Зеленский: Иккинчи марта радиация ҳалокати рўй беришига сал қолди
Владимир Зеленский украиналикларга йўллаган навбатдаги видеомурожаатида Запорожье АЭС яна ўққа тутилганига тўхталди
“Бугун, россиялик провакаторлар яна бир карра ўққа тутиши натижасида Запорожье АЭСни Украина энерготизими билан боғловчи сўнгги электр узатиш линияси шикастланди. Россиянинг провакациялари туфайли станцияда шу билан иккинчи марта радиация ҳалокати рўй беришига сал қолди. Россия айнан ҳозир – Атом энергияси бўйича халқаро агентлик хулосаси эълон қилиниши арафасида бу ишни қилгани кўп нарсани очиқлайди. Террорчи давлат бу билан Халқаро агентлик фикри ҳам, халқаро ҳамжамиятнинг қарори ҳам унинг учун мутлақо фарқсизлигини англатмоқчи. Россия вазият жуда ёмонлашувидан ва мумкин қадар узоқ сақланишидангина манфаатдор. Россиянинг эсини киргизиб қўйишнинг ягона йўли – бу санкцияларни кучайтириш ва барча даражаларда уни террорчи давлат деб расман тан олишдир”, деди Украина президенти.
Кривой Рог ракета зарбалари остида қолди
Россия армияси Днепропетровск вилоятининг Кривой Рог туманига ракета зарбалари йўллади
Бу ҳақда соат 08:13 да туман ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Вилкул маълум қилди. У маҳаллий аҳолини панажой топишга чақирди.
Бундан бироз олдин Вилкул телеграмда Кривой Рог тумани кечаси ўққа тутилмагани ҳақида ёзган эди.
“Украинская правда” нашрига кўра, сешанба тонггида бутун Украина бўйлаб ҳаво тревогаси эълон қилинган. Хусусан, Днепропетровск вилоятида тревога бир ярим соат – 07:02 дан 08:32 гача давом этган.
Вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Валентин Резниченко 6 сентябрга ўтар тунда Никополь тумани ҳам ўққа тутилганини билдирди. Айтишича, шаҳарга “Град” реактив қуроллари билан ҳужум қилинган.
Снарядлар Никополдаги турар-жой даҳаларига тушгани айтилмоқда. Бир эркак ва бир аёл жароҳат олиб, касалхонага тушган. Тиббиётчилар уларнинг аҳволини ўртача дея баҳолашмоқда.
Буюк Британия мудоаа вазири Бен Уоллес кечаги чиқишида Россия армиясининг Украинадаги урушда ўлган аскарлари сони 25 мингга етганини айтди.
Уоллесга кўра, Россиянинг уруш бошидан бери кўрган жами талафоти – ярадорлар, асирга тушганлар ва қочоқларни қўшиб ҳисоблаганда тахминан 80 минг кишини ташкил қилади.
Россия армияси ҳарбий техникаларини боғча ва ибодатхоналарга жойлаштирмоқда
Бу ҳақда Украина ҚК Бош штаби ҳисоботида маълум қилинди.
“Душман шахсий таркиб ва ҳарбий техникаларини болалар боғчаларига, ибодатхоналарга жойлаштирмоқда. Харков вилоятининг Кичик Камишеваха шаҳридаги Муқаддас учлик черковини эса дала госпиталига айлантирган”, дейилади ҳисоботда.
Ҳисоботда фронтдан олинган сўнгги хабарлар ҳам келтирилган. Украина ҚК Бош штабига кўра, сўнгги суткаларда Россия қўшинлари Украина шаҳар ва қишлоқларига 3 та ракета ва 35 дан ортиқ авиация зарбалари йўллаган, шунингдек ялпи ўт очиш реактив тизимларидан қарийб 50 марта ўққа тутган.
Россия Шимолий Кореядан миллионлаб артиллерия снарядлари ва ракеталар сотиб олади
Бу ҳақда АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб The New York Times хабар қилмоқда. Нашрда ёзилишича, ушбу маълумот Россия Эрондан жанговар дронларнинг биринчи партиясини харид қилганидан сўнг ўртага чиққан. АҚШ мулозимларига кўра, бу Ғарб санкциялари туфайли Россиянинг таъминот йўллари заифлашаётганини кўрсатади.
The New York Times очиқланган маълумотларда қуролларнинг таркиби, ўлчамлари ва жўнатилган санаси келтирилмаганини қайд этган. Бироқ АҚШ расмий вакили Москва КХДРдан яқин масофага учадиган ракеталар ва артиллерия снарядларидан ташқари қўшимча асбоб-анжом ҳам сотиб олмоқчи эканини билдирди.
Муаммо шундаки, АҚШ билан ЕИ Россиянинг Эрон ва КХДРдан қурол-аслаҳа сотиб олишига ҳеч бир тариқа қаршилик қила олмайди. Бу мамлакатлар на АҚШ санкцияларидан, на халқаро санкциялардан қўрқади, шу боис улар Москва билан олди-берди қилишдан умуман зарар кўрмайди. Шимолий Кореядан қурол сотиб олиш айни чоғда БМТ резолюцияларига ҳам зид ҳисобланади.
Форум