Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2025, Тошкент вақти: 01:12

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

17:20 10.9.2022

БМТ: "Қора денгиз дон ташаббуси" бўйича дастлабки натижаларга эришилди

БМТ Бош котибининг матбуот котиби Стефан Дюжаррик Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украина инқирози шароитида Қора денгиз дон ташаббусини амалга оширишда дастлабки натижаларга эришганини билдирди.

Россия ва Украина июль ойида БМТ шафелигида Туркия билан Қора денгиз дон ташаббусини имзолаган бўлиб, Украина ғалла, озиқ-овқат ва ўғит экспортини қайта тиклаш ҳамда Россия озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўғитларининг жаҳон бозорларига чиқишини осонлаштириш учун хавфсиз денгиз гуманитар коридорини яратган эди.

Шартнома муддати 120 кунни ташкил этади ва уни узайтириш учун барча томонлар келишиб олишлари керак.

Шу билан бирга, Россия ва БМТ ўртасида Россия қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жаҳон бозорига экспорт қилишни рағбатлантириш бўйича англашув меморандуми ҳам имзоланди.

Дюжаррик, дон кемаларининг аксарияти тижорат келишувларини амалга ошираётгани, уларнинг бир қисми украиналик етказиб берувчилар билан имзолангани ва шунинг учун БМТ юк ташишга аралашиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтди.

Бу ташаббус аллақачон глобал озиқ-овқат нархларини сезиларли даражада пасайтирди.

"Муҳими шундаки, биз ҳозир жаҳон бозорига уруш бошидагидан кўра кўпроқ дон кетаётганини кўряпмиз. Бу глобал миқёсда нархларнинг бир қисмини туширишга ёрдам берди ".

Бундан ташқари, Дюжаррик БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури орқали Эфиопия ва Яманга озиқ-овқат ташиш учун иккита гуманитар дон кемасини ижарага олганини ва яқин кунларда учинчи гуманитар дон кемаси ижарага олинишини таъкидлади.

20:43 9.9.2022

АҚШ генерали: Украиналиклар биз тақдим этган қуроллардан унумли фойдаланишмоқда

Украина АҚШ томонидан тақдим этилган ҲИМАРС ракета тизими билан юзлаб рус армияси нишонларига зарба бермоқда, деди АҚШ генерали Марк Милли:

"Украиналиклар биз тақдим этган қуроллардан унумли фойдаланишмоқда ва бунинг таъсирини жанг майдонида кўриб турибмиз. Фақатгина ҲИМАРС билан эмас, бошқа қуролларни ҳам айтиб ўтиш мумкин. Украина Россиянинг таъминот линиялари, ўқ-дори омборлари ва қўмондонлик-назорат пунктларига катта талафот етказди”.

Германияда йиғилган иттифоқчи мамлакатлар мудофаа вазирлари Киевни кейинги қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилди.

АҚШ президенти Жо Байден Украинага қўшимча 675 миллион долларлик ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини тасдиқлади.

Ёрдам пакети ўқ-дорилар ва танкка қарши тизимларни ўз ичига олади. Россия Украинага бостириб кирганидан бери Вашингтон Киевга 10 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатди.

20:41 9.9.2022

Уруш бизнесини синдирган, аммо умидини синдирмаган фермер

Фермер Александр Кривошея урушга қадар Киев вилоятида катта хўжаликни юритарди. Россия ҳарбийлари бостириб келишгач, унинг фермасини эгаллаб олиб, ўша ердан Украина ҚК позицияларига ўт оча бошлашади.

Кунларнинг бирида Александр ферманинг аниқ координатларини Украина ҚКга юборади ва бу билан россияликлар турган позицияга зарбани тўғри йўналтиришга, душман техникаларини йўқ қилишга кўмаклашади.

Ўша отишмалардан ферма қаттиқ зарар кўрди: бир нечта снаряд ғалла омборига тушиб, батамом кулга айлантирди. Чорва молларидан анча-мунчаси нобуд бўлди. Аммо Александр ва оиласи тушкунликка тушмади: кредит олиб, хўжаликни тиклашга бел боғлади.

Александрнинг фермаси Козаривичи қишлоғида жойлашган. Дарвоза олдида сизни қўриқчи – Рекс лақабли ит қарши олади.

