Москва суди ДНР вазири "Тошкент"ни "фирибгар" деб атади
Москва суди Донецкдаги россияпараст бўлгинчиларнинг Даромадлар ва йиғимлар бўйича собиқ вазири, “Тошкент” лақаби билан танилган Александр Тимофеевни уч ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Бу ҳақда “Коммерсант” нашри хабар бермоқда. Ҳукм чиқаришда суд Тимофеевга ДНР Қаҳрамони унвони берилганини ва Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашганини ҳисобга олгани айтилмоқда.
Украина "Дружба" қувури бўйича транзитни тўхтатди
Россия нефт компанияси бўлган "Транснефт" сешанба куни Украина Россия нефтини "Дружба" қувурининг жанубий йўналиши орқали Марказий Европа мамлакатларига ташишни тўхтатиб қўйганини эълон қилди. Бунга Ғарб санкциялари туфайли тўловлар билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлгани айтилди.
Қувурдан 4 август куни "Дружба" нефт магистралининг жанубий йўналиши бўйлаб Словакия, Венгрия ва Чехияга нефт узатишни тўхтатилди, Россия нефтининг Беларус орқали Полша ва Германияга хизмат кўрсатадиган шимолий йўналиш бўйлаб ташиш узлуксизлигича қолмоқда.
“Транснефт” маълумотларига кўра, 22 июл куни рус компанияси Украинанинг “Укртранснафта” нефт қувурлари операторига август ойидаги нефт транзити учун тўловларни амалга оширган, бироқ Европа Иттифоқи чекловларининг еттинчи босқичи туфайли тўлов амалга ошмагани учун пул 28-июлда қайтарилган.
“Дружба” қувури Россиясининг Самара шаҳридан бошланиб, икки тармоққа бўлинган: шимолий йўналиш Беларус орқали Полша ва Германияга, жанубий йўналиш Беларус ва Украина орқали Венгрия, Чехия ва Словакияга чўзилган.
Байден Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилишини ратификация қилди
АҚШ Президенти Жо Байден сешанба куни Финляндия ва Швециянинг НАТО иттифоқига киришини расман олқишлади. У Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Европа хавфсизлиги масаласини қайта кўриб чиқиш доирасида Скандинавия давлатларининг ўзаро мудофаа шартномасини тузишда АҚШ расмий қўллаб-қувватлашини тасдиқловчи ратификация ҳужжатларини имзолади.
"НАТОга аъзо бўлишга интилаётган Финляндия ва Швеция гуруҳ аъзосига қилинган ҳужум барчага қилинган ҳужум дея баҳоланадиган муқаддас мажбуриятни ўз зиммасига юкламоқда. Бу Вашингтон шартномасининг 5-моддаси. Бу мажбурият ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ. Тарихда бешинчи моддага мурожаат қилинган ягона вақт 11 сентябрь куни АҚШ ҳужумга учраганида ва барча иттифоқчиларимиз биз томонда тўпланган пайтда эди. Қўшма Штатлар буни ҳеч қачон унутмайди ва биз НАТОнинг ҳар бир қаричини ҳимоя қилиш ҳақидаги ваъдамиздан қайтмаймиз", - деди Жо Байден.
Ўтган ҳафта Сенат икки давлатни 95-1 овоз билан алянсга қўшилишини маъқуллади. Жорий йил бошида Россия президенти Владимир Путиннинг Украинага ҳужуми ортидан давлатлар ўз хавфсизлигини кафолатлаш учун НАТОга аъзо бўлишга интилди. Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилотининг қоидалари Финляндия ва Швециянинг яқин ойларда кутилаётган алянсга расман қўшилишидан олдин унинг барча 30 аъзосининг розилигини талаб қилади.
АҚШ ва унинг Европадаги иттифоқчилари Путиннинг Украинага ҳарбий тажовузи, шунингдек, Россия раҳбарининг бу йилги НАТОни қораловчи кенг қамровли баёнотлари, Россиянинг ядровий қуроли билан таҳдид қилиши ва Россиянинг кўплаб давлатлар ҳудудига бўлган тарихий даъволари ортидан бирлашишга ундади.
Украина Россияда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Швейцария билан келишувга эришди
Украина билан Швейцария Киевнинг Россиядаги дипломатик манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан келишувга эришганлар. Уруш туфайли Москва ва Киев ўртасида дипломатик алоқалар узилган.
Швейцария Ташқи ишлар вазирлиги вакили 10 август куни ўз мамлакати ва Украина ўртасида “дипломатик ҳимоя” юзасидан музокаралар муваффақиятли якунланганини тасдиқлаган.
Швейцария, агар Киев ва Москва ўртасидаги музокараларни тиклаш бўйича қарор қабул қилингудек бўлса, Россия билан Украина ўртасида воситачилик қилишга ҳозирлигини ҳам билдирган.
Бироқ Швейцария Украинанинг дипломатик манфаатларини ҳимоя қила олиши учун бунга учинчи томон, яъни Россия ҳам рози бўлиши лозим. Россия эса бунга рози бўлишга тайёр эмас.
“Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонидан аввалроқ қайд этилганидек, Россия ўзига қарши санкцияларга қўшилган мамлакатлар томонидан Украина билан музокараларда воситачилик қилиш таклифини кўриб чиқишга ҳозир эмас”, дейилган ТИВ баёнотида.
Форум