“Ўнлаб аҳоли пунктларини озод қилинди”
Украина президенти Владимир Зеленский видеомурожаатида Киев кучлари сентябрь ойидан бери “ўнлаб аҳоли пунктларини озод қилгани” ва шарқ ва жанубда 1000 квадрат километр ҳудудни қайтариб олганини айтди.
"Мудофаа операциялари давомида қаҳрамонларимиз ўнлаб аҳоли пунктларини озод қилди. Бу ҳаракат бугун ҳам давом этмоқда ва яхши натижалар бор. Умуман олганда, 1 сентябрдан буён 1000 квадрат километрдан ортиқ ҳудудимизни озод қилдик. Бунда иштирок этган барчага раҳмат. Яна кўтарилган Украина байроғи учун армияга, разведкачиларга, махсус зобитларга раҳмат айтаман”.
Аввалроқ украиналик Украина армияси генерали рус қўшинларидан 117 квадрат километр ҳудуд қайтариб олингани ва Украина армияси Россия фронт чизиғидан 77 километр олдинга силжиганини маълум қилган.
Россия Харьков ҳудудида жанглар бўлганини тасдиқлади, бироқ йўқотишлар ҳақида ҳеч нима демади.
Украина бир неча ҳафтадан бери жанубда, Херсон яқинида катта қарши ҳужумлар ҳақида гапирмоқда. Ғарб ҳарбий таҳлилчиларининг фикрича, Россия жанубни мустаҳкамлашга шошилар экан, бошқа ҳудудларда ҳушёрликни йўқотаётган бўлиши мумкин.
Блинкен 8 сентябрь куни у Киев яқинидаги Ирпинга борди
Украина тезкор қарши ҳужумлар билан шарқ ва жанубдаги ҳудудларини қайтариб олганини маълум қиларкан, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украинага кейинги ёрдам пакетини муҳокама қилиш учун Киевга боди.
“Бу биноларга бир қаранг - барчаси фуқаролар турар жойлари. Бир қарашда бу бефарқлик оқибатидек кўринади. Энг ёмон ҳолатда эса бу қасддан қилинган хунрезлик”, деди Блинкен.
Бу Блинкеннинг Россиянинг февраль ойидаги босқинидан кейин Украина пойтахтига иккинчи ташрифи.
Блинкен, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан учрашди ҳамда болалар касалхонасига ташриф буюрди ва у ерда Россия бомбардимонларидан яраланган болаларни бориб кўрди.
АҚШ Давлат котиби, келажакда Россия тажовузи хавфи остида бўлган 18 давлатга ва Украинага 2,2 миллиард доллар ҳарбий ёрдам ҳақида эълон қилди.
Тахминан 1 миллиард доллар Украинага ажратилади. Қўшма Штатлар, шунингдек, Украинага қўшимча 675 миллион долларлик қурол-яроғ ажратилишини ҳам ваъда қилган.
Россия Харьков вилоятида нафақат жанг, балки ахборот майдонида ҳам ютқазмоқда
Украина эса яқин кунларда Купянскни озод этиши мумкин. Урушни ўрганиш институтининг (ISW) Украина қарши ҳужумига бағишланган навбатдаги кундалик исоботида шу ҳақда сўз боради.
Экспертларга кўра, Украина ҚКнинг Харьков – Изюм йўналишидаги ютуқлари Россия томони нафақат мудофаа борасида, балки ахборот маконида ҳам заифлашишига олиб келмоқда.
Бу воқеалар май ойида Северский Донец дарёсидан ўтишдаги муваффақиятсизлик сингари Россия қўмондонлигига нисбатан ишончга жиддий путур етказади.
Аввалроқ украин армияси 8 сентябрь куни Россиянинг Изюмдан шимолда жойлашган мудофаа позициялари томон 50 километр ичкарига кириб борганини эълон қилган эди. Бироқ Россия Мудофаа вазирлиги бу хусусда ҳеч қандай баёнот бермади, ҳатто инкор этгани ҳам йўқ.
Экспертлар фикрича, Украинанинг ютуқлари ва Россиянинг сукути рус ҳарбий блогерларининг жаҳлини чиқарган ва улар Россия армияси Балаклея шаҳрини сақлаб қолишга қодир бўлмаганини муҳокама қила бошлаганлар. Улардан айримлари – Россия қўшинлари Балаклеяни тўлиқ ёки қисман тарк этганидан, бошқалари эса Россия армияси у ердан сиқиб чиқарилганидан баҳс этганлар.
Россия қўмондонлиги бошига ёғилган танқидлар ISW экспертларига май ойида Россия ҳарбийлари Луганск вилоятида Северский Донец дарёсини кечиб ўта олмаган вазиятни эслатди. Ўшанда сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар дарё яқинида Россиянинг жуда кўп ҳарбий техникалари яксон бўлганини кўрсатган эди. Ушбу тасвирлар Россия қўмондонлигининг воқеликни тактик даражада таҳлил қилиш лаёқатини катта шубҳа остига қўйди. Россия Мудофаа вазирлиги ўшанда ҳам вазиятга изоҳ бермаган.
Шундай қилиб, бугун Россия томони изоҳ беришдан ўзини олиб қочиб, аввалги хатосини такрорламоқда.
Бу орада Украина армияси Харьков вилоятининг Россия босиб олган ҳудудларини озод қилишда давом этмоқда. ISW таҳлилчиларига кўра, яқин 72 соат ичида украин қўшинлари Купянск шаҳрини эгаллайди. Бу Россия ҳарбийларининг Изюм шаҳри билан коммуникациясини баттар издан чиқаради.
Зеленский: Қироличанинг вафоти бутун дунё учун оғир йўқотиш
Украина президенти Владимир Зеленский 8 сентябрь куни қиролича Елизавета ll вафоти муносабати билан дунё етакчилари қаторида Британия қироллик оиласига ҳамдардлик билдирди.
Буюк Британиянинг энг узоқ ҳукмронлик қилган монархи, давлат арбоби ва етмиш йил давомида жаҳон саҳнасида юксак мавқега эга бўлган қиролича Елизавета ll, 8 сентябрь куни 96 ёшида Шотландиядаги қасрида вафот этди.
"Қиролича Елизавета II нинг вафотини эшитиб, чуқур қайғуга тушдим. Бу бутун Европа, бутун дунё учун оғир йўқотиш. Украина халқи номидан қироллик оиласига, Буюк Британия ва ҳамдўстлик мамлакатларига ҳамдардлик билдираман. Сиз учун ибодат қиламиз", деди Зеленский.
Қиролича Елизавета ва унинг вафоти ортидан тахтга ўтирган янги қирол Карл, бу урушда Украинани қувватлашини билдирган:
"Ҳурматли жаноблар ва Жамоалар палатаси аъзолари, қиролича зоти олиялари ҳукуматининг устувор йўналиши иқтисодиётни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳамда оилаларнинг яшаш харажатларини енгиллаштириш бўлиб келган. Ҳозирги қийин дамларда қиролича зоти олиялари ҳукумати бутун дунё бўйлаб демократия ва эркинликни ҳимоя қилишда ва Украина халқини қўллаб-қувватлашда давом эттиради”.
Форум