“Рекс урушдан эсон-омон чиқди. Бошига снаряд парчаси кириб кетишига сал қолувди, хайриятки, тирик қолди, бир оз контузия бўлди холос”, дейди Александр Кривошея.

Рексга масъулиятли вазифа топширилган: у бир отар қўйни боқиб келади. Уруш бошлангунича Александрнинг 170 бош қўйи бор эди. Ҳозир 30 тача қолган. Ферма ҳудудида снарядлардан қолган чуқурлар кўп, иморатларнинг бари вайрон бўлган.

“Ўттизтача қўйим ўлди, қолганини руслар еб кетди. Бир ой таъминотсиз қолиб, шу билан жон сақлашди. Омборларим шифтгача тўлган эди. Деворга қаранг, қаергача ёниб борганини кўрасиз. Анави ерда трактор турарди, снаряд тегиб бир уюм темирга айланди”, дейди фермер.

Россия қўшинлари Киев яқинидан чекингач, эр-хотин хўжаликни тиклашга киришди: таниш фермерлардан қарзга уруғлик олиб, ғалла экишди. Биринчи ҳосилни йиғиб олишга ҳам улгуришган. Айтишича, руслар кетганидан сўнг далада қолган мина ва снаряд парчалари кўп бошоғриқ бўлган.

Қарзга ботган бўлишса-да, ишлари ўнгланиб кетишига ишонишади. Айни чоғда Александр уруш тугамаганини, Россия армияси яна Киевга ҳужум қилиши мумкинлигини ўйлаб баъзан алағда бўлаётганини айтади.

“Қўрқамиз. Ҳар куни эрталаб кўзимни очиб, ҳаммаси яна қайтадан бошланмасайди, деган фикр хаёлимдан кечади. Ахир, уруш тугагани йўқ-ку?” дейди фермер.

20:39 9.9.2022

Сўнгги ҳарбий ҳаракатлар:

Украина президенти Владимир Зеленский, армияси шимоли-шарқда устунликка эришганини айтмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков эса, Украина қўшинлари сўнгги 24 соат ичида катта йўқотишларга учрагани боис, Николаевдан Кривой Роггача бўлган йўналишда ҳужум уюштира олмайди, деб баёнот берди.

Россия ҳарбий ҳаво кучлари, артиллерия ва ракета бўлинмалари ҳудуддаги Украина қўшинларига ҳужум қилишда давом этмоқда.

Россия томони даъвосича, Украина армияси 20 га яқин жанговар техникасини йўқотган. Россия армияси Украинанинг жанубий фронтдаги ўқ-дорилар омбори, Бук-М1 ракета тизимлари ва радарларини ҳам йўқ қилганини иддао қилмоқда.

“Россия Константиновка ҳудудида Украина ҳарбий-ҳаво кучларининг Су-25 қирувчи самолётини уриб туширди ва Херсон, Харьковда ҲАЙМАРС тизимидан учирилган 10 дан ортиқ ракетани тутиб олди”, дея таъкидлади Конашенков.

Украина Қуролли Кучлари Бош штаби эса, Украина қўшинлари ўтган кун ичида Донецк вилоятининг фронт чизиғидаги кўплаб жойларда Россия ҳужумларини қайтарганини даъво қилмоқда.

Харьков вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов маълум қилишича, тунда вилоят ўққа тутилиши натижасида 4 нафар тинч фуқаро нобуд бўлган, иккиси Харьковда, яна иккиси Изюм ва Чугуев туманларида бўлган.

Харьков шаҳри мэри Игорь Терехов ҳам шаҳар яна ўққа тутилганини билдирди. Унга кўра, Россия қўшинлари шаҳарнинг шимоли-шарқида жойлашган Киев туманидаги турар-жой даҳаларига зарба берган.

“Хайриятки, ҳеч ким жабр кўрмади, лекин бир нечта уй қисман вайрон бўлди. Ёнғин йўқ. Тахминимизча, ялпи ўт очиш тизимларидан ўққа тутишган”, деб ёзди у.

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ҳарбий разведка ҳисоботида Россия-Украина можароси келаси йилга қадар давом этиши мумкинлигини таъкидлаган.

Уруш шароитида томонлар бераётган ўзаро зид маълумотларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG