Линклар

Шошилинч хабар
18 сентябр 2025, Тошкент вақти: 12:51

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

18:02 12.8.2022

Бахмутни аҳолининг 80 фоизи тарк этди

Жумладан, Россия қўшинлари Донецк вилоятининг Бахмут шаҳрини ўққа тутмоқда, ракеталар турар-жой даҳаларига ҳам учиб келяпти.

Аҳолининг қарийб 80 фоизи шаҳарни аллақачон тарк этган, лекин айримлар эвакуация текин бўлишига қарамай кетишни хоҳламаяпти – кимдир “туғилиб ўсган жойимдан кетмайман” деб оёқ тираб олган, айримлар эса борадиган жойлари йўқлигини ва украин армияси “агрессорни тирқиратиб қувгунича” кутишларини айтишмоқда.

– Қаерга ҳам борардик. Узоққа кўчиш учун катта пул керак. Начора, сабр қилиб турамиз-да... Лекин қанча сабр қилиш керак, билмайман. Бу балолар тезроқ тугасин, яқинларимиз, фарзандларимиз дийдорига етайлик, деб ўтирибмиз…

– Якка ўзим қолсам ҳам майлига, лекин бу ердан кетмайман. Айирмачи эмасман, босқинчилар хизматига кириш ниятим ҳам йўқ. Аммо бу ер менинг уйим, уни ташлаб кетмайман.

18:04 12.8.2022

ОАВ: Россия қўшинлари Украинанинг 12,4 трлн долларлик конларини босиб олди

Россия қўшинлари Украинанинг умумий қиймати 12,4 трлн долларга тенг бир қанча фойдали қазилмалар конларини босиб олди, деб ёзадиWashington Post нашри.

Нашр маълумотига кўра, Россия конларнинг бир қисмини 2014 йилда, Қрим воқеаларидан сўнг эгаллаб олган. Украинада титан, темир, литий каби маъданлар, шунингдек кўмир ёқилғисининг улкан захиралари мавжуд. Уларнинг бари бирга ўнлаб триллион доллар туради.

Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW)маълумотига кўра, Россия армиясининг 64-мотоўқчилар бригадаси, катта эҳтимол билан, жангларда бутунлай қириб ташланган.

Эслатиб ўтамиз, Украина томони ушбу бригада аскарларини Бучада тинч аҳолини қатл этганликда ва оммавий қийноққа солганликда айблайди. Айтилишича, бригада Изюм ва Славянск йўналишларида кечган оғир жангларда яксон қилинган.

Экспертлар “Кремль ўз жангчилари Киев вилоятида содир этган ҳарбий жиноятларни яшириш мақсадида атай қақшатқич жангларга йўллаб, улардан қутулган”, деб ишонадилар.

18:05 12.8.2022

Медведев “ЛХР” расмийлари билан йиғилиш ўтказди

Дмитрий Медведев Россиянинг юқори мартабали мулозимлари билан бирга тан олинмаган “ЛХР”га келиб, йиғилиш ўтказди.

Учрашувда Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбарининг ўринбосаридан ташқари, бош прокурор Игорь Краснов, президент администрацияси раҳбарининг биринчи муовини Сергей Кириенко, ички ишлар вазири Владимир Колокольцев, қурилиш вазири Ирек Файзуллин, ФСБ директори Александр Бортников, Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ҳамда тан олинмаган “ЛХР” ва “ДХР” раҳбарлари қатнашган.

Медведев йиғилиш пайшанба куни бўлиб ўтганини ёзган, аммо тафсилотларни очиқламаган.

Озодлик уруш шароитида ушбу маълумотларни мустақил манбалар орқали текшириш имкониятига эга эмас.

18:06 12.8.2022

Украина билан урушга рўй-рост қарши чиққан россиялик мусиқачи

“Барто” электропанк гуруҳи вокалчи ва мусиқачиси Мария Любичева Россияда истиқомат қилади ва Украина билан урушга рўй-рост қарши чиқмоқда.

У мусиқачилар зиммасидаги вазифа, Путин ва унинг амбициялари, россияликларнинг урушга муносабати ҳақида шундай дейди:

“Урушнинг сабаблари кўп: биринчиси – Путиннинг тушиб кетган рейтинггини кўтариш истаги. Иккинчидан, қариб-чириган чоллар ҳокимиятни ёшларга беришни хоҳламаслиги. Учинчидан, Путин ростдан ҳам ўзини Пётрнинг вориси ва рус ерларини бирлаштирувчи, деб билади. Қолаверса, СССР ҳалокати учун ўч олиш истаги ҳам бор. Аксар россияликлар урушни қўллаб-қувватлайди, дейишади... Ҳеч ҳам-да. Бизда холис ижтимоий тадқиқотлар ўтказилмайди.

Ҳа, февраль-март ойларида уруш тарафдорлари кўп бўлган бўлса бордир, лекин ҳозир аҳвол ўзгармаганига ишонмайман. Кўпчилик қарши, аммо фикрини очиқ айтишга қўрқади, чунки ҳукумат узоқ йиллардан бери бош кўтарганни тепкилаб, халқнинг юрагини олган. Кўп ҳамкасбларим кўриб-кўрмаганга олиб юришибди. Менга тегмасалар бас, дейишади. Қўрққанларича бор аслида. Урушга қарши чиққан Юрий Шевчук, Би-2 гуруҳи ва бошқалар жамият ҳаётидан узиб ташланганини ҳамма кўриб турибди”.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG