Латвия шенген визаси олган россияликлар учун ўз эшикларини ёпди
Бу ҳақда твиттерда мамлакат ТИВ раҳбари Эдгардс Ринкевичс маълум қилди.
“Латвия ҳукумати шенген визасига эга Россия фуқароларининг Латвияга киришини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилди”, деб ёзди у.
Аввалроқ Латвия расмийлари мазкур қарор биринчи галда Болтиқ мамлакатлари ва Финляндиядан Европанинг бошқа давлатларига ўтиш учун транзит сифатида фойдаланувчи россиялик туристларга қарши қаратилганини билдиришган эди.
Бир неча кун олдин Эстония шундай қарор қабул қилган. Шунингдек, Литва билан Польша ҳам россияликларни ўз ҳудудига киритишни тўхтатди – бундан қариндошлариникига меҳмонга бораётганлар ва гуманитар виза эгаларигина мустасно.
Ушбу мамлакатлар Европа иттифоқига аъзо барча давлатларни россияликларга қарши шундай чеклов жорий этишга чақирган эди, аммо ЕИ таркибидаги бошқа мамлакатлар бунга кўнмади.
Натижада Еврокомиссия фақат ўртача чоралар кўришга розилик берди ва 6 сентябрда Россия билан виза режимини соддалаштиришга доир битимнинг амал қилишини бутунлай тўхтатди.
Бу виза нархи ошганини ва уни расмийлаштириш муддати сезиларли даражада узайганини англатади, сайёҳлик мақсадида виза бериш-бермаслик масаласини эса Европа давлатларининг Россиядаги консулликлари ҳал қилади.
Украина армияси августда Россиянинг Қримдаги ҳарбий объектларига зарба берганини тан олди
Кеча Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Валерий Залужний ҳамда Олий Рада Миллий хавфсизлик ва мудофаа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари генерал Михаил Забродскийнинг Россияга қарши ҳарбий кампания истиқболларига бағишланган мақоласи эълон қилинди. Унда Украина ҚКнинг муваффақиятли ҳаракатларига мисол сифатида “жанговар ҳаракатлар вақтинча босиб олинган Қрим мухтор республикаси ҳудудига жисмонан кўчирилгани” тилга олинган. Бунда “душманнинг Қримдаги авиабазалари, энг аввало – Саки аэродромига қатор муваффақиятли ракета зарбалари назарда тутилмоқда”.
Саки авиабазасига ҳужум 9 август куни амалга оширилган ва Россиянинг 7 тадан 11 тагача ҳарбий учоқлари яксон бўлишига олиб келган эди. Украина ушбу воқеа учун масъулиятни ҳануз бўйнига олмай келаётган эди. Аннексия қилинган Қримдаги ҳарбий объектларда ундан кейин ҳам қатор портлашлар содир бўлди.
Украина босиб олинган ерларини қайтариб олмоқда
АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) маълумотига кўра, украинлар Балаклея атрофида тахминан 20 километрга илгарилаб, чамаси 400 кв. км майдонни қайтариб олганлар. “Геолокацион тасвирлар Украина армияси кучлари Балаклея ҳамда Вербовкадан Т2210 шоссеси бўйлаб – Яковенко ва Волохов Яр орқали Шевченково томонга илгарилаганини кўрсатмоқда”, дейилади ISW экспертларининг янги ҳисоботида.
Украина ҚК Бош штаби ўз маълумотида илк бор Балаклеядаги ҳужумларга ишора қилди. Охирги суткаларда Россия артиллерияси зарба берган аҳоли масканлари орасида Байрак қишлоғи тилга олинди – кўплаб манбаларга кўра, украин қўшинлари мазкур қишлоқни куни кеча Балаклея шаҳри ва унинг атрофидаги кентларга ҳужум чоғида эгаллаган.
АҚШ Украинага қўшимча 675 миллион долларлик қурол-яроғ ажратади
АҚШ Президенти Жо Байден Украина учун қўшимча 675 миллион долларлик ҳарбий кўмак пакетини маъқуллади, дея маълум қилди АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Германияда ўтган мудофаа вазирлари йиғилишида.
Вазирлар Россия босқини давомида Украинага узоқ муддатли ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилган
Германиядаги Рамштейн ҳаво базасида ўнлаб мудофаа вазирлари йиғилиши аввалида сўз олган Остиннинг таъкидлашича, иттифоқчи мамлакатлар Украина кучларини тайёрлаш ва узоқ муддатли истиқболда ўзларининг мудофаа салоҳиятини яхшилаш учун ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилади.
"Ҳозир урушнинг муҳим бир палласида турибмиз. Россия кучлари Украина шаҳарлари ва тинч аҳолини ракета ва артиллерия билан шафқатсизларча бомбардимон қилишда давом этмоқда. Украина кучлари ҳам жанубдан қарши ҳужумларни бошлади. Улар ўз суверен ҳудудларини қайтариб олиши ва жанг қилиши учун кўрсатган ёрдамимиз ҳамда ўз имкониятларини бирлаштирган ҳолда ҳаракат қилишмоқда", деди АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин.
Россия февраль ойида Украинага бостириб кирганидан бери Вашингтон Киевга 10 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатди.
Сўнгги ҳарбий ёрдам пакети ўқ-дорилар, танкка қарши қуролларни ўз ичига олади.
Олти ойдан бери давом этаётган можаро минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлиб, Украина шаҳарларини вайронага айлантирди.
Охирги ҳафталарда Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлмиш Запорожьеда радиация фалокати юз беришидан хавотирлар кучайди.
Форум