Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2025, Тошкент вақти: 08:50

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

12:53 20.8.2022

Қримда яна портлаш, Қора денгиз флоти қароргоҳига учувчисиз учоқ бориб урилди

Россия томонидан аннексия қилинган Қримда портлашлар тўхтамаяпти. Шанба куни эрталаб Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти штаб-квартирасига учувчисиз учоқ бориб урилди.

Ижтимоий тармоқлардаги кўплаб видеоларда штаб-квартира тепасида тутун булутлари кўтарилгани кўринади.

Губернатор Михаил Развожаев ўзининг Телеграм-каналида шикастланган бино суратини жойлаштирди.

Расмий дрон нишонга тегмаганини айтди, кейинроқ бу ҳақда ёзди:

"Флот штаб-квартирасининг тўғридан-тўғри тепасида уриб туширилди. У томга тушиб, ёниб кетди. Талафот йўқ", деб ёзади у.

13:03 20.8.2022

Киев: Барча жабҳаларда Россия йўқотишларга дучор бўлмоқда

Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги жума куни кечки ҳисоботида Россия қўшинлари “фаол жанговар ҳаракатлар давом этаётган барча жабҳаларда” йўқотишларга учраганини маълум қилди.

Украина қўшинлари русларнинг ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлган йўналишлар ва аҳоли пунктлари рўйхатида Бахмут ҳудуди ҳам келтирилган.

Шунингдек, ҳисоботда айтилишича, Украинанинг Славянск вилоятидаги мудофаасини ёриб ўтишга бўлган муваффақиятсиз уринишдан сўнг, душман кучлари “талафот кўрган ва қочиб кетган”.

Озодлик уруш шароитида бу маълумотни мустақил манбалардан текшириш имконига эга эмас.

17:47 20.8.2022

Украинада уруш бошланганидан бери 363 бола ҳалок бўлди

Украина Бош прокуратурасининг 20 августдаги хулосасига кўра, Украинада уруш бошланганидан бери 363 нафар бола ҳалок бўлган, 718 нафардан ортиқ бола жароҳатланган.

Болаларнинг аксарияти Донецк, Харьков, Киев, Чернигов, Луганск, Николайев, Херсон ва Запорожье вилоятларида жабрланган.

Бу маълумотлар якуний эмас, жанговар ҳаракатлар давом этаётган кўплаб минтақаларда ва босиб олинган ҳудудларда ҳозир йўқотишларни ҳисоблаш имконсиз.

2328 дан ортиқ таълим муассасаси бомбардимон ва ўққа тутилиши натижасида зарар кўрган, улардан 289 таси бутунлай вайрон қилинган.

17:51 20.8.2022

Россия Запорожье АЭСи ҳудудига халқаро экспертлар миссияси юборилишига рози бўлган

Франция президенти Эммануэл Макроннинг идораси Россия президенти Владимир Путин Запорожье АЭСи ҳудудига халқаро экспертлар миссияси юборилишига рози бўлганини маълум қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский Атом энергияси бўйича Халқаро агентлиги Запорожье атом станциясига жўнатган миссияси АЭС хавфсизлигини тиклаши мумкинлигини айтди.

Киев раҳбари Россияни “ядровий шантаж”да айблади.

“Газпром” жума куни Россия табиий газини Болтиқ денгизи остидан Германияга етказиб берувчи “Шимолий оқим 1” қувури август ойидан бошлаб тўхтатилишини маълум қилган эди.

Қувурнинг ёпилиши Европанинг газ таъминотида узилишларга олиб келади. Зеленский Европа давлатларини Россия газига қарамликни камайтиришга чақирди.

“Террорчи давлат Европа ва жаҳон энергетика бозорида қанча узоқ қолса, бу бозорда нобарқарорлик шунча узоқ давом этади. Европадаги ҳар бир киши ўз энергия тизимини Россия энергия манбаларисиз ҳам ишлашига қанча тез эришса улар ҳар қандай қишдан тезроқ омон қолишлари мумкин бўлади”.

Запорожье атом станцияси жойлашган ҳудуд тинимсиз ҳужумга тутилар экан бу ерда Чернобил типидаги ядровий фалокат хавфидан қўрқув кучайган.

Киев ва Москва Россия назоратидаги АЭСни ўққа тутганликда бир-бирини айбламоқда.

Украина Атом энергияси халқаро агентлиги эспертларининг АЭСга киритилишини талаб қилган.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG