Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2025, Тошкент вақти: 17:10

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

17:51 6.8.2022

Зеленский: Запорожье АЭСининг ўққа тутилиши террорчиликдир

Украина президенти Владимир Зеленский Запорожье АЭСи ўққа тутилишини террорчилик деб атади.

"Бугун босқинчилар Европада ҳамма учун яна бир ўта хавфли вазиятни яратдилар. Улар Запорожье АЭСини ўққа тутдилар ва буни бир кунда икки марта амалга оширдилар. Бу бизнинг қитъамиздаги энг йирик атом станцияси ва ҳар қандай отишма очиқдан-очиқ жиноят, террорчилик ҳисобланади. Россия Атом электр станциясига хавф туғдиргани учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак”.

Украина компанияси ўзининг Телеграм-каналида Россия томонидан босиб олинган ҳудуддаги Запорожье атом электр станцияси бир кун ичида иккинчи марта Россия ўққа тутилиши ҳақида хабар берди.

“Энергоатом” маълумотларига кўра, босқинчилар азот-кислород станцияси ва қўшма ёрдамчи бинога жиддий зарар етказган.

“5 август куни кечқурун россиялик террорчилар Запорожье атом электр станциясини яна ўққа тутди. Водороднинг оқиши ва радиоактив пуркаш хавфи мавжуд. Ёнғин хавфи юқори. Ҳозирда қурбонлар йўқ”, — дейилади хабарда.

Россия агентликлари ҳам АЭС ҳужумга тутилгани ҳақида хабар берди, бироқ улар украиналиклар станцияни артиллериядан ўққа тутгани ҳақида ёзишмоқда.

Уруш шароитида томонларнинг баёнотларини тезда текшириш имконсиз.

Украинанинг "Энергоатом" компанияси бир кун аввал ўққа тутилганидан сўнг Европадаги энг йирик атом электр станциясининг учта ишлайдиган энерго блокларидан бири тўхтатилганини эълон қилди.

17:54 6.8.2022

Россия Эрон дронларидан фойдаланмоқда

Украина президенти идораси раҳбари маслаҳатчиси Алексей Арестович Россия ҳарбийлари Украинада Эрон дронларидан фойдаланаётганини билдирди.

Бу ҳақда Урушни ўрганиш бўйича Америка институти ҳисоботида ҳам айтилади.

Аввалроқ Москва Эрондан учувчисиз учоқларни олмоқчи экани хабар қилинганди, бироқ бундай келишувлар ҳақида расман хабар берилмаган.

Урушни ўрганиш бўйича Америка институтининг кундалик ҳисоботида айтилишича, шанба куни Россия кучлари Бахмут жанубидаги аҳоли пунктларига қуруқликдан ҳужум қилиш учун муваффақиятсиз уринишлар қилган.

Урушни ўрганиш бўйича Америка институти ҳисоботида келтирилган баъзи жиҳатлар:

  • Пески қишлоғида рус ва украиналик ҳарбийлар бир-бирини артиллерия ҳужумига тутган. Россия бу қишлоқни ҳали тўлиқ назорат қила олмаганидан далолат беради, гарчи улар буни даъво қилсалар-да.
  • Россия ва Украина бир-бирини Энергодардаги Запорожье атом электр станциясига зарбалар уюштирганликда айбламоқда, бироқ аслида ким зарба берганини аниқлашнинг ҳозирча имкони йўқ.
  • Россия вилоятларида урушга жўнатиш учун "кўнгилли баталонлар"ни шакллантириш давом этмоқда - бундай бўлинмалар Омск ва Самара вилоятларида ташкил этилган.

17:59 6.8.2022

Путин ва Эрдўғон Сочида нималарга келишишди?

Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон жума куни Сочида учрашиб, тўрт соат суҳбатлашди.

Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак таъкидича, Россия ва Туркия Россия газини рублда қисман тўлашга ўтмоқда.

Ҳозирда Россия ҳар йили Туркияга 26 миллиард куб метрга яқин газ етказиб беради.

Россия ва Туркия президентлари Владимир Путин ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон “ғалла битими”, жумладан, Россия дон ва ўғитларини тўсиқсиз экспорт қилиш зарурлигини тўлиқ таъминлаш зарурлигини таъкидлаганлар.

Путин ва Эрдўғон Россия ва Туркия ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш, икки томоннинг энергия масалалари бўйича кутганларини қондиришга келишиб олди.

Бунга “Аккую АЭС” қурилиши ва 2023 йилгача ушбу лойиҳани ишга тушириш киради.

Россия ва Туркия президентлари Олий даражадаги ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишини Туркияда ўтказишга келишиб олдилар.

18:03 6.8.2022

АҚШ Украинага яна 1 миллиард долларлик ёрдам пакетини эълон қилиши кутиляпти

АҚШ президенти маъмурияти келаси ҳафтада, эҳтимол, душанба куни Украинага яна 1 миллиард долларлик ёрдам пакетини эълон қилиши кутиляпти.

Пакетга бир нечта HIMARS ракета тизимлари учун ўқ-дорилар, зенит тизимлари, шунингдек, 50та М113 зирҳли тиббий транспорт воситалари киради.

АҚШ Президенти Жо Байден ҳужжатни ҳали имзолагани йўқ, пакет мазмуни, яъни қуроллар сони ва турлари ўзгариши мумкин.

Агар Байден ҳужжатни шу шаклда имзоласа, бу ёрдам Украинага уруш бошланганидан бери тақдим этилган энг катта ёрдам бўлади.

Қўшма Штатлар аллақачон Украинага 8 миллиард 800 миллион долларлик қурол ва бошқа ёрдамларни юборган.

Ўтган ҳафтада Украина армияси Германиядаги Krauss-Maffei ширкати ишлаб чиқарган Panzerhaubitze 2000 зирҳли ўзиюрар замбаракларни қабул қилиб олди.

Ушбу 155 миллиметрли гаубицалар навигация ва автоматлаштирилган ўт ўчириш тизимлари билан жиҳозланган. Уларнинг ўқ-дори юки 60 та ўқ ва 228 модулли ёқилғи зарядига мўлжалланган.

Ушбу танкга ўхшаш ўзиюрар артиллерия мосламасининг экипажи 5 кишидан иборат. Ундан фойдаланиш учун украин аскарлари Германияда махсус курсларни ўтди.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG