Россия Днепрда понтон кўприк қурмоқда
Британия ҳарбий разведкасига кўра, Россия қўшинлари Днепр дарёсида – Украина ракета зарбаларидан жиддий шикастланган Антонов кўприги ёнида понтон кўприк қурмоқда. Антонов кўприги Россия армияси босиб олган Херсонда Днепр дарёсига солинган ягона кўприк эди.
Буюк Британия разведкаси ўтган кунларда Россия мустаҳкам понтон кўприк қуриш учун баржаларни дарёдан олиб ўта бошлаганини қайд этган. Понтон кўприк Херсон шаҳрини вилоятнинг Россия назоратидаги жанубий қисми билан боғловчи энг муҳим занжир бўлади. Понтон қурилган тақдирда Россия ҳарбийларининг логистика имкониятлари анчагина ортади. Ҳозирча улар паромлардан фойдаланишмоқда.
Бироқ понтон кўприк анча нозик бўлиб, яқин орада украин армияси уни йўқ қилиб ташлашга уриниши эҳтимоли катта.
24 август - Украина Мустақиллик куни
Мустақиллик кунида Украина президенти Владимир Зеленский ва биринчи хоним Елена Зеленская Донбассда уруш пайтида ҳалок бўлган украиналик аскарларга бағишланган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйишди.
Владимир Зеленский ва Елена Зеленская Украина мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ўтказилган ибодат маросимида ҳам қатнашишди.
Киевдаги Авлиё София соборида диний арбоблар, жумладан, Киев ва Украина митрополити Эпифаний, Сергей Петрович Думенко ва Украина юнон-католик черкови Святослав Шевчук иштирок этган қўшма ибодат бўлиб ўтди.
Россия кучлари дастлабки ҳафталарида Киев атрофидан сиқиб чиқарилганидан сўнг охирги ойларда деярли олдинга силжий олмаган.
Путин танқидчиси Ройзман ҳибсга олинди
Россиянинг Екатеринбург шаҳри собиқ мэри, мухолифатчи Евгений Ройзман 24 август куни эрталаб Россия армиясини обрўсизлантиришга доир жиноят иши бўйича ҳибсга олинди. Сиёсатчи мазкур модда бўйича уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
“Ройзман фонди” ТАСС агентлигига офисда тинтув ўтказилаётганини билдирган. Бундан ташқари, Екатеринбургда мухолифатчига тегишли “Невьянская икона” музейи ҳам тинтилмоқда. Дастлаб тинтув унинг квартирасида ўтказилиб, Ройзманнинг телефони ва хорижга чиқиш паспорти олиб қўйилган.
Ройзман Москвага этап қилиниши мумкинлиги айтилмоқда.
Сиёсатчи Россия раҳбариятини, жумладан Украинага қарши босқинчилик урушини бошлагани учун ҳам кескин танқид қилиб келади.
Ройзман Россияда машҳур ҳудудий сиёсатчи, Давлат думаси собиқ депутати, бир миллиондан зиёд аҳолига эга Екатеринбург шаҳрининг собиқ мэридир. У Россия Ёзувчилар иттифоқи аъзоси ва Бадиий академия фахрий аъзоси саналади. Россия судлари Украинадаги уруш ҳақида Россия расмий манбаларига асосланмаган хабарлар тарқатиш жумладан, тинч аҳоли ўлими ва россиялик ҳарбийларнинг эҳтимолий ҳарбий жиноятларига доир маълумотлар тарқатишни “Россия армиясини обрўсизлантириш” деб баҳолайди.
Ройзман ҳимоясига Россияда пикетлар бошланди.
Навалнийнинг 8 сафдошига жиноят иши очилди
“Популярная политика” дастурининг Алексей Навальний сафдошларидан бўлмиш саккиз бошловчиси Россия армияси ҳақида “фейклар” тарқатиш ва терроризмни оқлашга доир жиноят ишларига тортилди. Бу ҳақда мухолифатчилар ташкил қилган “Сирена” нашри хабар қилмоқда.
Хусусан, Иван Жданов, Кира Ярмиш, Мария Певчих, Анна Бирюкова, Руслан Шаведдинов, Леонид Волков, Дмитрий Низовцев ҳамда Любовь Соболь устидан жиноят ишлари очилгани маълум қилинди.
“Энди бизни 10 йилгача муддатга қамашлари мумкин. Биз Кремль инкор этаётган ҳақиқатларни айтганимизни аниқ биламан. Ва ўзимиздан фахрланаман – бу хизматларимиз эътирофидир”, деб ёзди Кира Ярмиш телеграм-каналида.
Форум