Зеленский Украинани қўллаб-қувватлаган чет элликларни мукофотлади
Президент Владимир Зеленский душанба куни Россия босқинидан сўнг Украинани қўллаб-қувватлаб келаётган қатор чет эл фуқароларини мукофотлади. Уларнинг барчаси турли вақтларда Киевга келган эдилар.
Мукофотланганлар орасида АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол, дизайнер Демна Гвасалия, актёрлар Шон Пенн, Бен Стиллер, Лив Шрайбер, Imagine Dragons гуруҳи мусиқачилари, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен, Италия бош вазири Марио Драги, "Байрактар" дронларининг ишлаб чиқарувчиси Халуқ Байрактар, актриса Жессика Честейнлар бор.
Ҳужжатга асосан, Честейн учинчи даражали Княгиня Ольга ордени билан, қолганлар эса турли даражадаги “Хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили: Россия маҳкумлар ва кексаларни ҳам урушга жалб қилмоқда
АҚШ Мудофаа вазирлигининг юқори лавозимли амалдори журналистларга Россия барча имкониятларни ишга солган ҳолда Украинадаги урушга янги аскарларни жалб этишга ҳаракат қилаётганини айтди.
29 август куни журналистларга исми сир қолиши шарти билан маълумот берган расмийга кўра, Россия урушга жалб қилган аскарларнинг кўпчилиги кексалик ёшига яқинлашиб қолганлар бўлгани учун ҳарбий билимлар ва кўникмаларни яхши ўзлаштира олмаяпти.
Расмий Кремлнинг аскар ёлловчилари янги рекрутларни кўпинча Россия қамоқхоналаридан қидираётганини таъкидлади. Унинг айтишича, Россия урушнинг олти ойи ичида жиддий талафотларга учраган.
Украина Херсон вилоятида қарши ҳужумга ўтганини билдирди
Украина армиясининг “Каховка” группировкаси расмий вакилининг билдиришича, 29 август куни бошланган қарши ҳужумда украин ҳарбийлари фронт чизиғининг бир қисмида Россия аскарлари мудофаасини ёриб ўтган. Қатор украин ОАВлари Украина армиясининг муваффақиятли ҳужуми ҳақида хабар берди.
Мавжуд маълумотларда таъкидланишича, қарши ҳужум бевосита Херсон шаҳрига эмас, балки Херсон вилояти шимоли-ғарбига йўналтирилган. Россиянинг қатор телеграм каналлари украин ҳарбийлари бу йўналишда Сухой Ставок қишлоғини эгаллаганини хабар қилди. Бироқ бу хабар ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Россия Мудофаа вазирлиги 29 август куни кечқурун тарқатган маълумотда Украин ҳарбийлари Николаев ва Херсон вилоятларида уч йўналишда қарши ҳужумга ўтганини, аммо катта талафотларга учраганини ва ҳужумлар “жуда муваффақиятсиз” якунланганини билдирди. Украина Мудофаа вазирлигининг кечки баёнотида Херсон вилоятидаги жанглар тўғрисида маълумот берилмади.
Энергодарда отишма бўлди
Энергодардаги отишма натижасида тинч аҳолидан 10 нафари турли даражада тан жароҳати олган, 2 нафари оғир аҳволда шифохонада.
Бу ҳақда шаҳар маъмурияти раҳбари Дмитрий Орлов маълум қилди.
Айни пайтда, Россия томони шаҳарга Украина ҳарбий кучлари ҳужум қилди, деб таъкидламоқда.
29 август куни Россия мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков якшанба куни АЭС ёнида Украина ҳарбийларига қарашли дрон ва 2 та ҳарбий самолёт уриб туширилди, деб баёнот берди.
"Россия ҳаво кучлари Украина ҳаво кучларига тегишли 2 та Su-25 ҳарбий самолётини уриб туширди. Киев режими Запорожье станциясида техноген фалокатни келтириб чиқариш учун провокацияни давом эттирмоқда. 28 август куни Россия кучлари завод ҳудудидаги 1-рақамли махсус бинога яқинлашаётган учувчисиз ҳужумчи объектни қайд этди. Объект уриб туширилди”деди Россия мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков.
Форум