Чикагода болалар Украина учун хайрия акциясига қўл урди
Chicago Children United for Ukraine аъзолари Кеllog's компанияси томонидан совға қилинган 5000 қути поп корн қутиларидан фойдаланган ҳолда мозаика яратиб, Гиннес рекордини янгилади. Тушган маблағлар Украина ёрдам учун ўтказилади.
"Биз бу ишимиз билан мамлакатда Украина ҳақида хабардорликни оширишга ҳам қарор қилдик", дейди 15 ёшли Майкл Котчер.
“Ғоя дастлаб Майкл билан менинг ҳаёлимга келди. Жуда яхши кўрганимиз учун ҳар гал кўчага чиққанимизда поп корн еймиз. Шу тариқа "мозаика яратиш учун маккажўхори қутиларидан фойдаланиш"га қарор қилдик. Мозаикани тугатгандан сўнг, нима қиламиз?", дея ўйладик ва тушган маблағнинг бир қисмини Катта Чикаго озиқ-овқат омборига хайрия қилишга қарор қилдик”, дейди ўсмирларга ёрдам бераётган фаол Райдер Шиффман.
Болалар поп корн сариқ қутилари ва Райс Криспиеснинг кўк қутиларидан Чикаго шаҳар марказидаги Wintrust Financial Corporation Grand xoлида Украинанинг улкан байроғини ясадилар.
Ўсмирлар нафақат Украинага, балки ўз маҳаллий ҳамжамиятига ҳам молиявий ёрдам кўрсатмоқда. Ҳозиргача 70 нафар кўнгилли Украинага ёрдам бериш мақсадида салкам 15 минг доллар маблағ йиққан.
“Энергодар қум устига қурилган шаҳар”
БМТ Хавфсизлик Кенгаши пайшанба куни йиғилиб, вазиятни муҳокама қилди. Ташкилот бош котиби Антониу Гутерриш ҳар икки томонни завод яқинидаги барча жангларни тўхтатишга чақирди.
"Объектдан ҳар қандай ҳарбий амалиётнинг бир қисми сифатида фойдаланмаслик керак. Бунинг ўрнига ҳудуд хавфсизлигини таъминлаш учун қуролсизлантириш бўйича техник даражада шошилинч келишув зарур", - деди Гутерриш ўз баёнотида.
24 февралда Украинага бостириб кирган Россия март ойида Запорожьени эгаллаб олган. Станциядаги ҳар қандай ҳалокат қисқа муддатга катта радиосдаги майдонга тарқалиши мумкин.
"Энергодар қум устига қурилган шаҳар. Ўз-ўзидан атом электр станцияси ҳам қум устида барпо қилинган. Ҳар қандай кичик портлаш ҳам қумнинг ҳаракатланишига олиб келиши мумкин. Шаҳримизда доимий ҳаракатланувчи қумтепалар бор. Ҳар қандай портлаш ёки тебраниш туфайли қум ҳаракатлана бошлайди", дейди минтақадаги гуманитар ёрдам пунктларидан бирининг кўнгилли ишчиси Владимир Мартинюк.
Украина эвакуация масаласини муҳокама қилмоқда
Украина ички ишлар вазири, Россия назоратидаги Запорожье атом электр станциясига ҳужум билан боғлиқ ҳар қандай воқеалар ривожига, шу жумладан одамларни ҳудуддан эвакуация қилиш заруратига ҳам тайёр туриш керак, демоқда.
"Завод бугун нафақат душман қўлида, балки фожиага йўл қўйиши мумкин бўлган малакасиз мутахассислар қўлида", деди ички ишлар вазири Денис Монастирский Рейтер агентлигига берган интервьюсида:
“Биз ҳар қандай воқеалар ривожига тайёр бўлшимиз керак. Давлат фавқулодда хизматлари Ички ишлар вазирлиги ва ҳудудий бўлимлар билан биргаликда зарур бўлган турли сенарийларни, жумладан, эвакуация масаласини муҳокама қилмоқда".
Запорожье АЭС ҳалокат ёқасида
Россия ва Украина бир-бирини Запороже атом электр станциясини ўққа тутишда айбламоқда.
Украина расмийларига кўра, хавф тобора ортмоқда ва заводга яқин аҳоли пунктларида эҳтимолий фалокатга ҳозирлик кўрилмоқда.
Украинанинг “Энергоатом” агентлиги, “Запорожье” мажмуасига беш марта, жумладан, радиоактив моддалар сақланадиган жой яқинига зарбалар берилганини айтмоқда.
Россиянинг ТАСС ахборот агентлигига кўра эса, Москва томонидан тайинланган маҳаллий расмийлар, Украина томони заводни икки марта ўққа тутди ва смена алмашинуви тўхтаб қолди, деган баёнотни бермоқда.
Ҳар икки томоннинг заводдаги вазият ҳақидаги маълумотларини уруш шароитда мустақил текшириш имконсиз бўлиб қолмоқда.
БМТ Бош котиби, АЭСни қуролсиз ҳудудга айлантириш ҳамда Украина ва Россия кучларидан мазкур ҳудудни зудликда тарк этишини сўрамоқда.
Форум