Украинада 8 август эрталабки вазият
“Настояшчее время” телеканалининг хабар беришича, 8 августга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Николаев шаҳрини, Днепропетровск ва Харьков вилоятидаги бир неча қишлоқни бомбардимон қилган. Оқибатда ўнлаб тинч аҳоли яшайдиган уйлар вайрон бўлди. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот мавжуд эмас.
Фаол жанговар ҳаракатлар Донецк вилоятининг Бахмут, Краматорск, Авдеевка ва Славянск аҳоли пунтклари яқинида бўлмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россия босиб олган Запорож АЭСидан фойдаланишда тартиб-қоидалар бузилаётгани тўғрисидаги хабарлардан ташвиш билдирди. У Россия ҳукуматини Халқаро атом энергияси агентлиги экспертларини назорат тартибида Запорож АЭСига киритишга чақирди.
АҚШдаги Урушни ўрганиш институти - ISW Британия разведкаси маълумотларига таянган ҳолда, урушдаги муваффақиятсизликлар оқибатида Москва ўз қўмондонларини алмаштираётганини билдирди. Билдирилишича, уруш бошланганидан бери Россия олти қўмондонни лавозимидан бўшатган.
Жессика Честейн: Украина халқи жуда кучли
Таниқли америкалик актриса Жессика Честейн 7 август куни Киевда Украина президенти Владимир Зеленский ва унинг маъмурияти раҳбари Андрей Ермак билан учрашди.
Киевга поездда етиб келган Честейнни вокзалда Украина расмий делегацияси кутиб олди. Учрашувда Зеленский актрисага ташриф учун миннатдорлик билдирди:
"Украина мавзуси унутилмаслиги биз учун жуда муҳим. Бунда бизга дунёга маълум ва машҳур инсонларнинг ёрдами лозим. Биз сиз ҳақингизда яхши биламиз, сиз Украинада жуда машҳурсиз. Биз учун дунёда Украина мавзуси унутилмаслиги керак”.
Актриса Украина халқини “жуда жасур ва кучли” эканлигини олқишлади: "Украин халқи ақл бовар қилмайдиган даражада жасур ва жуда кучли. Украина халқи жуда кучли".
Украина матбуотига кўра, Честейн Киевдаги "Оҳматдит" болалар касалхонаси, шунингдек, Россиянинг феврал ойида Украинага ҳужумидан жиддий зарар кўрган Ирпинга ҳам бориш истагини билдирган.
Честейн - Россиянинг Украинага босқинини қоралаган ва бу урушда Украинани қўллаб, қочқинлар ҳамда мамлакатда қолаётган аҳолига ёрдам кампаниясини қўллаб келаётган кўплаб америкалик санъаткорлардан биридир.
Amnesty International ўз ҳисоботига изоҳ берди
Украина гуманитар ҳуқуқ ва уруш олиб бориш қоидаларини бузганлиги ҳақида бир неча кун олдин махсус ҳисобот эълон қилган Amnesty International халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти ҳисобот украинларнинг “изтироб ва ғазаби”га сабаб бўлгани учун узр сўради, бироқ ундаги хулосаларни ўзгартирмади. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизматига таяниб, Reuters хабар қилмоқда.
“Amnesty International украин ҳарбийларининг жанг қилиш усулларига бағишланган ҳисоботи изтироб ва ғазабларга сабаб бўлганидан чуқур таассуф билдиради”, дейилади хабарномада.
Ташкилот билдиришича, Украина армиясининг улар ҳужжатлаштирган ҳеч бир хатти-ҳаракати “Россия томонидан бўлган қонунбузарликларни оқламайди”.
“Бу Amnesty International Россия қўшинлари томонидан амалга оширилган қонунбузарликлар учун жавобгарликни Украина кучлари зиммасига юклаяпти ёки украин ҳарбийлари мамлакатнинг бошқа қисмларида мақбул эҳтиёт чораларини кўрмаяпти дегани эмас. Биз бир нарсани аниқ англатишни истаймиз: биз ҳужжатлаштирган ҳеч бир ҳолат, Украина ҳарбийларининг ҳе бир хатти-ҳаракати Россия томонидан бўлаётган қонунбузарликларни оқламайди”, дейилади ҳисоботда.
