АҚШ Россияни Украинада «фильтрлаш» амалиётларини зудлик билан тўхтатишга чақиради
7-сентябрь куни АҚШ Кремлни Украинада «фильтрлаш» амалиётларини йўлга қўйганликда айблади. Вашингтонга кўра, Россия ўз назорати остидаги ҳудудларга мажбуран кўчириб ўтиш лозим бўлган украиналиклар рўйхатларини тузмоқда.
«Россия президенти маъмурияти расмийлари фильтрлаш учун нишонга олинаётган украиналиклар рўйхатларини тақдим этмоқда, бундай амалиётлар кўлами ва сурати ҳақида ҳисобот олмоқда. Биз фильтрлаш операциялари Кремлнинг ўз назорати остидаги украин ҳудудларни аннексия қилиш ҳаракатларида ҳал қилувчи аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз», дедиОқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер.
Ўтган ой Йель университетининг эълон қилган ҳисоботида Россия ва унинг Украинадаги ҳарбийлари асирлар ва тинч аҳолини ҳибсга олиш, сўроқ қилиш ва қайта ишлаш учун 21 та махсус пункт яратгани айтилади.
Хусусий сунъий йўлдошлардан олинган тасвирлар ҳамда очиқ манбалардаги маълумотларга таянган ҳолда ёзилган ҳисоботда эътироф этилишича, бундай пунктлар орасида собиқ мактаб бинолари, бозорлар ва қамоқхоналар бор.
Украина расмийлари Россияни босиб олинган Украина ҳудудларидан юз минглаб одамни депортация қилишда айбламоқда.
Москва 24 февраль куни бошлаган «махсус ҳарбий амалиёти» давомида тинч аҳолини қасддан нишонга олаётганини рад этиб келади. Москва ҳудуддан чиқиб кетишни хоҳловчиларга инсонпарварлик ёрдами таклиф қилинаётганини иддао қилмоқда.
Германия ташқи ишлар вазири парламентни Россия пропагандасига қарши курашишга чорлади
7 сентябрь куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Германия Россиянинг Украинадаги босқинчилик урушини дипломатик йўллар билан тугатиш учун етарли чора кўрмаётгани ҳақидаги танқидларга жавоб қайтарди.
Парламент олдида қилган чиқишида Бербок музокаралар ва дипломатик саъй-ҳаракатлар парда ортида давом этаётганини айтди. Айни пайтда, вазир ҳозирги шароитда дипломатик саъй-ҳаракатларни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти орқали амалга ошириш тўғри бўлишини қўшимча қилди.
«Шуни ёдда тутишимиз керакки, бу уруш турли даражаларда олиб борилмоқда. Нафақат қурол билан, нафақат газ ва нефть билан, балки ёлғон ва асоссиз ҳикоялар билан. Видеолар монтаж қилинаётгани, мазмуни ўзгартирилаётгани рост. Бунга дош бера олиш бизнинг вазифамиз», - деди у.
Бербок Россия пропагандаси ва сохта янгиликлар тарқалаётганидан огоҳлантирар экан, газ нархининг ошиши одамларни бир-бирига қарама-қарши қилиш учун асос бўлмаслигини кераклигини айтди.
Бербок, шунингдек, парламент аъзоларидан Германия демократияси ва фаровонлигини қўллаб-қувватлашга, бунинг учун қонун устуворлигига қилинаётган ҳужумларга қарши туришга чорлади.
Зеленский: Келгуси йилда мудофаа соҳасига 27 миллиард доллар ажратилади
7 сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский келаси йил мамлакат бюджетидан мудофаа ва хавфсизлик харажатларига триллион гривнадан (27,07 миллиард доллар) кўпроқ маблағ ажратилишини айтди.
«Мен Вазирлар маҳкамаси раҳбари, молия вазири ва президентнинг махсус ўринбосари билан келаси йилнинг бюджети лойиҳаси бўйича учрашув ўтказдим. Бу уруш олиб бораётган мамлакат бюджети бўлиши аниқ. Расмийлар лойиҳа параметрларини тақдим этишади, лекин мен ҳозир унинг баъзи муҳим сиёсий жиҳатларини айтиб ўтаман. Биринчиси, кейинги йил хавфсизлик ва мудофаа соҳаларига 3 триллион гривнадан ошиқ маблағ ажратилади».
Зеленский ўз видеомурожаатида, шунингдек, пенсия тўловлари каби ҳукуматнинг ижтимоий мажбуриятлари ҳам тўлиқ қопланиши кераклигини айтди.
Президент муҳим бўлмаган харажатларни имкон қадар камайтириш кераклигини қўшимча қилди.
Зеленский Киев шарқидаги Харьков вилоятидан «яхши хабарлар» келаётгани, хусусан, айрим аҳоли пунктлари Россия кучларидан қайтариб олинганини таъкидлади.
Бундан ташқари, президент Украина жанубида Москва кучларига қарши муваффақиятли зарбалар учун Украина артиллерия қўшинларига миннатдорчилик билдирди.
"Балаклеяда Росгвардиянинг Самара ва Бошқирдистон спецнази бирлашган отрядлари қуршаб олинган!"
Охирги ҳафтада қатор манбалар Украина Қуролли Кучлари Россияга қарши фронтнинг қатор участкалари ҳужумга ўтганини тасдиқламоқда. Жумладан, Украинадаги урушни ёритувчи россияпараст телеграм каналлари Харков вилоятининг Балаклея шаҳрида рус қўшинлари қуршаб олингани ҳақида хабар бермоқда. Украина армияси минтақада қарши ҳужумни амалга оширмоқда. Шаҳар остида жойлашган Украинанинг энг йирик ҳарбий омборлари озод қилингани ҳақида хабар берилган.
Украина армияси 6 сентябр, сешанба куни эрталаб Балаклея вилоятидаги Изюм яқинида Россия қўшинлари гуруҳининг қанотига ҳужум қилди.
7 сентябр куни эрталаб россиялик ҳарбий журналист Юрий Котенок Балаклеяда Росгвардиясининг Самара ва Бошқирдистон спецназининг бирлашган отрядлари қуршаб олингани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, улар билан алоқа узилган. Урушни ёритувчи аноним "Олдер Эдда" канали ҳам шаҳарнинг тезкор қуршаб олингани ҳақида хабар бермоқда.
Март ойида рус қўшинлари томонидан қўлга олинган Балаклея чеккасида Украина Қуролли Кучлари Марказий ракета ва артиллерия бошқармасининг ўқ-дориларни сақлаш учун энг йирик базаси жойлашган. Россияпараст каналлар катта рус арсенали жойлашган Балаклея яқинидаги Вербовка қишлоғи Украина қўшинлари томонидан озод қилингани ҳақида хабар бермоқда. Бу маълумотни Америка урушни ўрганиш тадқиқот институти тасдиқлаган.
Високополе узра Украина байроғи кўтарилгани акс этган сурат эълон қилинди. Украина ҳукумати ва армияси Харков вилоятидаги ҳужум ҳақида ҳеч нарса маълум қилмаяпти. Август ойи охирида Херсонга ҳужум муваффақиятсиз бошланганидан кейин Украина Бош штаби журналистларга ҳарбийларнинг ҳаракатлари ҳақида хабар бермасликни тавсия қилди.
Сешанба куни Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат жанубидаги ҳарбий амалиётни изоҳлар экан, армия нафақат мамлакат жанубида, балки бошқа йўналишларда ҳам қарши ҳужумга ўтганини тасдиқлади.
Форум