Россиялик журналист мамлакатни тарк этди
Россиялик журналист, The New Times журнали бош муҳаррири Евгения Альбац мамлакатни тарк этди. Ўзи айтишича, энди у Нью-Йорк университетида дарс беради
“Кетиш таклифини ахийри қабул қилдим. Сабабини айтайми? Мени тўрт марта маъмурий жавобгарликка тортишди, “хорижий агент” деб эълон қилишди. Яна тахминан уч-тўрт ҳафтадан сўнг қамоққа олишларини тушундим”, дейди Альбац.
Журналист Россиядан кўчиб кетиш масаласини қаттиқ тартибли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Алексей Навальний билан муҳокама қилганини, мухолифатчи “Женя, тентаклик қилманг, кетиш керак. Қамоққа тушишингиздан ҳеч кимга фойда йўқ”, дея маслаҳат берганини айтди.
Россия армияси Харков марказини яна ўққа тутди
“Харковда портлашлар бўляпти. Панажойда қолинг”, деб ёзди телеграм-каналида вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов.
Унинг айтишича, 6 сентябрь тонгидаги ҳужум оқибатида шаҳар марказида кўп қаватли турар-жой биноси вайрон бўлган. Жабрланганларга доир маълумотлар ҳали аниқлаштирилмоқда, шифохонага ётқизилганлар йўқ. Портлаш юз берган жойларда қутқарувчилар ишлаяпти.
Аввалроқ Харков мэри Игорь Терехов тунги ҳужумлар ҳақида маълум қилган эди. Унга кўра, зарбалардан сўнг вайроналар тагидан бир аёл жасади топилган.
Украина Польшада бўлиб ўтган ҳарбий кўргазмада ўз ракета тизимларини намойиш этди
«Укроборонпром» украин қурол ишлаб чиқарувчи ширкати Польшанинг Кельце шаҳрида бўлиб ўтаётган халқаро мудофаа саноати кўргазмасида ўз ракета ва ракета тизимлари моделларини тақдим этмоқда.
«Укроборонпром» кўргазмада иштирок этаётган 400 ширкатнинг биридир. Кўргазмада ширкат Украина армияси томонидан қирғоқларни, шу жумладан, жанубий Одесса портини ҳимоя қилиш учун қўлланилаётган «Нептун» ракеталарини тақдим этди.
Киевдаги «Луч» дизайн ишхонаси ходими Антон Ашевский 5 сентябрь куни Reuters агентлигига берган интервьюсида:
„Вильха“ тактик ракета тизими ракетаси 110 километр масофага бора олади. Айлана хато диапазони бор-йўғи 30 метрни ташкил қилади. Ракета йўналтириш мосламаси, бирлашган инерциал навигация тизимига ҳамда GPSга таянади. Россияга қарши урушда аллақачон жуда яхши иш беряпти. Бу фаол радар қидирувига эга қанотли ракета. Шундай ракеталардан бири Россиянинг «Москва» крейсерига бори урилган", - деди.
Уч кунга чўзиладиган Кельце кўргазмаси Париж ва Лондон кўргазмаларидан кейин Европадаги учинчи энг муҳим мудофаа саноати тадбири ҳисобланади.
Зеленский: "Урушда Борис биз билан бўлди"
5-сентябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский Буюк Британиянинг навбатдаги бош вазири Лиз Трасс «ҳар доим Европа сиёсатининг маърифатли томонида» бўлиб келганини ҳамда Киев у билан ҳамкорликни давом эттиришни интиқлик билан кутаётганини айтди.
Душанба куни Трасс ҳукмрон Консерватив партия номзодлари пойгасида ғолиб чиқиб, Буюк Британиянинг навбатдаги бош вазири бўлди. Сиёсатчи ваъда қилиб келганидек солиқларни қисқартириш ва турмуш даражасини яхшилаш устида ишлашини айтди.
Сиёсий таҳлилчилар Трасс Британиянинг Украинани қурол-яроғ ва ўқув машғулотлари билан таъминлаш сиёсатини давом эттиришини кутишмоқда.
Зеленский навбатдаги кечки нутқида душанба куни истеъфога чиққан бош вазир Борис Жонсон билан гаплашганини айтиб, Жонсон Украинани дастаклаб келгани учун олқишлади.
«Россиянинг Украина ва Европага қарши кенг кўламли урушининг дастлабки дақиқалариданоқ Борис биз билан бўлди. Ҳар доим „Яна қандай ёрдам бера оламан?“ унинг биринчи ва энг муҳим саволи бўлди».
Зеленский сўнгги йилларда Украина ва Британия ўртасидаги алоқалар «мисли кўрилмаган даражада» мустаҳкамлаганини қўшимча қилди.
«Бугун Борисга барча украиналиклар номидан миннатдорчилик билдирдим. Борис билан унинг янги мақомида ҳамкорликни давом эттиришни интиқлик билан кутаман».
Зеленский Запорожье атом электр станцияси миллий электр тармоғидан узилгани ва АЭСда иккинчи марта «радиациявий фалокатга бир қадам қолганини» айтди.
Зеленский АЭСдаги муаммоларга Россиянинг янги ҳужумлари сабабчи эканлигини айтди.
Россия ва Украина бир-бирини Запорожье АЭС ва унга яқин ҳудудларни ўққа тутишда айблаб келади.
«(Завод) ҳудудининг ўққа тутилиши террорчи давлат ХАЭА нима дейиши, халқаро ҳамжамият нима қарор қилиши унга қизиқ эмаслигини кўрсатади», — деди Зеленский.
Форум