БМТ раҳбари Одесса портига борди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Украинанинг Одесса портида дон кемасига чиқди.
БМТ раҳбари юк ташувчи кемасига чиқишдан олдин Одесса мэри Геннадий Труханов билан қўл бериб кўришди.
Кема буғдойни Туркияга олиб боради. Гутерришнинг айтишича, БМТ воситачилигида озиқ-овқат экспорти бўйича келишувдан сўнг Украина озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини таъминлаш учун ҳали кўп иш қилиш керак бўлади.
Аввалроқ Украина ҳукумати мамлакатнинг учта портида аллақачон еттита кемага озиқ-овқат юклай бошлагани ҳақида хабар берган эди. Кемалар 65 минг тонна буғдой, маккажўхори ва ёғ олиб кетади.
Ўтган ой Истанбулда Қора денгиз портларини қамалдан чиқариш бўйича келишувга эришилган эди.
Россия ва Украина Туркия ва БМТ билан имзолаган ҳужжатда Истанбулда мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этиш кўзда тутилган - унинг ёрдами билан Украина портларидан ғалла экспорти устидан назорат амалга оширилади.
Киевда оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланди
Киевда шаҳар ҳокимияти 22-25 август кунлари оммавий тадбирларни тақиқлади. 23 август куни Украинада Давлат байроғи куни, 24 август куни эса Мустақиллик куни нишонланади.
Расмийлар ўша куни шаҳарга ракета ҳужумлари уюштирилиши мумкинлигидан хавотирда.
Шу боис ҳар қандай оммавий йиғилишлар, митинглар ва тадбирлар тақиқланади.
Айни пайтда шаҳар маъмурияти Россия армиясининг яксон бўлган ҳарбий техникалари кўргазмасига тайёргарлик кўрмоқда.
Николаевда ракета ҳужумидан 9 қаватли уй вайрон бўлди, тўққиз киши яраланди
Украинанинг Николаев вилояти ҳарбий бошқармаси матбуот котиби Дмитрий Плетенчук ўзининг Facebook саҳифасида 20 август куни Россия ракетаси Вознесенск шаҳридаги кўп қаватли уйга келиб урилганини маълум қилди.
Зарба соат 11: 30 атрофида берилган, ракета беш қаватли турар-жой биносига келиб тушган, бинонинг иккита подъезди, шунингдек, яқин атрофдаги хусусий уйлар ва уй ёнида турган автомобиллар шикастланган.
Вилоят прокуратурасининг таъкидлашича, бу ҳудудда ҳарбий объектлар йўқ.
Вознесенскнинг ўққа тутилиши ҳақидаги маълумотни депутат Артем Черноморов ўзининг телеграм-каналида тасдиқлади: у шаҳарда қутқарув операцияси давом этаётганини билдирди:
"Россия ракетаси беш қаватли турар-жой биносига келиб тушди, бино деярли вайрон бўлди. Бизнинг жасур қутқарувчиларимиз ва полициямиз воқеа жойида ишламоқда. Тиббиёт ходимлари ярадорларга ёрдам беришмоқда. Кўп қаватли уй ёнидаги уйлар ва автомобилларга ҳам зарар етган" .
Николаевдаги портлашда тўққиз киши яралангани ҳақида хабарлар бор, улардан тўрт нафари болалар.
Кейинроқ ярадорлар сони 12 кишига етгани хабар қилинди.
Навальний заҳарланганига 2 йил бўлди
Россиялик мухолифатчи Алексей Навалний икки йил олдин заҳарланган эди. Германия канцлери Олаф Шолс шанба куни шу ҳодиса ҳақида тўхталиб видеомурожаат тарқатди.
- У суиқасддан базўр омон қолиб, Германияда соғайди. Мен ўшанда у билан гаплашиб, демократия, эркинлик ва қонун устуворлиги учун курашиш мақсадида Россияга қайтган жасур одам билан танишдим. Биз ҳозир бу ҳақда ўйлашимиз керак, деди Германия канцлери.
АҚШ Давлат департаменти Навалнийни зудлик билан озод қилишга чақириб, Россия ҳукуматининг мухолифат вакиллари ва мустақил матбуотга нисбатан тазйиқларини қоралади. Навалний Россия президенти Владимир Путиннинг энг таниқли танқидчиси бўлиб, Путин режимининг йирик коррупцияга алоқадорлигини исбот қилган.
Навалний 2021 йилнинг январьида Германияда заҳарланиб даволангач, Россияга қайтади ва ўша заҳоти қўлга олинади. Германияда унга заҳарланиш ташхиси қўйилган ва бунда Kремлнинг қўли борлиги айтилган.
Дастлаб шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш давридаги ёмон хулқи учун 2 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Март ойида эса Навалний фирибгарлик ва судга ҳурматсизликда айбланиб, тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Шу ҳафта бошида Навалнийнинг айтишича, қамоқхона расмийлари унинг панжара ортидаги фаоллиги учун ўч олиш мақсадида унга кичик қоидабузарлик сабаб, уч кун бир кишилик камерада ўтиришни тайинлаган.
Форум