Линклар

Шошилинч хабар
18 сентябр 2025, Тошкент вақти: 09:31

Украинлар Балаклияда икки ўзбекни асир олди. Россия қўшинлари Харков остонасидан қайтарилди. Уруш хроникаси

Урушнинг 200-куни

Балаклияда Украина ҳарбий хизматчилари Россия томонида жанг қилган икки самарқандликни қўлга олди.

Киев расмий доиралари охирги куни ЗСУ Купянск, Камишеваха, Волчанск ва 30 зиёд бошқа аҳоли пунктларини озод қилганини хабар қилмоқда.

“Биз Россия армиясини мағлуб эта олишимизни кўрсатдик”, - деди матбуот анжуманида Украина Ташқи ишлар вазири Кулеба.

Санкт-Петербургнинг “Смольнинское” ва Москванинг "Ломоносовский" округлари муниципал депутатлари Украинадаги уруш важидан Владимир Путинни давлатга хиёнатида айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенков 300 нафаргача украин ҳарбий хизматчиси ҳамда 15 тагача ҳарбий техника йўқ қилинганини айтмоқда.

Рус қўшинлари муваффақиятсизлиги манзарасида Россия президенти Владимир Путин Москва шаҳрининг 875 йиллигига бағишланган гала-концертда нутқ сўзлади ва Европада энг катта томоша ғилдирагини очиб берди.

11 сентябр куни Украинадаги Россия тасарруфида қолаётган Запорожье атом электр станцияси иши бутунлай тўхтатилди.

ЕИ молия вазирлари Украинага яна 5 млрд евро миқдорда молиявий ёрдам ажратишга розилик берди.

19:27 31.8.2022

Украина-Россия фронтидаги вазият борасида Британия ҳарбий разведкаси ўзининг янги ҳисоботини эълон қилди

Инглиз разведкасига кўра, Украина Қуролли Кучларининг танк бўлинмалари Украина жанубида Россия кучларининг жанубий гуруҳига қарши ҳужумларини давом эттирмоқда. Украина армияси фронтни бироз ичкарига силжитишга эришгани айтилмоқда. Украина армияси русларнинг нисбатан заиф мудофаа қобилиятидан фойдаланган ҳолда буни уддалай олган.

Россия, ўз навбатида, ўз чизиғидаги бўшлиқларни ёпишга ҳаракат қилмоқда. Бунинг учун армия Шарқий гуруҳнинг ҳарбий қисмларини ўз ичига олган махсус мобил захира бўлинмаларидан фойдаланмоқда.

Бундан ташқари, Британия ҳарбий разведкаси Россия “кўнгилли” батальонлар ёрдамида янги бўлинмаларни шакллантиришда давом этаётганини хабар бермоқда. 24 август куни 3-армия корпусининг кўнгиллилар батальони Москвадаги базасини тарк этди. Бу ҳарбий бўлинманинг қанчалик самарадор экани номаълум. Бироқ, Буюк Британия Мудофаа вазирлигининг фикрича, 3-ҳарбий корпусда, эҳтимол, кадрлар етишмовчилиги ва ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш сифати ёмонлашгани кузатилмоқда.

19:32 30.8.2022

Новороссийск портида Суриядан олиб келинган С-300 ракета тизимлари туширилмоқда

28 ва 29 август кунлари Планет.cом сунъий йўлдошидан олинган бу суратлар Россия Мудофаа вазирлиги назоратидаги «Оборонлогистика» компаниясига тегишли, Суриядан Россиянинг С-300 зенит тизимларини етказиб бергани айтилаётган SPARTA II кемасидан Новороссийск портида юк туширилаётгани кўрсатилган.

Туркия кемани Босфор бўғози орқали ўтказиб юборгани сабабли, душанба куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги департаментга чақирилган Туркия элчисига ушбу фактдан "ташвиш" ҳақида "оғзаки нота" топширди.

Россия Суриянинг Хама вилоятидаги Масаф шаҳри ҳудудидан С-300 батареясини Суриядан олиб чиққани худди шу сунъий йўлдош тасвирлари туфайли маълум бўлди. Ушбу қурилмалар Россия томонидан 2018 йилда Сурия президенти Башар ал-Асадга топширилган.

20 август куни SPARTA II Тартусни тарк этганди, 24 да у Босфордан ўтиб, 27 август куни Новороссийск портига етиб борган. Россия ҳарбий кемалари учун Босфор бўғози орқали Туркия 1 март куни ёпиб қўйган эди - бу мамлакат ҳукумати Украинада содир бўлаётган воқеаларни қўшни мамлакатлардаги уруш деб билади ва Монтрё конвенцияси бу ҳолатда урушаётган томонларнинг ҳарбий кемаларининг бўғоз орқали ўтишини чеклашга имкон беради. Бироқ Конвенцияга кўра, Туркия ҳатто ҳарбий юк ташувчи фуқаролик кемалари учун ўтишни тақиқлай олмайди.

19:29 30.8.2022

АҚШ Россияни АЭХА инспекторларини АЭСга киритишга чақирди

Байден маъмурияти Россияни Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) инспекторларининг босиб олинган Запорожье атом электр станциясига “бехатар ва тўсиқсиз йўл очиш”га чақирди.

БМТнинг ядровий фаолиятни кузатиш гуруҳи станция хавфсизлигини таъминлаш бўйича ошиғич миссиясини бажаришга киришган.

Бу орада Украина ва Россия ўтган ҳафта қисқа вақтга ўчириб қўйилган Европада энг йирик АЭС теварагидаги ҳудудлар ўққа тутилишида яна бир-бирини айблади. Ядровий ҳалокат рўй бериши хавфи шу қадар юқорики, мулозимлар яқин атрофдаги ҳудудлар аҳолисига нурланишга қарши йод таблеткалари тарқата бошлаганлар.

- Россия бу мустақил инспекторларнинг хавфсиз ва тўсиқсиз киришини таъминлаши керак. Биз ҳам Россия станция атрофида қуролсизлантирилган зонага рози бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. Кўп маротаба айтганимиздек, атом станцияси ҳарбий ҳаракатлар учун мос жой эмас, деди Жон Кирби, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби.

АЭХА баёнотига кўра, ташкилот тузган гуруҳ “кафолатларни таъминлаш бўйича шошилинч чоралар кўради”, зарарни баҳолайди, хавфсизлик тизимлари ва станция ҳимоясининг техник созлигини аниқлайди ва диспетчерлик хизмати ходимларининг иш шароитини баҳолайди.

19:23 30.8.2022

Украина Херсон яқинидаги тўртта қишлоқни қайтариб олди

CNN ўзининг Украина Қуролли Кучларидаги манбасига таяниб хабар беришича, Украина Херсон яқинидаги тўртта қишлоқни қайтариб олган. Ҳарбий амалиёт тунда Россия армиясининг позициялари ва орқа қисмларини оммавий ўққа тутган ҳолда бошланган, ҳужум йўналиши Херсондан 30 километр узоқликдаги Правдино қишлоғига тўғри келган. Россиянинг мудофаа чизиғи уч жойдан бузилган. Новая Дмитровка, Архангелск ва Томина Балка ҳам озод қилинди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Украина Қуролли кучлари Херсон йўналиши бўйлаб 10 километр фронт ичкарисига силжиган.

Давомини ўқинг

Форум

XS
SM
MD
LG