Латвия Сейми Россияни террорчилик ҳомийси дея эътироф этди
Жорий йилнинг 11 август куни Латвия парламенти Россияни террорчилик ҳомийси бўлган давлат деб топиш бўйича резолюцияни қабул қилди.
Латвиялик депутатларга кўра, Россия Украина ҳудудидаги тинч аҳоли вакилларини қасддан нишонга олмоқда.
Delfi нашри хабарига кўра, мазкур резолюцияни ёқлаб 67 нафар депутат овоз берган, 16 киши эса овоз берган эмас.
Пермь ўзбеклар диаспораси раҳбари жавоб берди
“Перм ўлкаси Марказий Осиё ўзбеклари жамияти” жамоат ташкилоти раҳбари Жаҳонгир Жалолов Ўзбекистондан келган элчихона ва бошқа масъул шахслар баёнотларидаги огоҳлантиришларга муносабат билдирди.
У "АиФ-Прикамье" нашрига ҳеч ким Ўзбекистон фуқароларини жалб қилмоқчи эмаслигини тушунтиришга уринди.
- Таклиф фақат Россия фуқаролари, миллатига кўра ўзбеклар учун эди. Оммавий ахборот воситалари ёзаётганлари, баталонимиз ҳақида салбий фикрлар унчалик яхши эмас, улар ҳамма нарсани нотўғри тушунишган. Биз Ўзбекистон фуқароларини баталёнга қўшилишга чақирмаймиз, деди Жаҳонгир Жалолов.
Унинг сўзларига кўра, баталён сафига қўшилишни хоҳловчилар сони ҳақидаги маълумотлар кейинроқ – ҳарбий хизматга қабул қилиш бўлимидан маълумот олинганидан кейин пайдо бўлади.
Аммо ўзининг ВКонтактедаги саҳифасида 11 август куни у бироз бошқача оҳангда қолдирган ёзуви пайдо бўлди.
- Мен Украинани озод қилишда иштирок этиш учун кўнгиллилар батальонини тузишга даъват қилганимдан бошлаб мисли кўрилмаган босим остида қолдим. Мамлакатимизга мағлуб бўлишни истайдиган Россия душманлари томонидан нега таҳдид ва ҳақоратлар оқими бўлаётганини тушуняпман. Ҳозирги вазиятда яна такрорлашим мумкин. Ҳар қандай босимга қарамай, мен Россияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш позициямдан ҳеч қачон воз кечмайман. Қанчалик баландпарвоз эшитилмасин, лекин сизни ишонтириб айтаманки, ўз президентим Владимир Владимирович Путинни сўнгги нафасимгача ҳимоя қиламан. Россия учун! Мен Ватанга хизмат қиламан! деб ёзди Пермь ўзбеклар диаспораси бошлиғи.
Пермдаги ўзбеклар “Амир Темур” номидаги батальон ташкил қилиб, Украинага қарши урушмоқчи экани тўғрисида Vetta телеканали видео эълон қилган эди.
Эстония россияликларга берилган Шенген визаси бўйича киритмайди
Бир ҳафтадан кейин Эстония давлат идоралари томонидан берилган Шенген визасига эга россияликларга мамлакатга киришга рухсат берилмайди, деди ташқи ишлар вазири Урмас Реинсалу матбуот анжуманида. Бу қоида бошқа Шенген давлатлари томонидан берилган визаларга тааллуқли эмас.
Шу билан бирга, Эстония ҳукумати яшаш учун рухсатномалари ўқиш муддатидан олдин тугайдиган россиялик талабаларга нисбатан қарорни қайта кўриб чиқди. Улар яшаш учун рухсатномани бир йилга узайтирилади.
Аввалроқ, Европа Иттифоқининг бир қанча давлатлари август ойи охирида бўлиб ўтадиган ЕИ ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида Россия фуқароларига Шенген визаси берилишини тақиқлашни муҳокама қилишни таклиф қилгани маълум бўлган эди. Полша ва Финляндия россияликларга бутун Европа давлатларига сайёҳлик визаларини беришни тўхтатишни таклиф қилмоқда.
Дания ва Норвегия Украинага ёрдам беришини билдирди
Данияда пайшанба куни Копенгаген конференцияси ўтказилди. Бу молиялаштириш, қурол ишлаб чиқариш, ҳарбийларни ўқитиш ва миналардан тозалашни муҳокама қилиш орқали Украинага узоқ муддатли ёрдамни кучайтиришга қаратилган бир кунлик тадбир эди.
Саммит очилишидан олдин Дания украиналик аскарларни тайёрлашга ёрдам бериш учун Буюк Британияга 130 нафар Дания аскарини юборишини маълум қилди.
Дания, шунингдек, Украинани қўшимча 113 миллион доллар билан қўллаб-қувватлашини эълон қилди ва бу билан Даниянинг Украинага қўшган умумий ҳиссасини 413 миллион долларга етказди.
- Ушбу можаронинг бошиданоқ биз Украина томонида туришга қарор қилдик. Чунки айнан шу томон руслар ҳужумига учради, - деди Дания бош вазири Метте Фредериксен.
Анжуманга келган Норвегия мудофаа вазири Бёрн Арилд Грам мамлакати Украинани қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.
- Украина учун Россия ҳужумидан ўзини ҳимоя қила олиши жуда муҳим. Норвегия келажакда ҳам Украинани қўллаб-қувватлашга интилади, — деди у.
Форум