Брайан Фогель Украина уруши ҳақида фильм ишлайди
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Украинадаги уруш ҳақида фильм суратга олишни режалаётган америкалик кинорежиссёр Брайан Фогель билан видеоалоқа орқали сўзлашди. Бу ҳақда Украина президентининг матбуот хизмати маълум қилди.
Фогель Украинани ва унинг халқини қўллаб-қувватлашини билдирди, дея қайд этган матбуот хизмати. Режиссёр “асрларга татигулик” кенг қамровли фильм ишлаш ниятида эканини билдирган.
Брайан Фогель кинорежиссёрликдан ташқари, продюсер, сценарист, драматург ва ҳуқуқбон сифатида ҳам танилган. Унинг спортдаги допинг муаммосига бағишланган “Икар” номли киноасари 2018 йилда энг яхши ҳужжатли фильм сифатида “Оскар” мукофотини олган.
Запорожьеда йод тарқатишяпти
Запорожье ҳукумати жума куни шаҳарнинг шарқий Хортицкий туманида йод препаратларини тарқатган.
Анастасия исмли маҳаллий фуқаро уруш бошланганидан бери иккинчи марта йод дори воситаларини харид қилганини айтди:
"Биз йод дори воситаларини биринчи марта қишда, атом электр станцияси ўққа тутилганда сотиб олган эдик. Бизда ўша фолий кислотаси билан тўлдирилган дорилар ҳали ҳам бор".
Россия мудофаа вазирлиги Украина артиллерияси томонидан отилган 9 та снаряд атом станцияси ҳудудига тушганини маълум қилди.
БМТ ва Киев завод нишонга олинмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун ҳарбий техника ва аскарларни завод ҳудудидан олиб чиқиб кетишга чақирмоқда.
Запорожье шаҳри Россия томонидан ишғол қилинган Энергодардаги атом электр станциясидан 55 километр шимоли-шарқда жойлашган.
Атом станциясининг сўнгги ҳафталарда муттасил ўққа тутилиши, ядровий фалокат ҳақидаги хавотирларни уйғотди. Россия ва Украина бир-бирини заводни ўққа тутганликда айблаб келади.
Россия Тергов қўмитаси жиноят иши қўзғади
Россия Тергов қўмитаси Украина кучларини Энергодардаги аҳоли пунктларини ўққа тутишда айблаб, жиноят иши қўзғатганини маълум қилди.
"Украина миллатчиларининг жинояти натижасида тинч аҳоли жабр кўрди, бир неча киши оғир аҳволда ётибди. Автомобилларга зарар етган, хонадонларда дераза ромлари ва ойнаклари синиб тушган", — дейилади қўмита баёнотида.
Россия томони берган бу маълумотларни тезкор равишда мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз қолмоқда.
Украина ва Россия бир-бирини айбламоқда
28 август оқшом маҳали Энергодар шаҳрининг турар-жой даҳалари ўққа тутилишида Украина ва Россия бир-бирини айбламоқда.
Иккала томон ҳам буни Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) мутахассисларининг Энергодарда жойлашган Запорожье АЭСга ташрифи олдидан амала оширилган провокация деб ҳисоблайди.
Озодлик уруш шароитида расмий шахсларнинг баёнотларида келтирилган маълумотларни мустақил манбалар орқали текшириш имконига эга эмас.
Энергодар шаҳрида жойлашган Запорожье АЭС – Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, жорий йилнинг март ойидан бери Россия ҳарбийлари назоратида қолмоқда. АЭС 5 ва 7 август кунлари ўққа тутилган эди.
“Энергоатом” хабарига кўра, ушбу ҳужум натижасида “Луч” электр нимстанцияси шикастланган, шунингек ядро реактори жойлашган энергоблоклардан бири яқинида бир неча снаряд портлаган. Ишлаб турган уч энергоблоклардан бири узиб қўйилган. Украина ва Россия мазкур ҳужумда бир-бирини айблади.
Форум