Донецкда 5 европалик судланди
Украинанинг Россия назоратидаги Донецк шаҳрида суд 5 европаликни ноқонуний ёлланма аскарликда айблади.
Буюк Британия, Хорватия ва Швециядан борган эркаклар Украина билан жангда қўлга олинган. Россия матбуоти булардан 3 нафари ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкинлигини ёзмоқда.
Швеция, Хорватия ва Буюк Британия фуқаролари – Матиас Густавссон, Векослав Пребег ва Жон Ҳардинг ҳокимиятни босиб олиш мақсадида тайёргарликдан ўтиш, ҳокимиятни куч билан босиб олиш ва сақлаб туриш, шунингдек қуролли можарода ёлланма аскар сифатида қатнашишда айбланмоқда.
Тергов маълумотига кўра, швециялик 47 ёшли Матиас Густавссон 2022 йил февралда Мариупол ҳудудида 36-махсус денгиз пиёдалари бригадасида БМП ҳайдовчиси-моторчиси лавозимида шартнома бўйича хизмат қилган.
Хорватиялик 40 ёшли Вековлав Пребег, иддао қилинишича, 2020 йил майдан 2022 йил апрелгача Украина ҚКнинг Павлополдаги 36-денгиз пиёдалари бригадасида катта ўқчи сифатида хизмат қилган.
Британия фуқароси бўлмиш 61 ёшли Жон Ҳардинг уруш бошланган кундан Мариуполдаги “Азовсталь” заводини мудофаа қилгани айтилмоқда.
Айбланувчиларнинг ҳаммаси ҳам айбини тан олмади. Хорижий ҳукуматлар суд жараёнларини ноқонуний, деб қораламоқда. Июнь ойида ҳам 3 хорижлик худди шундай айбловлар билан ўлим жазосига ҳукм қилинган эди.
Россия февраль ойида Украинани демилитаризация қилиш баҳонасида уруш бошлаб, буни “махсус ҳарбий операция” деб атайди. Украина ва унинг Ғарбдаги тарафдорлари Москвани империализм услубида босқинчилик қилишда айблайди.
БМТ МАГАТЭ миссияси хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш имкониятига эга
БМТ Халқаро Атом Энергияси Агентлиги (МАГАТЭ) миссиясини Россия ва Украина розилиги билан логистика ва хавфсизлик борасида қўллаб-қувватлаш имкониятига эга, деди БМТ расмий вакили.
Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик Россия расмийларининг БМТ котибияти МАГАТЭнинг Запорожье заводига ташрифини бекор қилгани ёки тўсиқ қўйгани ҳақидаги изоҳларига жавобан айтди:
"Биринчидан, МАГАТЭ ўз ваколатларини амалга ошириш борасидаги қарорларини тўлиқ мустақил равишда қабул қилади. Иккинчидан, БМТ МАГАТЭнинг ҳар қандай фаолиятини блоклаш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, БМТ МАГАТЭ билан яқин алоқада бўлган ҳолда, Украина ва Россиянинг розилиги билан, Киевдан туриб МАГАТЭнинг миссиясини логистика ва хавфсизлик борасида қўллаб-қувватлаш учун имконига эга”.
Запорожье АЭС атрофидаги отишма излари кўрсатилди
Яқинда олинган сунъий йўлдош тасвирлари Запорожье атом электр станцияси атрофидаги далаларда отишмалардан қолган белгиларни кўрсатди.
11 август куни атом элэктр станцияси яқинида рўй берган отишмаларда Москва ва Киев айбни бир-бирига тўнкаган.
Запорожье атом элэктр станцияси атрофидаги вазият БМТ ҳамда МАГАТЭ ташкилотлари ва маҳаллий расмийларни хавотирга солди. Украина сўнгги кунларда Чернобил ядровий фалокати такрорланиш хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда.
Душанба куни БМТ МАГАТЭ миссиясини логистика ва хавфсизлик борасида қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди. Бироқ россиялик дипломат шарт қўйиб, ҳар қандай миссияни Украина пойтахти орқали ўтказиш жуда хавфли эканлигини айтган.
Россия: Харков яқинида 100 дан ортиқ ёлланма аскар йўқ қилинди
Россия Мудофаа вазирлиги душанба кунги брифингида Россия ҳарбий ҳаво кучлари Харков шаҳри яқинида Полша ва Германиядан келган 100 дан ортиқ ёлланма аскарни йўқ қилгани ва 50 дан ортиғини жароҳатлаганини хабар қилди.
Вазирлик баёнотида айтилишича, Харков вилоятидаги Украинанинг бир нечта ўқ-дори ва ёқилғи омборларига ҳам зарба берилган.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби, рус қўшинлари Харков вилоятида Украина мудофаасини ёриб ўтишга урингани, бироқ қаттиқ қаршиликка учраганини хабар қилди.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби баёнотида, Россиянинг Донецк вилоятидаги Славянск, Краматорск ва Авдивка томон юришлари ҳам муваффақиятсизликка учрагани айтилади.
Душанба куни Россиянинг Спутник ахборот агентлиги Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) манбаларига таяниб, ФСБ Украина разведка хизматларининг Россиянинг Волгоград вилоятидаги нефть ва газ обектларига ҳужум режасини йўққа чиқарганини маълум қилди.
Уруш шароитида томонларнинг бундай зиддиятли баёнотларини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.
Форум