Dell Technologies Россия бозорини тўлақонли равишда тарк этди
Американинг Dell Technologies IT-корпорацияси август ойи ўрталаридан бошлаб Россия бозоридаги барча операцияларни тўлиқ тўхтатди, деб хабар берди Reuters.
Февраль охирларида Dell Россия ва Беларусдаги, Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидаги савдоларни ва хизмат кўрсатишни тўхтатган эди. Бундан аввал корпорация Россия босиб олган Қримда ҳам мана шундай чекловларни ўрнатганди.
Dell Technologies жаҳондаги йирик компьютер ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи ширкат ҳисобланади. Ширкат Россия бозорининг 20 фоизига эгалик қилган ва бу мамлакатга серверлар етказиб берувчилар орасида биринчи ўринни эгаллаган.
Россия Украинага бостириб кирганидан бери 1200 ширкат рус бозорини тарк этди.
ЕИ Россия фуқароларига енгиллаштирилган тарзда виза бериш режимини бекор қилади
ЕИ ташқи ишлар вазирлари Россия фуқароларига енгиллаштирилган тарзда шенген визаларини бериш режимини бекор қилишга келишади. Financial Times нашрининг бу борадаги музокараларда иштирок этаётган манбаларга таяниб хабар беришича, россияликларга виза тўлови нархи ҳам ҳозирга 35 евродан 80 еврога кўтарилади. Бундан ташқари, виза сўровларини кўриб чиқиш жараёни ҳам узайтирилади.
Хабарда айтилишича, мазкур қарор қабул қилиниши кутилаётган норасмий учрашув Прагада 30-31 август кунлари ўтказилади. Унда Болтиқ давлатларининг Россия фуқароларига виза беришни бутунлай тўхтатиш масаласи муҳокама қилиниши лозим эди. Бироқ бу таклиф Ғарбий Европа ва Еврокомиссия томонидан қўллаб-қувватланмаган.
Bloomberg агентлигининг хабар беришича, Чехия томонидан киритилган таклиф, яъни Россия фуқароларига шенген визаларини енгиллаштирилган тартибда бериш режимини бекор қилиш муроса сифатида қабул қилинган.
Сўнгги жанг ҳаракатлари:
Айни пайтда, Россия Мудофаа вазирлиги мамлакат армияси Украинанинг бир қатор мудофаа саноати жойлашган обьектларига зарба берганини даъво қилган бўлса, Украина ҳарбийлари Харков ва бошқа йўналишларда рус кучларини чекинишга мажбур қилганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенковнинг маълум қилишича, Россия ҳарбий ҳаво кучлари Украина ҳарбий вертолётлари таъмирланаётган Запорожье шаҳридаги Мадасик компанияси базасига юқори аниқликдаги ракеталар билан зарба берган.
Россия кучлари Днепропетровскдаги Украина армиясига ёнилғи етказиб берувчи нефть омборига зарба берган. Шу жумладан Россия ҳарбийлари Славянскдаги Украина армиясига захира хизматчиларни тайёрлаш марказини ҳам юқори аниқликдаги қуроллар билан нишонга олган.
Украина қуролли кучлари Бош штаби Украина армияси рус қўшинларини Харьков, Славянск ва Авдиивка йўналишида чекинишга мажбур қилгани ҳамда душман Харьков ва Авдиивка йўналишларида йўқотишларга учрагани ҳақида маълум қилди.
Шунингдек, Украина армияси Россиянинг Бахмут йўналишидаги бир неча ҳужумларини ҳам қайтарган. Уруш шароитида томонларнинг бу даъволарини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.
Пентагон манбаларига кўра, АҚШ Мудофаа вазирлиги қурол-яроғ ва ўқ-дори етказиб беришни кенгайтириш орқали Украинага кўпроқ ҳарбий ёрдам кўрсатишга киришган. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок, якшанба куни берган интервьюсида Германия Украинага молиявий ва ҳарбий ёрдам беришда давом этишини билдирди.
Германия Украинага ҳарбий техника етказиб берувчи давлатлар орасида тўртинчи ўринни эгалламоқда. Хабарларга кўра, Берлин Украинага ҳозирга қадар тахминан 1,7 миллиард АҚШ долларга тенг ҳарбий ёрдам кўрсатган.
Зеленский: Босқинчилар таназзул ва ўлимни олиб келишди
Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг тунги видеомурожаатида Донбасс Россия зарбалари натижасида деярли буткул вайрон бўлганини айтаркан, Россия учун одамлар ҳаётининг қадри бир пулга қиммат, дея таъкидлади.
Шунингдек, Зеленский мудофаа ва хавфсизлик соҳаси вакиллари билан учрашув ўтказгани, бироқ учрашув тафсилотларини ошкор эта олмаслигини айтди:
"Донецк доимо Украинанинг энг бой ва мустаҳкам шаҳарларидан бири бўлиб келган. У ерда кончилик энг ҳурматли касблардан бири эди. Ҳозир Донбасс Россия зарбалари натижасида деярли вайрон бўлди. Мағрур ва улуғвор Донецк шаҳри Россия босқинчилари томонидан эгалланиб, таҳқирланди, талон-торож қилинди. Россия у ерга олиб кирган энг даҳшатли нарса – инсон ҳаётига буткул беписандлик, ҳурматсизлик. Босқинчилар таназзул ва ўлимни олиб келишди. Ва Бу нарсалар абадий қолишига ишонишади. Лекин ундай бўлмайди, бу вақтинчалик".
Якшанба куни Россия артиллерияси Запорожье атом электр станциясига яқин Украина шаҳарларини ўққа тутди. Бу ҳақида маҳаллий расмийлар хабар қилган. Бу хабарлардан сўнг, аҳолининг радиация ҳалокати юз беришидан хавотирлари янада ортди.
Запорожье вилоят губернатори Олександр Старух, Украина телевидениесига берган интервьюсида аҳолига радиация сизган тақдирда йод қоришмасидан фойдаланиш ўргатилаётганини айтди.
Форум