Линклар

Шошилинч хабар
17 сентябр 2025, Тошкент вақти: 18:53

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

19:40 5.9.2022

Алангадан қутқарилган мушук боласи

Харковда ракета ҳужуми оқибатида ресторан ва меҳмонхона мажмуаси ёниб кетганидан сўнг, ўт ўчирувчилар ёнаётган бино ичидан бир мушукни қутқариб олди.

Фавқулодда вазиятлар хизмати томонидан эълон қилинган видеода мушук боласи аланга ичидан қандай олиб чиқилгани акс этган.

Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, тахминан 2200 квадрат метр майдонни қамраб олган ёнғинни ўчиришга 50 дан ортиқ ўт ўчирувчи жалб қилинган.

Рейтерс агентлиги Харковдаги ёнғин акс этган видеонинг жойлашуви сунъий йўлдош тасвирларига мос келишини тасдиқлаган, бироқ видео санасини мустақил равишда тасдиқлай олмади.

Украинада уруш бошланганидан бери, аҳоли эвакуация қилинган ҳудудларда минглаб уй ҳайвони нобуд бўлди, минглаб ҳайвон кўчада қолди. Уруш бошидан бери ҳарбийлар ва кўнгиллилар уй ҳайвонларини кутақармоқда. Минглаб мушук ва ит қўшни давлатларга ёки мамлакатнинг бошқа тинч нуқталарига кўчирилди.

09:55 5.9.2022

Омбудсмен: Россияга 7 минг украин боласи ноқонуний олиб чиқиб кетилган

Дмитрий Лубинец.
Дмитрий Лубинец.

Украина омбудсмени Дмитрий Лубинец “Америка овози” радиосининг украин хизматига берган интервьюсида Россияга 7 минг украин боласи ноқонуний олиб чиқиб кетилгани тўғрисида маълум қилди.

“Россия болаларимизни қайтармаслик учун барча имкониятларни ишга солмоқда ва бола асраб олиш тўғрисидаги қонунчиликни ҳам соддалаштирди. Бу халқаро ҳуқуқнинг бузилишидир ҳамда Россия Федерацияси украин миллатини геноцид қилаётганига яққол далилдир, негаки бир миллатга мансуб гуруҳни мажбурий кўчириш геноциднинг белгисидир”,-деди Лубинец.

Унга кўра, Украина россиялик волонтёрлар билан ҳамкорликда олиб чиқиб кетилган 51 болани ватанига қайтаришга муваффақ бўлган.

08:15 5.9.2022

Украин армияси яна бир нечта аҳоли пунктини озод қилди

Херсон вилоятида Украина армиясининг контрҳужумлари давом этаётгани расман билдирилди. Олий рада депутати Юрий Мисягин якшанба куни вилоят шимолидаги Високополье шаҳарчаси озод қилинганини билдирди ва ижтимоий тармоқда шаҳарча касалхонаси биноси томига Украина байроғи ўрнатилаётгани акс этган фотсуратни эълон қилди.

Кейинроқ бу маълумотни Украина президенти маъмурияти раҳбари Андрей Ермак ва бошқа расмийлар ҳам тасдиқлашди.

Украина президенти Владимир Зеленский ўзининг кечки видеомурожаатида украин армияси мамлакат жанубида 2 та, Донецк вилоятида 1 та аҳоли пункти озод қилинганини билдирди. Лекин президент бу аҳоли пунктларнинг номларини айтмади.

Россия томони ҳозирча бу хабарларга муносабат билдирмади.

19:05 4.9.2022

Рамзан Қодиров Чеченистон раҳбари лавозимини тарк этиши мумкинлигини айтди

Бу қачон ва нима сабабдан бўлишини аниқлаштирмади. Сиёсатчи илгари ҳам шунга ўхшаш баёнотлар билан чиққан, аммо ҳокимиятни ҳалигача тарк этгани йўқ.

- Мана 15 йилдан бери мен республикани бошқариб келяпман... Менимча, мени ҳайдаб юборишмасларидан вақтим етиб келди. Шунақа гаплар... Маълум бўлишича, мен аллақачон қариб қолибман. Бир пайтлар мен ёш, тажрибасиз эдим. Ҳозир ҳам мен тажрибасиз, лекин ёшлигим ўтиб кетди, биз бу ҳақда аллақачон ўйлай бошладик ва ўз вақтида кетиш учун ҳаракат бошладик, деди ўз видеомурожаатида Рамзан Қодиров.

Видеомурожаат остидаги изоҳда у шундай ёзув ҳам қолдирган: "Мен жуда узоқ қолганимни ўзим ҳам пайқадим. Мен чексиз ва узоқ муддатли таътилга тўлиқ лойиқман деб ўйлайман. Умид қиламанки, мени қўллаб-қувватлайсиз ва тушунасиз".

Қодиров 2007 йилдан бери Чеченистонни бошқариб келади. 2021 йилнинг май ойида у республика раҳбари лавозимини тарк этиши мумкинлигини айтган эди, бироқ ўша йилнинг кузида у яна беш йилга қайта сайланди. Бунгача сиёсатчи 2016 ва 2017 йилларда кетиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг, Қодиров урушнинг асосий тарғиботчиларидан бирига айланди, у мунтазам равишда фронтга ёлланма аскарларни жўнатаётгани ҳақида хабар бериб турди, ҳатто шахсан Украина президенти Владимир Зеленскийга таҳдид қилди. Бундан ташқари, у рус қўшинлари ядро қуролидан фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида бир неча бор гапирган эди.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG