Россия томонидан тайинланган ҳокимият вакиллари хатар остида
Россия босиб олинган ҳудудларда оккупация ҳукуматига тайинланган амалдорларга суиқасдлар давом этмоқда. Мариуполнинг коллаборационист мэри Константин Ивашченкога 20 август куни ҳужум қилинди.
РТ аноним манбага таяниб, Ивашченко ташриф буюрмоқчи бўлган шаҳар ҳайвонот боғига кираверишда “қўлбола бомба” портлатилганини даъво қилди.
Россия тарафида хизмат қилаётган янги мулозимларга суиқасд уюштирилгани ҳақидаги хабарлар мунтазам равишда пайдо бўлмоқда. Охирги бир неча ойда камида олти нафар коллаборационист ҳалок бўлгани маълум.
8 август куни Херсонни бошқаришни бошлаган Владимир Сальдо заҳарлаб кетилди, ўша куниёқ Новая Каховка оккупация маъмурияти раҳбари муовини Виталий Гуру отиб кетилди, 12 август куни Мелитополда янги маъмуриятнинг медиапропаганда учун маъсули Олег Шостакка ҳужум қилинди, у реанимаяцияда.
Москва вилоятида Кремл идеологининг қизи портлаб кетди
Кеча эса Москва вилоятида ўнг қанот радикал файласуф ва “рус дунёси” мафкураси яратувчиларидан бири Александр Дугиннинг қизи машинасида портлаб кетди.
Александр Дугин "рус дунёси" мафкурачиларидан бири бўлиб, у Россия қўшинларининг Украинага кириши ва унинг деярли барча ҳудудини босиб олиш ва украинларни халқ сифатида йўқ қилиш тарафдори эди.
Дугин ғоялари Кремлнинг Украина масаласидаги сиёсатига таъсир қилади, деб ишонилади.
Рус элчиси гапларидан тонди
Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Венадаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили баёнотини қоралаб, дипломатик ҳамжамиятни уни бойкот қилишга чақирди.
Олег Николенко, Украина Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби бундай муносабат билдирди:
"Россия элчиси Михаил Улянов Украина халқини йўқ қилишга чақирмоқда. Бу геноцид тилига чидаб бўлмайди. Биз Венадаги бутун дипломатик ҳамжамиятни Уляновни бойкот қилишга ва унинг мезбон давлатини Австрияда персона нон грата деб эълон қилишга чақирамиз"
Кеча кечқурун Улянов твиттерида: “Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ!”, деб ёзганди. У шу тариқа Владимир Зеленскийнинг АҚШга Украинага яна 775 миллион доллар ҳарбий ёрдам кўрсатгани учун миннатдорчилик билдирган твитини изоҳлади.
Кейинчалик, унинг сўзлари танқид қилина бошлаганидан сўнг, Улянов ўз баёноти гўё бузиб кўрсатилганини ва аслида у "қўшма Штатларни қурол-яроғ билан таъминлаганини ва кечагина у ҳар қандай тинчлик музокараларини рад этишини айтган Украина президентини назарда тутганини" ёзди. "Ҳақиқатан ҳам, улар томонидан Украина аҳолисига раҳм-шафқат йўқ. Мен шуни айтдим", деб ёзган Улянов твиттерда.
АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдами 10 млрд доллардан ошди
АҚШнинг 775 миллион долларли янги ёрдам пакети асосан қурол аслаҳадан иборат экани маълум бўлди.
АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Украинага ҳарбий ёрдамнинг янги пакетида:
ҲАЙМАРС учун қўшимча ўқ-дорилар,
16та 105 мм гаубица ва улар учун 36 мингта ўқ,
15 та Scan Eagle дронлари,
1000та “Javelin” ракета комлекслари ва бошқалар борлигини билдирди.
Шу ёрдамни ҳисобга олганда биргина АҚШнинг ўзи Украина ҳимоясига 10,6 млрд доллар миқдорида ёрдам жўнатди.
Форум