Нью-Йорк ва Торонтода украина тарафдорлари мустақиллигининг 31 йиллигини нишонлади
Нью-Йоркдаги Марказий боғда Украина фуқаролари ва маҳаллий аҳоли «Жасорат байроғи»ни ёйдилар. Уюштирувчиларнинг сўзларига кўра, бу Украинанинг дунёдаги энг катта давлат байроғидир.
Акция қатнашчиларидан бири София Бедрий Украина ҳар доим мустақил бўлгани ва келажакда ҳам шундай бўлишини айтди:
«Украина бизнинг халқимизники ва ҳар доим мустақил бўлади. У биз билан бўлган, келажакда ҳам бўлади ва ҳозир ҳам биз билан».
Айни пайтда, Канаданинг Онтарио шаҳридаги парламент биноси олдида байроқ кўтариш маросими бўлиб ўтди.
Канада яшаётган украиналик талаба Анастасия Обидина одамлар Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишлари кераклигини, чунки мамлакат нафақат ўз озодлиги, балки барча демократик давлатлар учун курашаётганини таъкидлади.
«Айтадиганим шуки, биз билан туринг, биз билан курашинг, чунки биз асрлар давомида бўлиб келганидек, нафақат ўз озодлигимиз учун курашяпмиз, балки барча демократик мамлакатларнинг озодлиги учун курашяпмиз. Сизнинг ёрдамингизга ва қўлловингизга муҳтожмиз», – деди у.
Чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден Украинани Мустақиллик куни билан табриклар экан, мамлакатга 3 миллиард доллар қийматга эга хавфсизлик ёрдамини ажратди. Бу Россия босқинидан кейин Вашингтон Украинага ажратган энг катта ёрдам пакетидир. Аммо ушбу маблағ Киевга тўлиқ етиб боргунича ойлар, ҳатто йиллар ўтиши мумкин.
Урушни ўрганиш институти (ISW): Россия Украинада ҳужумни яна сусайтириб, ишғол этилган ҳудудларни бой бермоқда
Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти Украинадаги қуролли можарога доир навбатдаги кунлик таҳлилини эълон қилди. Энг муҳим нуқталар:
Россия қўшинлари Изюмдан жануби-ғарб ва жануби-шарққа, Бахмутдан шимоли-шарқ ва жанубга, шунингдек Донецкдан ғарбга ва жануби-ғарбга ҳужумлар уюштирди. Бундан ташқари, Херсон вилоятининг шимоли-ғарбий қисмига чекланган ҳужум ҳаракатлари амалга оширилди.
Украина кучлари Херсон ва Запорожье вилоятларидаги Россия ҳарбий объектлари ва ерусти алоқа йўлларига зарба беришда давом этди.
РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия қўшинлари Украинада ҳужумларини сусайтирганини айтди ва буни тинч аҳоли орасида қурбонлар сонини камайтиришга уриниш билан изоҳлади.
Шойгу, шунингдек, Россиянинг “махсус амалиёти” режа бўйича бораётганини айтди. Ҳолбуки, Россия қўшинлари танаффусдан сўнг қайтадан ҳужумга ўтган 16 июнь санасидан қарийб 450 квадрат километр, яъни тахминан Андорра майдонига тенг янги ҳудудларни босиб олган холос. Айни чоғда 21 март санасидан ҳисоблаганда Россия қўшинлари тахминан 45 минг квадрат километр, яъни Дания ер майдонидан каттароқ ҳудудни қўлдан чиқарган.
Россия босиб олган ҳудудларда тайинлаган “раҳбарлар” ишғол қилинган туманларни Россия тизимига интеграция қилишга уринишмоқда. Бироқ маҳаллий аҳоли бунга фаол қаршилик кўрсатяпти. Айниқса партизанлик ҳаракати босқинчи маъмурларга катта ташвиш туғдирмоқда.
Британия ҳарбий разведкаси: Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСда ўзларини яширишга уринмоқда
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги разведка хизматига кўра, рус ҳарбийлари машиналарни АЭС ҳудудидаги ҳаво қувурлари ва кўприклар тагига яширишга уринишмоқда. Шунингдек, разведка Россия, катта эҳтимол билан, Украинанинг АЭС теварагидаги ҳар қандай ҳарбий фаоллигини пропаганда мақсадларида қўллашга тайёрлигини таъкидлади.
Асосий муаммо шундаки, то РФ армияси станцияни ишғол этиб тураркан, совутиш тизимининг бузилиши ва захира қувватлаш манбаи шикастланиши эҳтимоли ҳамда Россия ҳарбийларининг доимий босими ва назоратида ишлаётган ходимларнинг хатолари реакторлардан фойдаланиш учун энг катта хавф-хатар бўлиб қолади.
Украина шифохоналари олти ой давомида 437 марта Россия армияси ҳужумларига учраган
Бу ҳужумлар оқибатида камида 98 киши – шифокор ва беморлар – қурбон бўлганлар. Камида 134 киши жароҳат олган. Ушбу маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботида келтирилди.
Санитария транспорти, жумладан “тез ёрдам” машиналарига ўнлаб ҳужумлар бўлган, шунингдек дори-дармон омборлари ва захираларига, қимматбаҳо тиббиёт жиҳозларига шикаст етказилган, дейилади ҳужжатда.
ЖССТ бош директори Тедрос Гебресиус Украина соғлиқни сақлаш тизими ҳарбий ҳаракатлардан қаттиқ зарар кўрган бўлса-да, ҳалокатга учрамагани ва уруш жабрдийдаларига ҳам, оддий беморларга ҳам ёрдам беришда давом этаётганини айтди.
Мулозим Украина ССВга ҳар томонлама кўмаклашишга ваъда берди, айни чоғда қуролли можаро шароитида ҳеч бир тизим рисоладагидек ишлай олмаслигини урғулаб, урушга тезроқ барҳам беришга чақирди.
Форум