Украина қарши ҳужумларни кучайтирмоқда
Украин кучлари шанба куни Ҳерсон вилоятида қарши ҳужумларни амалга оширган, бир қанча қишлоқни назоратига қайтарган.
Украина Бош штаби уруш жабҳасидаги вазият ҳақидаги эрталабки ҳисоботида украин ҳарбийларининг Херсон вилоятидаги ҳужумкор ҳаракатлари ҳақида маъоумот жуда кам.
29 август куни украин кучлари қарши ҳужум бошлаганидан бери Киев жанубий жабҳада содир бўлаётган воқеалар ҳақида маълумот беришдан тийилиб келади, буни хавфсизлик нуқтаи назаридан изоҳлайди.
Ҳарбий штаб ҳисоботида билдирилишича, шанба куни Украина армияси Херсон вилоятининг Днепропетровск билан чегараси яқинида жойлашган Высокополье ва Потемкино аҳоли пунктлари ҳудудларида Россия армиясининг ҳужумлари Южнобуж йўналишида қайтарилгани ҳақида хабар берди.
Аввалроқ, Америка урушни ўрганиш институти мутахассислари ҳам бу ҳудуддаги жанглар ҳақида хитоб қилган эди.
Бундан ташқари, Бош штаб Запорожье йўналишида рус аскарлари йўқ қилинганини билдирди.
Украина разведкаси маълумотларига кўра, ичида ҳалок бўлганларнинг жасадлари бўлган юк машиналари карвони Бердянск томон йўл олган, у ерда, Киев маълумотларига кўра, крематория ташкил этилган.
Россия "Шимолий оқим 1" орқали газ беришни тўхтатди
Россия ўта муҳим “Шимолий оқим 1” қувури орқали газ етказиб беришни номаълум муддатга тўхтатиб қўйди. Бу эса қишнинг совуқ кунлари яқинлашаётган бир пайтда Европада энергия тақчиллигидан хавотирларни кучайтирмоқда.
Россиянинг давлат назоратидаги энергетика гиганти “Газпром” “Шимолий оқим 1”қувурининг Россия томонидаги Портовая компрессор станциясида нефть сизиб чиқиши аниқлангани ва муаммо ҳал этилмагунча газ етказиб беришни хавфсизлик сабаб қайта бошлаш мумкин эмаслигини билдирди.
Болтиқ денгизи остидан ўтувчи “Шимолий оқим 1” қувури техник хизмат кўрсатиш учун уч кунлик танаффусдан сўнг 2 сентабрт куни ишга тушиши керак эди.
Бу қувурдан оқимнинг тўхташи Европани газсиз қолдиради. Европа Иттифоқи Москвани энергия манбаларидан қурол сифатида фойдаланаётганликда айблаб келади. Лекин Россия бу айбловларни бир неча бор рад этган.
“Шимолий оқим 1” турбиналарига хизмат кўрсатувчи Германиядаги Siemens ширкати оқимни тўхтатишга сабаб кўрмаётганини билдирди.
Ширкат нефть сизиб чиқиши қувурнинг тўхтатишга мажбур қилмаслиги керак, деб ҳисобламоқда.
Siemens мутахассисларига кўра, Портовая компрессор станциясида “Шимолий оқим 1” учун бошқа турбиналар ҳам бор.
Аввалроқ Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведев Европа Иттифоқини агар нефть нархига чеклов қўйилса, иттифоққа табиий газ оқимини тўхтатиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.
Краматорскда Россия ҳужумидан улгуржи озиқ-овқат дўкони вайрон бўлди
Украиналик ўт ўчирувчилар Краматорскда Россия кучлари ракета зарбасидан сўнг вайрон бўлган улгуржи озиқ-овқат дўконида ёнғинни ўчирмоқда.
Донецк вилояти губернатори сўзларига кўра, Россия ракеталари шанбага ўтар кечаси Краматорскга урилган, улгуржи бозор ва тўққизта автомобилни вайрон қилган, бир киши яраланган.
Украина август ойида Донецкнинг шарқий ҳудуди ва бошқа фронтга яқин ҳудудлардаги ўзи назорат қилган ҳудудлардан қишгача аҳолининг учдан икки қисмини эвакуация қилишни мақсад қилганини билдирган эди.
Расмийлар эвакуацияни “мажбурий” деб таърифламоқда, бироқ аҳоли қолиш нияти ҳақида анкетани тўлдириб, кўчишдан воз кечмоқда.
Россия феврал ойида уруш бошлаганидан бери ракеталари Украина бўйлаб турар-жой ҳудудларига қайта-қайта зарбалар берган. Буни тасдиқловчи инкор этиб бўлмайдиган далилларга қарамай Россия тинч аҳоли пунктларини нишонга олганини бир неча бор рад этиб келади.
АЭХА: экспертлар текширув тугамасдан “ҳеч қаерга кетмайди”
Запорожье АЭСга етиб борган Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) гуруҳи заводни кўздан кечирди. АЭХА раҳбари Рафаэл Гросси, ўз жамоаси текширув тугамасдан “ҳеч қаерга кетмаслигини” айтди.
Гросси бошчилигидаги миссиянинг бир неча аъзоси Украина назорати остидаги ҳудудга йўл олган, 5 эксперти заводда қолган, дея хабар берди Украина давлат атом компанияси.
Россия назорати остидаги “маъмурият” Атом энергияси бўйича халқаро агентлик миссияси билан бирга борган мустақил журналистларни заводга киритмади.
Украина президенти Зеленский агентлик бош директори Киевда эканида, мустақил журналистларни АЭС ҳудудига олиб бориш хусусида у билан келишганини айтганди:
“Афсуски, бу иш бўлмади. Ҳолбуки, ваъда беришган эди. Босқинчилар журналистларни ўтказишмай, ўз пропагандачилари билан томоша кўрсатиб беришди. Афсуски, агентлик вакиллари мустақил журналистларни ҳимоя қилишмади. Россия рад этишига қарамай Энергодар шаҳри ва станция ҳудудини ўққа тутгани айни ҳақиқат. Миссия станциядаги вазиятдан келиб чиқиб, объектив хулосалар чиқаришига умид қиламиз”.
Зеленский агентлик миссияси Запорожье АЭС демилитаризация қилиниши кераклиги хусусида чақириқ билан чиқишини, шунингдек станциядаги вазиятдан “холис хулоса” чиқаришига умид қилаётганини айтди.
Россия заводни уруш бошида эгаллаб олган. Ҳозирга келиб жанубий ҳудудлар, Украина қарши ҳужумларининг асосий нуқтасига айланди.
Аммо, Россия ва Украина бир-бирини завод ҳудудини ўққа тутганликда айблаб келмоқда. Киев, Москвани завод ҳудудидан ўз ҳарбийлари учун қалқон сифатида фойдаланишда айбламоқда. Москва эса буни рад этиб, қўшинларни АЭСдан олиб чиқмаслигини билдирган.
АЭХА миссияси Запорожье АЭСга 1 сентябрь куни борган.
Форум