Линклар

Шошилинч хабар
01 июл 2025, Тошкент вақти: 15:22

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

08:22 2.8.2022

Россия бош вазири ўринбосари: Мариупол аҳолиси сони 2025 йилда 350 минг кишига етказилади

Мариупол.
Мариупол.

Россия Украинага бостириб киргунига қадар Мариуполда 450 минг аҳоли яшар эди. Россия босқини оқибатида Мариупол қақшатқич жанглар майдонига айланди. Рус армияси шаҳар инфраструктурасини ва турар-жой биноларининг асосий қисмини вайрон қилди. Бунинг оқибатида ҳозир Мариупол аҳолиси сони 150-170 минг кишини ташкил этмоқда.

Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин РБК телеканалига берган интервьюсида оккупацион ҳукумат Мариуполни 212 минг аҳоли учун қиш мавсумига тайёрлаётганини айтди. Унга кўра, 2025 йилга келиб Мариупол аҳолиси 350 минг кишига, 2035 йилга келиб эса ярим миллион кишига етказилади. Хуснуллин вайрон этилган бинолар қайта тикланишини билдирди.

Мариупол шаҳар кенгаши тарқатган маълумотларда қайд этилишича, икки ой давом этган жанглар оқибатида шаҳардаги биноларнинг 90 фоизи вайрон этилган. Шаҳар аҳолиси шу кунгача электр, сув ва газ билан тўлиқ таъминланмаган.

11:06 2.8.2022

Украинада 2 август тонгидаги вазият хроникаси

АҚШ Урушни ўрганиш институти Россия Харьков йўналишида ҳужум қилишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълум қилди. Британия разведкаси эса Москва Донбасс йўналишидаги ҳужумлар режасига ўзгартиришлар киритаётганини билдирди.

Аввалроқ Украина томони Изюм йўналишида украин армияси “стратегик муҳим” тепаликлар назоратини қўлга киритганини хабар қилганди.

“Настояшчее время” телеканалининг маълум қилишича, Россия қўшини Украина контрҳужумларини қайтариш мақсадида Херсонда Днепр дарёсини кечиб ўтиш учун пантон кўприклар қурмоқда.

Айни пайтда Россия Николаев ва Харьковни бомбардимон қилишда давом этмоқда. Россия армияси Днепропетровск вилоятининг Никопол шаҳрини Запорож АЭСидан туриб бомбардимон қилаётир. Шунинг учун Украина армияси бу ҳужумга жавоб қайтара олмаяпти.

Россия Мудофаа вазирлиги Украина армиясига берилган АҚШнинг HIMARS ракета тизимидан тўрттаси ва тизимнинг “транспорт-ўқлаш машиналари” йўқ қилинганини билдирди. “Настояшчее время” телеканалининг билдиришича, Украина HIMARS ракета тизимининг “транспорт-ўқлаш машиналари”га эга эмас.

АҚШ ҳам, Украина ҳам Россия тарқатган бу хабарни тасдиқламади. Украина ҳукумати АҚШ яна тўртта HIMARS тақдим этганини билдирди. Украинанинг Лондондаги элчиси Вадим Пристайко Британия Киевга иккита ҳарбий кема беришини маълум қилди.

19:32 2.8.2022

Путин: халқаро металлар бозори санкциялар туфайли қимматламоқда

Россия президенти Владимир Путин халқаро металлар бозори ҳам худди энергетика сектори каби Ғарб давлатларининг «қарорлари» туфайли қимматлаётганини айтди.

Москвада металлургия вакиллари билан виртуал учрашувда Путин санкциялар ҳақида гапирар экан, Ғарб давлатлари қурилиш материаллари нархининг ошиши, жаҳон бозорларида инфляциянинг ошиши каби “аниқ ва тушунарли оқибатлар”ни ҳисобга олмаганини айтди.

Унинг иддао қилишича, Ғарб Россия металлургия бизнесини бостириш ва “бозорларни ўз фойдасига қайта тақсимлаш” учун фаол ҳаракат қилмоқда.

Июль ойи бошида Европа Иттифоқи Россияга қарши 57 жисмоний ва юридик шахсни қамраб олган еттинчи санкциялар пакетини жорий қилган эди.

Санкциялар тўғридан-тўғри Россия пўлат секторига, шунингдек, Россия иқтисодиёти учун муҳим бўлган бошқа кўплаб импорт ва экспортларга таъсир қилади.

19:35 2.8.2022

“Хорижий агент”ликда айбланган Шендеровичга 10 минг рубл жарима солинди

Москванинг Преображенский тумани суди ёзувчи ва публицист Виктор Шендеровичга “хорижий агент”нинг ўз мажбуриятларини бажармаслигига доир модда бўйича 10 минг рубл жарима солди. Б ҳақда “Агора” ҳуқуқбонлик ташкилоти раҳбари Павел Чиков “Телеграм” тармоида маълум қилди.

Унга кўра, жаримага Шендеровичнинг “Телеграм” тармоғида “хорижий агент” экани ҳақида эслатма бермаган ҳолда постлар эълон қилгани сабаб бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Россия Адлия вазирлиги Шендеровичга “хорижий агент” мақомини 2021 йил декабрда берган. Шундан сўнг ёзувчи мамлакатни тарк этган.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG