россияга қизи билан бирга келган Украина фуқароси Наталья Вовк жиноят ижрочиси ўлароқ тилга олинди. Украина ҳукумати Дарья Дугина ўлимига алоқадорлигини рад этмоқда.
Россия ТИВ консуллиги паспорт учун ҳужжат олишни тўхтатди
Россия ТИВ консуллик департаменти биометрик маълумотларга эга чет элга чиқиш паспортларини бериш учун ҳужжатлар қабул қилишни вақтинча тўхтатди.
“Электрон ахборот ташувчи ўрнатилган паспортларларни бериш учун аризалар қабул қилиш техник сабабларга кўра 2022 йил 26 августдан вақтинча тўхтатилади”, дейилади департамент сайтидаги хабарномада.
Ушбу хабарнома Россиянинг Латвия, Германия ҳамда Туркиядаги элчихоналари сайтларида ҳам эълон қилинди. Хориждаги Россия фуқаролари беш йил муддатга бериладиган паспорт олишлари мумкин, унда биометрик маълумотлар киритилган микросхема йўқ.
Россиянинг Туркиядаги дипмиссияси сайтида “электрон ахборот ташувчили паспортларни тайёрлаш билан боғлиқ муаммо ҳал этилгунга қадар” беш йиллик оддий паспорт берилиши маълум қилинган.
Расмий қайдларга кўра, Россия Украинага қарши уруш бошлаган 24 февраль санасидан то 22 августга қадар қарийб бир миллион нафар россиялик Европа Иттифоқига жўнаб кетган.
Айни пайтда, Евроиттифоқ мамлакатлари россияликларга виза беришни тақиқлашда якдил бўлиши қийин. Бу ҳақда ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель Австриянинг ORF телеканалига интервьюсида айтди.
“Россиянинг фуқаровий аҳолиси билан алоқаларни узишдан наф бўлишига кўзим етмайди, қолаверса, ушбу ғоя бир овоздан қўллаб-қувватланади деб ҳам ўйламайман”, дея ундан иқтибос келтиради Reuters.
Эртага – 31 август куни ЕИга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Прагада йиғилишиб, россияликларга сайёҳлик визалари беришни тақиқлаш масаласини муҳокама қиладилар.
Аввалроқ Financial Times нашри ташқи ишлар вазирларининг аксарияти мўътадил чорани танлашни, яъни Россия ва Беларусь фуқаролари учун соддалаштирилган тартибда шенген визаари беришни бекор қилиш ниятида эканини хабар қилган эди.
Ушбу қарор қабул қилинган тақдирда россияликлар ва белоруслар ҳозирги 35 доллар ўрнига 80 доллар виза йиғими тўлашга ва ҳужжатлар кўриб чиқилишини узоқроқ кутишга мажбур бўлишади.
Украина ва Россия бир-бирини айбламоқда
28 август оқшом маҳали Энергодар шаҳрининг турар-жой даҳалари ўққа тутилишида Украина ва Россия бир-бирини айбламоқда.
Иккала томон ҳам буни Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) мутахассисларининг Энергодарда жойлашган Запорожье АЭСга ташрифи олдидан амала оширилган провокация деб ҳисоблайди.
Озодлик уруш шароитида расмий шахсларнинг баёнотларида келтирилган маълумотларни мустақил манбалар орқали текшириш имконига эга эмас.
Энергодар шаҳрида жойлашган Запорожье АЭС – Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, жорий йилнинг март ойидан бери Россия ҳарбийлари назоратида қолмоқда. АЭС 5 ва 7 август кунлари ўққа тутилган эди.
“Энергоатом” хабарига кўра, ушбу ҳужум натижасида “Луч” электр нимстанцияси шикастланган, шунингек ядро реактори жойлашган энергоблоклардан бири яқинида бир неча снаряд портлаган. Ишлаб турган уч энергоблоклардан бири узиб қўйилган. Украина ва Россия мазкур ҳужумда бир-бирини айблади.
Россия Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғади
Россия Тергов қўмитаси Украина кучларини Энергодардаги аҳоли пунктларини ўққа тутишда айблаб, жиноят иши қўзғатганини маълум қилди.
"Украина миллатчиларининг жинояти натижасида тинч аҳоли жабр кўрди, бир неча киши оғир аҳволда ётибди. Автомобилларга зарар етган, хонадонларда дераза ромлари ва ойнаклари синиб тушган", — дейилади қўмита баёнотида.
Россия томони берган бу маълумотларни тезкор равишда мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз қолмоқда.
Форум