Украина омбудсмани: Россияга 7 минг украин боласи ноқонуний олиб чиқилди
Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец “Америка овози” радиосининг украин хизматига берган интервьюсида Россияга 7 минг украин боласи ноқонуний олиб чиқиб кетилгани тўғрисида маълум қилди.
“Россия болаларимизни қайтармаслик учун барча имкониятларни ишга солмоқда ва бола асраб олиш тўғрисидаги қонунчиликни ҳам соддалаштирди. Бу халқаро ҳуқуқнинг бузилишидир ҳамда Россия Федерацияси украин миллатини геноцид қилаётганига яққол далилдир, негаки бир миллатга мансуб гуруҳни мажбурий кўчириш геноциднинг белгисидир”, - деди Лубинец.
Унга кўра, Украина россиялик волонтёрлар билан ҳамкорликда олиб чиқиб кетилган 51 болани ватанига қайтаришга муваффақ бўлган.
Германияда 2 мингга яқин русийзабон намойишга чиқди
Кеча 4 сентябрь куни Ғарбий Кёлн шаҳрида асосан русийзабон бўлган 2000 га яқин намойишчилар Германиядан Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ва Москвага киритилган санкцияларни бекор қилишни талаб қилиб, намойишга чиқди.
Шаҳардаги русийзабон диаспора гуруҳлари томонидан уюштирилган митингни Украинани қўллаб-қувватлаш учун Кёлндаги готика собори ёнида йиғилган бир неча ўнлаб қарши намойишчилар кутиб олди.
Германияда 3 миллионга яқин рус миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади, уларнинг кўпчилиги Россия телевидениеси орқали Kремлнинг дунё ҳақидаги чўпчакларини кузатиб боради.
Германияда рус жамияти жуда кўпчиликни ташкил қилсада, уруш бошланганидан бери Путинни қўллаб-қувватловчи митинглар нисбатан кам бўлди.
Митинг ташкилотчилари Донбасс вилоятидаги Россия томонидан қўллаб-қувватланган айирмачилар учун хайрия йиққан.
Бир немис новвойи газ нархининг ошгани уни йил охиригача ишсиз қолдиришини айтиб, Германияни “Шимолий оқим 2” қувурини очишдан бош тортганликда айблади.
Берлин Москва ҳеч қандай чекловга дуч келмасада, газ жўнатишдан бош тортаётганини айтган.
“Мен лаънати Бербок хоним истеъфога чиқишини истайман. У қасамёдини бузди. Парламентда немис аҳолиси билан бўлишга, немис халқига хизмат қилишга қасамёд қилган сиёсатчи эндиликда “куз ва қишда қанча одам кўчага чиқмасин, мен Украина билан биргаман”, деди. У Украинага бориб Украина халқига хизмат қилиши мумкин. Бизга эса Германияда ўз фуқароларини ҳимоя қиладиган сиёсатчилар керак”, деди намойишчилардан бири Ёвича Ёвич.
Украина Россияда асир бўлган қарийб 600 кишини қайтарди
Бу ҳақда “Эспрессо” телеканали ёйинида Миллий ахборот шуъбаси бошлиғи Александр Смирнов маълум қилди. Унга кўра, озод этилганлардан 100 нафари фуқаровий шахслар бўлиб, улар мутлақо асирга олинмаслиги керак эди. Қолган барча – ҳарбийлар.
Шунингдек, Смирнов айтишича, ноқонуний равишда Россияга олиб кетилган 53 нафар бола ҳам Украинага қайтарилган.
Айни чоғда Украина мамлакат ҳудудидан депортация қилинган одамларга оид маълумотларни тўпламоқда. Ҳозиргача 30 мингдан зиёд катта ёшли кишилар ва салкам 7300 боланинг шахсини аниқлашга муваффақ бўлинган.
Смирнова айтишича, Украинанинг қанча фуқароси депортация қилингани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ Россия томони бунақа одамлар 3 млн нафардан зиёдлигини ва улардан 600 минг чоғлиси вояга етмаганлар эканини урғулаган.
“Одамлар босқинчи давлат ҳудудидан ўзлари чиқиб кетишмоқда. Ёки Қайта интеграция масалалари вазирлигига мурожаат қилишяпти”, дея изоҳ берди Смирнов.
Россияга қарши 6 минг дрон урушмоқда
Украин ҳарбийлари Россияга қарши урушда қарийб 6 мингта дрондан фойдаланишмоқда. Улар дрон инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам бераётганини айтишади.
Ҳарбийлар ўзиучар аппаратлар танкларга қарши курашда ҳам қўл келаётганини урғулашмоқда. Украина ўз дрон моделларини ишлаб чиқишни аллақачон бошлаган, мамлакатда пилотлар тайёрланадиган 20 га яқин мактаб фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозирда Украинада ҳар бир бўлинмани дронлар ва икки нафар пилот билан таъминлаш режаланяпти.
“Дронлар – бу келажак, жумладан, урушларнинг ҳам келажаги. Биз россияликлар каби ёввойи эмасмиз. Биз ва умуман бутун маданий дунё учун энг қийматли нарса – одамлар ҳаётидир. Биз одамларимизни мумкин қадар эҳтиётлаймиз. Дронни дастаси узун чўқморга ўхшатаман: бехатар жойда туриб, у билан йироқдаги душманингиз бошини мажақлайсиз.
Битта танк пулига тахминан мингта дрон олиб, улар ёрдамида 200-300 та танкни йўқ қиляпмиз. Арзон, самарадор қурол, йўқотсангиз кўп ачинмайсиз. Ҳар бир одамимизнинг жони бизга азиз. Уларни асрашимиз керак. Тўқнашувдан энг кам талафот билан чиқиш учну ҳар турли чораларни қўллайман. Ахир уй вайрон бўлса – қурамиз, танк керак бўлса – ясаймиз, лекин янги одамларни қаердан топамиз?” дейди аскарлардан бири.
Форум