Россия ҳарбийлари бир неча қишлоқни бомбардимон қилди
8 августга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Николаев шаҳрини, Днепропетровск ва Харьков вилоятидаги бир неча қишлоқни бомбардимон қилди.
Оқибатда ўнлаб тинч аҳоли яшайдиган уйлар вайрон бўлгани хабар қилинмоқда. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Фаол жанговар ҳаракатлар Донецк вилоятининг Бахмут, Краматорск, Авдеевка ва Славянск аҳоли пунтклари яқинида бормоқда.
АҚШдаги Урушни ўрганиш институти - ISW Британия разведкаси маълумотларига таянган ҳолда, урушдаги муваффақиятсизликлар оқибатида Москва ўз қўмондонларини алмаштираётганини хабар қилди. Билдирилишича, уруш бошланганидан бери Россия олти қўмондонни лавозимидан бўшатган.
Дам олиш кунлари Донецк вилоятида содир бўлган воқеалар ҳақида “Настояшчее время” мухбири Сергей Горбатенко шундай хабар қилди:
“Донецк вилояти дам олиш кунларини Россия қўшинларининг ўқ-олов ёмғири остида кечирди. Ўтган икки кун ичида вилоят бўйича 10 нафар тинч аҳоли нобуд бўлди, 25 киши яраланди. Зарбалар кучидан Константиновкада беш қаватли иморатнинг бир қисми пойдевори билан қўпорилди. Бахмут тинимсиз ўққа тутиляпти, аммо Украина Қуролли кучлари барча ҳужумларни қайтармоқда. Славянск ҳарбий маъмурияти раҳбари Вадим Лях коммунал хизматлар ходимлари қувурларни консервация қила бошлаганини, чунки шаҳарда иситиш мавсумини ўтказиш имконсизлигини айтди ва Славянск аҳолисини ғарбий ҳудудларга кўчиб кетишга чақирди”.
Украинадан олиб чиқилган маккажўхори Қора денгизга етиб борди
Туркия воситачилигида, Украинадан олиб чиқилган маккажўхори Қора денгиздаги портга етиб борди.
Украинадан буғдой ва бошқа дон маҳсулотларининг олиб чиқилиши - Россиянинг бу давлатга босқини бошланганидан бери глобал равишда кучайиб кетган озиқ-овқат инқирозини енгиллатиш учун жуда зарур қадамдир.
Украина портларидан 12 минг тонна маккажўхори олиб кетаётган кема 8 август якшанба куни Туркия портига кириб борди. Кемани Қўшма мувофиқлаштириш маркази (JCC) аъзолари текширди.
Туркия байроғи остидаги Поларнет кемаси эса Чeрноморскдан Туркиянинг Қора денгиздаги Derince портига етиб борди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия воситачилигида ўтган ой Украина ва Россия ўртасида ғалла экспортини тиклаш бўйича келишувга эришилган. Ғалла экспорти жараёни Истанбулдаги Россия, Украина, Туркия ва БМТ вакилларидан иборат Қўшма мувофиқлаштириш маркази томонидан назорат қилинмоқда.
Харидор «Разони» кемаси Ливанга етказган украин ғалласидан бош тортди
Харидор «Разони» кемаси Ливанга етказадиган украин ғалласини сотиб олишдан бош тортди. Бу ҳақда Украинанинг Ливандаги элчихонаси маълум қилди. Харидор ўз қарорини украин ғалласи белгиланган муддатидан беш ой кечикиб етиб келгани билан изоҳлади. У бошқа таъминотчи топишини ҳам билдирган.
«Разони» кемаси Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Одесса бандаргоҳидан ғалла ортиб, 1 август куни йўлга чиққан илк кемадир. Сьерра-Леоне байроғи остида сузаётган кема Ливан пойтахти Триполи бандаргоҳига сешанба куни етиб бориши кутилаётганди. Ҳозир 26 минг тонна маккажўхори ортилган кема Туркия қирғоқларида турибди.
Новая Каховканинг Россия тайинлаган вице-мэри бандитизмда айбланиб қўлга олинди
Украинанинг Херсон вилояти Новая Каховка шаҳар мэрининг биринчи ўринбосари Виталий Ефименко Россия полицияси томонидан бандитизмда айбланиб қўлга олинди. Унинг уйидан қурол ва бир неча ўн миллион рубль топилди.Бу ҳақда "Коммерсантъ" ИИВга таянган ҳолда хабар берди.
Россия ИИВнинг Херсондаги вақтинчалик бошқармаси ходимлари икки тадбиркорга қилинган ҳужум юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида Ефименконинг изига тушган. ИИВнинг билдиришича, полиция Ефименко доҳил қуролли гуруҳ аъзоларини қўлга олган. Қанча киши ушлангани маълум қилинмаган.
Херсон вилояти Россия армияси томонидан босиб олинганидан сўнг Москва маҳаллий тадбиркор Ефименкони Новая Каховка мэри ўринбосари лавозимига тайинлаган эди. Август ойи бошларида унга суиқасд уюштирилган, аммо у тирик қолган. Украина матбуоти Ефименко Херсонда таниқли криминал авторитет экани ҳақида ёзганди.
6 август куни Новая Каховканинг Москва томонидан тайинланган яна бир вице-мэри Витай Гура ўлдириб кетилган эди. 5 август куни эса Херсон вилоятининг Россия тайинлаган ҳокими Владимир Салдо заҳарлангани хабар қилинган.
Форум