Владимир Зеленский: Россия бутун Европани, ҳар бир давлатни заифлаштириб, қўрқитмоқчи
Украина президенти Владимир Зеленский шанба куни кечки видеочиқишида Россия Европага энергетик бўҳрон домига тортиш режасини амалга оширишни бошлаганидан огоҳлантирди.
- Шу кунларда Россия Европага босимини янада оширишга ҳаракат қилмоқда – “Шимолий оқим” орқали газни узатиш бутунлай тўхтатилди. Нега улар буни қилишмоқда? Россия ҳар бир европаликнинг - бизнинг қитъамизнинг барча мамлакатларидаги одамларнинг нормал ҳаётини йўқ қилмоқчи. У бутун Европани, ҳар бир давлатни заифлаштириб, қўрқитмоқчи.
Россия оддий қуроллар билан қила олмаган жойда, энергия қуроллари билан режаларини амалга оширмоқчи. У ҳали ракеталар билан зарба бера олмайдиган жойларга қашшоқлик ва сиёсий бетартиблик билан зарба беришга ҳаракат қилмоқда, деди Украина президенти.
Зеленский ўз чиқишида, шунингдек, Украина Ҳарбий ҳаво кучлари русларнинг бир нечта "Калибр" ракетаси, ҳужум вертолёти ва бир қанча учувчисиз учоқларини уриб туширганини маълум қилди. Украина раҳбари фронтнинг кўплаб қисмларида - Харков вилоятида, Донбассда ва мамлакат жанубида қаттиқ жанглар давом этаётганини эслатиб қўйди. Россия қўшинлари Николаев, Запорожье ва Днепропетровск вилоятлари, Харковга яна зарба беришди. Қурбонлар бор, улар орасида болалар.
Украина артиллерияси охирги икки ҳафтада босқинчиларнинг зарба бериш имкониятларини йўқ қилиш учун Россиянинг қўмондонлик штаблари ва ўқ-дори омборлари, босиб олинган ҳудуддаги барча логистика йўлларини, жумладан мостларни зарарсиз ҳолга келтираётгани тўғрисида ҳисобот бериб келмоқда.
Путин жиноий тўда раҳбарини ўлимидан сўнг медаль билан тақдирлади
Россияда қотиллик, талончилик, одам ўғирлаш, товламачилик ва бошқа жиноятлар учун 25 йиллик қамоқ жазосига тортилган, лекин Украинада уруш бошланганидан кейин озод этилган ва урушда ҳалок бўлган россиялик Иван Непаратов вафотидан сўнг Владимир Путин томонидан “Жасорат учун” медали билан тақдирланган.
Бу ҳақда Gulagu.net хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, Непаратов "Вагнер" ҳусусий ҳарбий бўлинмаси билан шартнома имзолаган ва 12 йил колонияда бўлганидан сўнг Украина шарқидаги жангга жўнаб кетган.
Унинг муддатининг ярми қолган эди. Ўлим ҳақидаги гувоҳномага кўра, россиялик 5 август куни Бахмут вилоятида "бош қисмидаги ўқдан портловчи модданинг парчаланишидан" вафот этган. Gulagu.net ва The Insider нашрлари томонидан эълон қилинган ҳужжатларга кўра, 16 август куни Владимир Путин Непаратовни “махсус ҳарбий операция топшириқларини бажариш жараёнида кўрсатган жасорати ва қаҳрамонлиги учун” вафотидан кейин тақдирлаган.
Медалдан ташқари, марҳум хизмат вақтида ҳалок бўлган деярли барча Россия ҳарбий хизматчиларига бериладиган "Жасорат" ордени билан тақдирланган.
Иван Непаратов, суд ҳукмига кўра, Москвада жиноий тўда раҳбари бўлган. Тергов маълумотларига кўра, 2009-2010 йилларда у шериклари билан бирга беш кишини ўлдирган. Шунингдек, у ноқонуний қурол сақлаш, товламачилик ва фирибгарликда айбланган.
АЭХА: Запорожье АЭС атрофида ҳарбий ҳаракатлар бўлаётганини кўрдик
БМТнинг Атом назорати ташкилоти раҳбари Рафаель Гросси Украинадаги Россия босиб олган ҳудудда жойлашган Запорожья атом электр станцияси хавфсизлиги ҳақида келаси ҳафтада ҳисобот беришини айтди.
АЭСга ташрифидан сўнг Венага қайтган Гросси журналистлар учун ўтказган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, Халқаро атом энергияси агентлигининг олти нафар ходими Европанинг энг йирик атом станцияси жойлашган Запорожьеда қолаётганини айтди.
"Биз АЭС атрофидаги ҳарбий ҳаракатларни кўрдик. Ва мен ўзим ва жамоам АЭС биноларидаги тешикларни, ёриқларни кўрди, яъни объект бир неча марта бузилган", - деди Гросси.
Украина ва Россия бир-бирини сўнгги ҳафталарда АЭС яқинидаги ҳудудларни ҳужумга тутиб, Чернобилга ўхшаш фалокат хавфини яратишда айбламоқда. Россия АЭСни олти ойдан кўпроқ давом этган урушнинг бошида эгаллаб олди.
Киев, шунингдек, Россияни ушбу объектдан ўз кучларини ҳимоя қилиш учун фойдаланганликда ва уни Россия электр тармоғига улаш орқали электр қувватини ўғирлашни режалаштираётганликда айблайди.
Москва буни рад этган, ҳозиргача ўз қўшинларини заводдан олиб чиқиш ҳақидаги халқаро чақириқларни ҳам инкор этиб келади.
Аввалроқ Украинанинг “Энергоатом” давлат ширкати Россиянинг ўққа тутилиши майдонда ишлаётган иккита реактордан бирини тўхтатишга мажбур қилганини маълум қилганди.
Залужний: Уч кунда иккита “Байрактар” билан Россиянинг 26 ярим миллион долларлик техникасини йўқ қилдик
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ўзининг Телеграм-каналида 31 августдан 2 сентабргача иккита “Байрактар” жанговар учувчисиз учоқлари ёрдамида украиналик ҳарбийлар Россиянинг 26 ярим миллион долларлик Россия ҳарбий техникасини йўқ қилганини билдирди.
Залужнийнинг сўзларига кўра, Россиянинг ҳар бири 3 миллион доллар турадиган 8та Т-72 танки, бир ярим миллион долларлик иккита "Акация" ўзиюрар артиллерия ускунаси, ўнлаб БМП ва гаубицалар яксон этилган.
Уруш шароитида бу маълумотни бошқа манбалардан текшириш имконсиз..
Форум