Amnesty International, шунингдек, унинг устувор вазифаси – тинч фуқаролар ҳимоясини таъминлаш эканини, айнан шу нарса уларнинг “ягона мақсади” бўлганини таъкидлаган.
Ташкилот 4 август куни Украина урушига доир ҳисоботини эълон қилган ва унда украин ҳарбийларини Россиянинг кенг кўламли босқинидан ҳимояланиш мақсадида аҳоли турар-жой даҳалари, шунингдек мактаб ва касалхоналарда базалар ва қурол-аслаҳа омборлари ташкил қилишда айблаган эди.
Халқаро Амнистия ташкилотининг Украинадаги ваколатхонаси раҳбари Украина Қуролли Кучларига қарши айбловлар айтилган ҳисобот эълон қилиниши ортидан, бу ҳисоботга норозилик ифодаси ўлароқ истеъфо берган.
Покалчук Киевдаги матбуот анжуманида: "Агар сиз босқинчилар бостириб кирган ва уни парчалаб ташлаётган мамлакатда яшамасангиз, эҳтимол буни тушунмайсиз”, деган эди.
Грузия мухолифат россияликларга виза режимини талаб қилмоқда
Шу кунда кўплаб белорус ва россияликлар қочиб бораётган мамлакатлардан бири – Грузия бўлиб қолмоқда. Бунинг бирламчи сабаби шуки, Грузияга бориш учун виза керак эмас. Дунёнинг жуда кўп мамлакатлари фуқаролари бу юртда визасиз бир йилгача юриши мумкин.
Бироқ кейинги пайтларда грузин мухолифати Беларус ва Россия билан виза тартибини жорий этиш масаласини тез-тез кўтармоқда. Парламентнинг мухолифатдаги “Лело Грузия учун” либерал партияси шундай ташаббус билан чиққан.
Уруш бошланганидан бери Украина рамзлари, Путин ҳамда “рус ҳарбий кемаси” ҳақидаги сўкиниш сўзлари, Грузияда кўплаб кафе-ресторан ва бошқа муассасаларини “безаб турибди”.
Украинадаги урушга муносабатини янада кескин шаклда билдираётган муассасалар ҳам бор. Хусусан, Тбилисининг Она тили хиёбонида жойлашган битта бар россияликлар учун жорий этган янги тартиб-қоидалари билан шов-шув кўтарди.
Барнинг интернетда қизғин муҳокама қилинишига у ерда амалга киритилган ўзига хос “виза тизими” сабаб бўлди. Гап шундаки, Россия фуқаролари ушбу муассаса хизматидан фойдаланиш учун аввало унинг сайтига кириб, махсус анкетани тўлдиришлари керак. Бар хўжайини Дата Лапаури бу меҳмонлар ва хизатчилар учун комфорт муҳит яратиш мақсадида жорий этилганини айтади.
“Анкетани тўлдириш учун мотивация ва тахминан икки дақиқа вақт керак, холос. Потенциал мижоз Владимир Путинга ҳеч қачон овоз бермаганини, Украина ва Грузиянинг ҳудуди яхлитлигини тан олишини қайд этиши лозим. Агарда у рус тилида мулоқот қилишни афзал кўрса, хизматчиларга салом беради ва “ушбу тилда менга хизмат кўрсата оласизларми, йўқми”, деб сўрайди”, деди бар хўжайини Дата Лапаури
Россиялик интернет фойдаланувчиларнинг бир қисми бу тартибни “дискриминация” деб ҳисоблаб, барнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида очиқча норозилик билдирди. Бироқ муассаса хизматчилари бундай деб ўйламайдилар. Дата Лапаури айтишича, барда бунақа “виза тартиби” апрелда киритилган ва ўшандан бери муассасага кўплаб россияликлар келиб, дам олишган.
Форум