Путиннинг фармони яқин кунларда рус армияси қудратини таъминлай олмайди
АҚШдаги Урушни ўрганиш интститути – ISW ҳисоботида қайд этилишича, Россия президенти Владимир Путиннинг Қуролли кучлар таркибини 137 минг киишига кўпайтириш тўғрисидаги қарори яқин кунлар ичида сезиларли ҳарбий қудратни таъминлай олмайди.
Иккинчидан, Қуролли кучлар таркиби кўпайиши ортидан жиддий муаммо пайдо бўлади. Чунки уларни машқлантирувчи мутахассислар етишмайди. Институтнинг билдиришича, Россия машқтирувчилардан иборат бўлинмаларни ҳам Украина уришига жўнатган ва улар жиддий талафот кўрган.
25 август куни Владимир Путин 2023 йилнинг 1 январидан Қуролли кучлар таркибидаги ҳарбийлар сонини 137 минг нафарга оширишга оид фармонни имзолаган эди. Фармонга асосан Россия армияси таркиби ҳозирги 1 миллион 13 минг 628 нафар кишидан 1 миллион 150 минг 628 нафарга етказилади.
Ҳужжатда айни пайтда Қуролли кучлар штат бирлиги 1 миллион 902 минг 758 та экани, кейинги йил бошидан эса 2 миллион 40 мингта бўлиши қайд этилган.
«Вагонларда ўтирган йўловчилар гўёки қопқонда қолган»
Днепропетровск вилоятидаги Чаплино темирйўл бекатига 25 август куни берилган зарба оқибатида қурбон бўлганлар сони эса 25 кишига етди.
Россия Мудофаа вазирлиги бекат ўққа тутилганини тан олди, бироқ нишон УҚК захира аскарлари ва ҳарбий техника бўлганини иддао қилмоқда.
25 қурбондан икки нафари болалар: олти яшар бола машинада тириклай ёниб кетган, 11 ёшли яна бир бола эса харобалар тагида қолиб, ўлган. Уч бола дохил ўттиз чоғли ярадор оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.
Фожиадан сўнг Чаплино шаҳарчасида бўлган Украинанинг 5-канали мухбири Виктория Ковалёва ҳикоя қилади:
– Посёлкада даҳшатли манзара устидан чиқдик: бир неча кўчада ўнлаб уйлар вайрон бўлган. Одамлар харобалар устида куймаланиб, омон қолган буюмларини излашмоқда. Россия бекатни айни поезд жўнашга ҳозирланаётган маҳалда ўққа тутган. Вагонларда ўтирган йўловчилар гўёки қопқонда қолганлар. Шу боис ҳам қурбонлар, ярадорлар жуда кўп. Ҳарбийлар Россия армияси ялпи ўт очиш тизими ва “Искандер” ракета комплексидан зарба йўллаганини айтишмоқда.
Разведка: Россия ҳарбийлари АЭСда ўзларини яширишга уринмоқда
Британия ҳарбий разведкасига кўра, Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСда ўзларининг мавжудлигини яширишга уринмоқда.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги разведка хизматига кўра, рус ҳарбийлари машиналарни АЭС ҳудудидаги ҳаво қувурлари ва кўприклар тагига яширишга уринишмоқда.
Шунингдек, разведка Россия, катта эҳтимол билан, Украинанинг АЭС теварагидаги ҳар қандай ҳарбий фаоллигини пропаганда мақсадларида қўллашга тайёрлигини таъкидлади.
Асосий муаммо шундаки, то РФ армияси станцияни ишғол этиб тураркан, совутиш тизимининг бузилиши ва захира қувватлаш манбаи шикастланиши эҳтимоли ҳамда Россия ҳарбийларининг доимий босими ва назоратида ишлаётган ходимларнинг хатолари реакторлардан фойдаланиш учун энг катта хавф-хатар бўлиб қолади.
Шунингдек, бугун тарихда биринчи марта Запорожье АЭС энергия тармоғидан узилди: уч электр узатиш линияси ўққа тутиш натижасида шикастланган эди, сўнгги – тўртинчи линия эса станция ҳудудидаги ёнғинлар сабаб узиб қўйилди.
Зеленский: дунё радиациявий офатдан аранг омон қолди
Украина президенти Владимир Зеленский дунё радиациявий офатдан аранг омон қолди, деб таъкидлади.
Зеленскийнинг айтишича, Россиянинг ўққа тутиши АЭС яқинидаги кўмир электр станциясининг кул хандақларида ёнғин келтириб чиқарган ва шундан сўнг завод фаолияти тўхтатиб қўйилган.
“Агар станциядаги ишчиларимиз электр ўчганидан кейин ҳеч нима қилмаганида, биз аллақачон радиациявий авария оқибатлари билан юзлашган бўлардик. Барча украиналикларни ишонтириб айтмоқчиманки, биз фавқулодда вазиятларни олдини олиш учун ҳамма чораларни кўряпмиз. Лекин бу фақатгина бизнинг давлатимизга боғлиқ эмас. Босқинчиларни Запорожье атом электр станцияси ҳудудидан зудлик билан чиқиб кетишга мажбур қиладиган халқаро босим зарур. МАГАТЭ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳозиргидан кўра тезроқ ҳаракат қилишлари керак. Чунки россиялик ҳарбийларнинг АЭС ҳудудидаги ҳар бир дақиқаси глобал радиация ҳалокати хавфини пайдо қилади””, деди Зеленский.
Форум