Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2025, Тошкент вақти: 15:19

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

19:49 5.9.2022

Россия: Запорожье завод ҳудудидаги радиация ҳолати нормал

Россия Мудофаа вазирлиги рус қўшинлари Донецкдаги хорижлик ёлланма аскарларга ҳужум қилгани ҳақида баёнот берди. Украин ҳарбийлари эса бир неча вилоятларда Россия ҳужумини қайтаришга муваффақ бўлгани ҳақида маълум қилди.

Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков якшанба куни бўлиб ўтган кундалик брифингда Россия ҳарбий ҳаво кучлари Донецкдаги хорижий ёлланма аскарларнинг иккита базасига юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба берди, деб маълум қилди.

Конашенковнинг сўзларига кўра, Николаев вилоятида Украина ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли битта Су-25 қирувчи самолёти, бешта дрон уриб туширилган ҳамда АҚШда ишлаб чиқарилган учта HARM антирадар ракеталари тутиб қолинган.

Украина қуролли кучлари шанба куни Запорожье атом элeктр станцияси жойлашган ҳудудга зарба бериш учун саккизта дрон учирди, дея маълум қилди Россия Мудофаа вазирлиги.

Рус ҳарбийлари, яқинлашиб келаётган дронларни ўз вақтида пайқаб АЭС хавфсизлик ҳудудидан узоқлашишга мажбур қилди, дейилади Конашенков баёнотида. Запорожье завод ҳудудидаги радиация ҳолати нормал, дея қўшимча қилди у.

Украина Бош штаби эса кеча Россия қуролли кучлари Украинанинг бир қанча нуқталарига ҳаво ҳужумлари уюштиргани ва инфратузилма объектларини танк ва миномётлардан ўққа тутганини маълум қилди.

Бош штаб маълумотларига кўра, Украина қуролли кучлари Бахмут, Сольэдар ва яна бошқа ҳудудларда Россия ҳужумларини қайтаришга муваффақ бўлган. Уруш шароитида томонларнинг бу баёнотларини тезкор равишда мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.

19:47 5.9.2022

Песков: ЕИ виза чекловини жорий этса, Россия жиддий жавоб қайтаради

Айни пайтда, Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Европа Иттифоқи Россия фуқароларига виза чекловларини жорий қилса, Москва бунга жиддий жавоб чораларини кўради, деб таҳдид қилди.

Россия Европа Иттифоқининг қарорини диққат билан кузатиб бормоқда ва бу ёқадими ёки йўқ Россия манфаатларидан келиб чиқиб бунга жавоб беради, деди Песков маҳаллий телеканалга берган интервьюсида.

Песков, шунингдек, “Шимолий оқим 1” қувури орқали газ етказиб бериш тўхтагани учун Европа Иттифоқини айблаган.

Песковнинг таъкидлашича, европаликлар Россия энeргетика гиганти "Газпром" тизимларини сақлаб қолишдан бош тортиб мутлақо бемаъни қарор қабул қилган. Шу сабабли ҳам газ етказиб бериш тўхтагани "Газпром"нинг айби эмас, балки санкция қарорини қабул қилган сиёсатчиларнинг айби.

Газпром ишончли газ таъминотчилигача қолмоқда, деди у.

Портовая компрессор станциясининг Трент 60 газ компрессор блокида Сименс билан қўшма таъмирлаш ишлари давомида турбинада нефть сизиши аниқланди, дейилади “Газпром”нинг жума куни эълон қилган баёнотида.

Газпром носозлик бартараф этилмагунича, “Шимолий оқим 1” орқали Германияга газ етказиб бериш тикланмаслигини маълум қилди.

Украина инфратузилма вазирлиги БМТ воситачилигидаги “ғалла ташаббус”и бошланганидан буён ўзининг энг йирик дон кемалари карвонини жўнатганини маълум қилди.

Якшанба куни Одесса, Черноморск ва Пивденний портларидан саккизта давлатга 282,5 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кетаётган жами 13 та кема жўнаб кетган.

19:46 5.9.2022

Россия армияси ҳужуми оқибатида 3 нафар тинч фуқаро ўлди

Россия армияси ҳужумлари оқибатида сўнгги суткаларда Донецк вилоятида уч нафар тинч фуқаро ўлди.

Бу ҳақда маҳаллий маъмурият раҳбари Павел Кириленко телеграмда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, марҳумлардан икки нафари Курахово шаҳридан, бири эса Соледардан. Яна уч киши яралангани айтилмоқда.

Николаев ҳарбий маъмурияти бошлиғи Виталий Ким ҳам шаҳар ўққа тутилганини билдирди.

“5 сентябрь тунги соат 00:30 ларда Николаев шаҳрига ракеталар билан ҳужум қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, бу С-300 русумли ракеталар. Улар шаҳар чеккасидаги саноат корхоналарига тушди. Қурбонлар ва жабрланувчилар ҳақида маълумот тушганича йўқ”, деб ёзди у телеграмда.

Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Валентин Резниченкога кўра, ўтган кечаси Никополь туманига қарата оғир артиллериядан икки марта ўт очилган. Бир неча бино ва электр узатиш линиялари шикастланган, аммо одамларга зиён етмаган.

Уруш шароитида томонлар бераётган бу маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконсиз бўлиб қолмоқда.

19:45 5.9.2022

ISW: Россия армияси ҳафтасига 1 километрдан илгариламоқда

Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) фронтдан олинган сўнгги маълумотларга таяниб, украин армияси Херсон вилоятининг ғарбий қисмидаги бир неча йўналишда илгарилаётгани, шунингдек Донецк вилоятида, Северский Донец дарёсининг нариги соҳилида бир қанча ҳудудни эгаллагани ҳақида ёзди.

Экспертлар қарши ҳужум суръати кескин ўзгариши мумкинлигини таъкидлашган.

Айтилишича, бу Украинанинг ҳаракатлари Россия ҳарбийларини таъминотдан айиришга, бошқарувни издан чиқаришга ва жанговар руҳни сусайтиришга қаратилгани билан боғлиқ.

Айни чоғда ISW “вақти-вақти билан Россия ҳарбийлари қарши ҳужумга ўтиб, йўқотган позицияларини жанг билан қайтариб олиши мумкин”, деб ҳисоблайди.

Бундан ташқари, экспертлар озод этилган аҳоли масканлари Россия армиясининг қақшатқич артиллерия ва авиаҳужумларига тутилишини кутаётганларини қайд этишган.

Британия ҳарбий разведкаси ҳам ўхшаш мазмунда хулоса берди. Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг сўнгги ҳисоботида Украинанинг қарши ҳужумини қайтариш заруратига қарамай, Россия Украинадаги асосий кучларини катта эҳтимол билан, Донбассдаги ҳужумларга йўналтириши ҳақида сўз боради.

Ҳозирда Россия қўшинларининг асосий ҳужум йўналишлари Авдеевка (Донецк остонасида) ҳамда Бахмут (шимолга томон 60 км масофада) саналади.

Россия ҳарбийлари фронтнинг худди шу қисмида кўпроқ муваффақият қозонишган. Бироқ РФ армияси ҳафтасига 1 километр тезликда олға силжимоқда.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG