Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2025, Тошкент вақти: 18:53

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

18:07 6.8.2022

Халқаро Амнистия ташкилотининг Украинадаги ваколатхонаси раҳбари истеъфо берди

Халқаро Амнистия ташкилотининг Украинадаги ваколатхонаси раҳбари Украина Қуролли Кучларига қарши айбловлар айтилган ҳисобот эълон қилиниши ортидан истеъфо берди.

Халқаро Амнистия ташкилотининг Украинадаги ваколатхонаси директори Оксана Покалчук ўз лавозимини тарк этаётганини маълум қилди.

Шу ҳафта инсон ҳуқуқлари ташкилоти Украина Россия армиясига қарши туриш учун турар-жойларда ҳарбий позицияларни жойлаштириш орқали тинч аҳолини хавф остига қўяётгани ҳақида баҳсли ҳисоботни эълон қилди.

Ташкилотнинг Украинадаги бўлими аввалроқ ҳисобот тайёрлаш ва тарқатишда иштирок этмаганини билдирган эди.

Оксана Покалчук Киевдаги матбуот анжуманида бундай деди: "Агар сиз босқинчилар бостириб кирган ва уни парчалаб ташлаётган мамлакатда яшамасангиз, эҳтимол буни тушунмайсиз. Нотўғри - ҳимоячилар армиясини қораланг".

Украина президенти Владимир Зеленский ҳисоботни қоралаб чиқди.

“Россияни амнистия қилиб, сунъий равишда шундай ахборот контекстини яратган ҳар бир киши, баъзи террорчилик зарбалари гўёки оқланган ёки гўёки тушунарли бўлса, террорчиларга ёрдам бераётганини тушунмай қолиши мумкин эмас”.

Халқаро Амнистия ташкилоти танқидларни рад этган.

Амнистия ҳисоботида айтилишича, Украина кучлари турар-жой ҳудудларида, жумладан, мактаб ва шифохоналарда базалар ўрнатиш орқали халқаро қонунларни бузмоқда ва тинч аҳолига хавф туғдирмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, украиналик аскарлар жойлашган турар-жойлар фронт чизиғидан бир неча чақирим узоқда жойлашган ва армия учун тинч аҳолига хавф туғдирмайдиган “яшовчан алтернативлар” мавжуд бўлган.

Ҳисоботнинг эълон қилиниши Россия оммавий ахборот воситаларида фаол ёритилди ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам бунга изоҳ берди.

“Биз бу ҳақда доим гапирганмиз. Украина Қуролли Кучларининг бу ҳаракатларини тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланиш тактикаси деб атаймиз”, деб ёзди Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова ўзининг телеграмдаги каналида.

Халқаро Амнистия ташкилоти апрель ойида Россия расмийларнинг буйруғи билан Москвадаги ваколатхонасини ёпишга мажбур бўлган эди.

19:16 7.8.2022

The Times: Россия Украина жанубига катта қўшин тўпламоқда

Россия Украина жанубига Николаевни қуршаб олишга уриниш учун 25 минг аскар тўплади, дея хабар беради The Times ўз манбаларига таянган ҳолда.

Уларнинг салмоқли қисми яқинда минтақага етиб келган. Рус аскарларининг 10 мингтаси Днепрнинг ғарбий қирғоғида, Николаев шаҳрининг жануби-шарқида жойлашиб олган.

Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович Россия Николаевни ўраб олиш учун ҳужумга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкинлигини тан олди. The Times таъкидлашича, агар Москва Одессани эгаллашни режалаштирса, уларга Николаевни забт этиш об-ҳаводек зарур.

Бундан ташқари, Николаевнинг эгалланиши Россия учун Херсондаги Днепр устидаги кўприкларни Украина томонидан қабул қилинган Американинг HIMARS тизимлари етиб боролмайдиган жойга силжитиш учун керак бўлиши мумкин.

19:23 7.8.2022

Россия Мудофаа вазирлиги: ҳорижлик ёлланма аскарлар ва HIMARSлар йўқ қилинди

HIMARSлар урушдаги вазиятни ўзгартириб юбориши мумкин
HIMARSлар урушдаги вазиятни ўзгартириб юбориши мумкин

Россия Мудофаа вазирлиги шанба кунги Днепрга берилган зарбалар чоғида 80 дан ортиқ хорижлик ёлланма аскар ҳалок бўлганини маълум қилди.

Бош матбуот котиби Игор Конашенков, шунингдек, Украинанинг бир қанча ҳарбий тузилмалари “ўз позицияларини тарк этиб, ҳужум қилиш буйруғига бўйсунишдан бош тортганини” билдирди. Конашенков сўнгги зарбада йўқ қилинган ўнлаб Украина артиллерия қуроллари қаторида Америка HIMARSлари борлигини айтиб ўтди.

Озодлик бу маълумотларни уруш шароитида текшириш имконига эга эмас.

Бироқ, бундан олдинроқ Россия тарафи яна 6та ҲАЙМАРС тизимини йўқ қилгани тўғрисида берган маълумотлари мутахассислар томонидан ёлғон деб аталганди.

Пентагон матбуот котиби вазифасини бажарувчи Тодд Бреассел Россия мудофаа вазири Сергей Шойгунинг Украинадаги урушда АҚШда ишлаб чиқарилган олтита HIMARS ракета мажмуаси йўқ қилинганига оид иддаоси ҳақиқатга тўғри келмайди, деди.

“Вазир Шойгунинг сўнгги баёнотларидан хабаримиз бор ва улар яна атайлаб уйдирилган ёлғондир”, деган Пентагон мулозими.

Украинага берилган HIMARS тизимларидан биронтаси ҳам йўқ қилинмагани ҳақида аввалроқ “Жануб” оператив қўмондонлиги раҳбари, генерал-майор Андрей Ковальчук ҳам билдирган эди. Маълумотларга кўра, АҚШ шу кунгача Украинага 16 та HIMARS тизимини етказиб берган.

19:31 7.8.2022

Новая Каховдага янги маъмурият мулозими ўлдирилди

Херсон вилоятидаги Новая Каховка шаҳри оккупация маъмурияти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Виталий Гура суиқасд натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Херсон вилояти ишғол маъмурияти раҳбари ўринбосари Екатерина Губаревага таяниб, “ТАСС” хабар берди.

РИА Новости манбаларига кўра, шанба куни эрталаб Гура уйи ёнида бир неча марта ўқ узган, шундан сўнг у оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Бир кун аввал Херсон вилояти ишғол маъмурияти раҳбари Владимир Салдо заҳарланиш гумони билан касалхонага ётқизилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

База Телеграм каналида ёзилишича, Салдо жуда оғир аҳволда Қримга олиб кетилган. У ердан уни Москвага олиб кетишга қарор қилинган, аммо у комага тушиб қолган. Нашрнинг ёзишича, у Москвадаги Склифосовский илмий-тадқиқот институтининг токсикология бўлимининг жонлантириш қисмида қолмоқда.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG