Словакия Украинага биринчи "Zuzana 2" ўзиюрар артиллерия мосламаларини етказиб берди
Словакия Мудофаа вазирлигига тегишли Konštrukta Defence тузилмаси маълумотларига кўра, украинларга 155 миллиметрли тўртта қурилма етказилган.
- Бизнинг асосий мақсадимиз имкон қадар кўпроқ одамларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшиш ва украиналик дўстларимизга бу маъносиз қон тўкилишини тўхтатишга ёрдам беришдир, - деди Ярослав Над, Словакия Мудофаа вазири.
"Zuzana 2" ўзиюрар гаубицалари зирҳли кабина билан жиҳозланган, мослама минораси 360 даража айлана олади. Ўзиюрар артиллерия мосламасида автоматик қайта юклаш механизми, шунингдек, MRSI режимида ўқ узиш, яъни бир вақтнинг ўзида бир нечта снарядлар нишонга тегадиган тарзда ўт очишни режалаштириш имконияти мавжуд. Максимал отиш масофаси 41 км.
Киевдаги Она Ватан ҳайкалидаги қалқондан Совет символикаси олиб ташланади
Киевдаги Она Ватан ҳайкалидаги қалқонда акс этган Совет герби келаси йили олиб ташланади. Бу ҳақда Украина маданият вазири Александр Ткаченко маълум қилди. У дастлаб герб қандай усул билан демонтаж қилинишини аниқлаш ишлари олиб борилади ва шундан сўнг унинг ўрнини эгаллайдиган Украина рамзи бўлган Тризуб лойиҳаси учун танлов бошланади, деди.
Украинанинг бошқа минтақаларида ҳам Россия, СССР ва рус рамзлари билан боғлиқ ҳар қандай монументлар кўчириб ташланмоқда. Украинанинг Кировоград вилоятининг Александрия шаҳрида рус ёзувчиси Максим Горкийнинг бюсти бузиб ташланди.
Ростов-Дон шаҳрида рус армияси учун ҳарбий руҳонийларни тайёрлашади
Ўқув курслари Дон диний семинариясида бўлиб ўтади. Улар жанговар тайёргарлик, геосиёсат асослари, ҳарбий тиббиёт, психология ва ҳарбий ҳуқуқ йўналишларини ўрганадилар.
Улар учун ҳатто махсус форма ҳам тиктиришибди.
Ҳарбий Поплар рус аскарларига ибодат қилишни ўргатувчи ва руҳий тайёргарликни оширувчи маслаҳатчи сифатида ҳарбий қисмларга юборилиши айтилмоқда.
Бироқ ҳозирча диний бўлинмалар ўзга мамлакат ерларини босиб олаётган қисмлар таркибига қачон қўшилиши номаълумлигича қолмоқда.
Расмий маълумотларга қараганда, Россия армиясининг 20 фоизини ўзини мусулмон деб ҳисобловчи ҳарбийлар ташкил этади. Бугунги кунда иккита ҳарбий қисмда - Ростов-Дон шаҳрида ва Ғарбий ҳарбий округ ҳудудида мусулмон ҳарбий хизматчилар ҳам мавжуд.
Запорожье АЭС атрофида вазият таранг
Запорожье вилоятининг оккупацион маъмурияти БМТ ва Ғарб мамлакатлари Россияни Запорожье атом электр станцияси ҳудудидан ўз қўшинларини олиб кетишга чақирганига жавобан АЭС атрофида сукунат режими эъон қилишни таклиф этди.
Россияпараст маъмурият аъзоси Владимир Роговга кўра, бу Украинанинг “ақлини киритган бўлур эди”, дея хабар бермоқда Россия расмий ОАВлари.
Станция ҳудуди март ойидан бери Россия назоратида. Сўнгги ҳафталарда АЭС бир неча бор ўққа тутилди, Киев билан Москва бунда бир-бирини айбламоқда.
Ўтган куни дунёнинг 42 мамлакати Россияни Запорожье АЭС, унинг яқин-тевараги ва бутун Украинадан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишга чақирди. Мурожаатда Россия ҳарбийларининг мавжудлиги Украинага – ядровий хавфсизликни сақлашга доир мажбуриятларини, Атом энергетикаси бўйича халқаро агентликка (АЭбХА) эса объектда атом регулятори ваколатларини бажаришга халал бераётгани урғуланган.
Москва Россия ҳарбийлари АЭС ҳудудига уруш шароитида уни қўриқлаш учунгина жойлаштирилганини иддао қилиб келади. Москва АЭбХА инспекторларини станцияга таклиф қиларкан, бунга Украина томони монелик қилаётганини айтади. Киев эса инспекторлар ташрифи Украина қонунларига мувофиқ бўлиши учун Россия ўз қўшинларини у ердан олиб кетиши лозимлигини таъкидлайди.
БМТ Россия ва Украинани станция теварагида қуролсиз ҳудуд ташкил қилишга чорлади. Украина ҳам шунақа чақириқ билан чиқди, уни АҚШ дохил қатор мамлакатлар қўллаб-қувватлади, бироқ Москва бу таклифни қабул қилмаяпти.
Форум