«Энергоатом» Запорож АЭСи энергия тармоғидан узилганини билдирди
Украинанинг «Энергоатом» агентлиги тарихда илк маротаба Запорож АЭСи 25 август куни энергия тармоғидан тўлиқ узиб қўйилганини билдирди.
Агентликнинг маълум қилишича, АЭС яқинидаги Запорож иссиқлик электр станциясининг кул чиқиндихонасида ёнғин юз берган. Бунинг оқибатида АЭСнинг тўртинчи алоқа тармоғи Украина энергетика тизимидан узилиб қолган. Бундан аввал Россия бомбардимони оқибатида Запорож АЭСнинг уч тармоғи ишдан чиққан эди.
«Интерфакс» агентлигининг босқинчилар маъмуриятига таяниб ёзишича, тўртинчи энергия тармоғининг узилиши оқибатида Херсон, Новая Каховка, Энергодар ва Мелитопол шаҳарлари электрсиз қолди. Кейинроқ Херсонда электр таъминоти қайта тиклангани айтилди.
Украинанинг Энергодар шаҳрида жойлашган Запорож АЭСи Европадаги энг йирик атом электр станцияси ҳисобланади. Мазкур АЭС март ойидан бери Россия армияси назорати остида қолмоқда. Бу ерда украин мутахассислари ишлашда давом этмоқда, аммо август бошидан бери АЭС бир неча маротаба ўққа тутилгани хабар қилинди. Бу воқеаларда Россия ва Украина бир бирини айбламоқда.
Германия ТИВ: “Украина ғалаба қозона оладими, йўқми, билмаймиз, лекин унинг ғалабаси учун барча ишни қиламиз”
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербокка кўра, у Украина Россияга қарши урушда ғалаба қозона олиши ёки олмаслигини билмайди, бироқ Германия Украина енгиб чиқиши учун қўлидан келган барча ишни қилади. Бербок Украина олти ойдан бери ўз озодлиги ҳамда “Европанинг тинч ҳаёти” учун кураш олиб бораётганини айтди.
Бербок расмий Берлин урушда Киев ғалаба қозониши учун барча ишни қилишини таъкидлар экан, Украина Россияни енга олиш-олмаслигини билмаслигини айтди ва буни “шафқатсиз воқелик” деб атади.
Вазир, шунингдек, Украинага Германиядан қурол-аслаҳа етказиб бериш “нозик чегара”да турганини, мамлакатнинг ўзида “қурол захиралари тугаб битган”ини айтди. Германия мудофаа вазири Кристина Ламбрехт эса Бундесвер омборларидан Украинага қурол бериш сўнгги нуқтага етди, дея апрель ойида айтган.
Украина шифохоналари олти ой давомида 437 марта Россия армияси ҳужумларига учраган
Бу ҳужумлар оқибатида камида 98 киши – шифокор ва беморлар – қурбон бўлганлар. Камида 134 киши жароҳат олган. Ушбу маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботида келтирилди.
Санитария транспорти, жумладан “тез ёрдам” машиналарига ўнлаб ҳужумлар бўлган, шунингдек дори-дармон омборлари ва захираларига, қимматбаҳо тиббиёт жиҳозларига шикаст етказилган, дейилади ҳужжатда.
ЖССТ бош директори Тедрос Гебресиус Украина соғлиқни сақлаш тизими ҳарбий ҳаракатлардан қаттиқ зарар кўрган бўлса-да, ҳалокатга учрамагани ва уруш жабрдийдаларига ҳам, оддий беморларга ҳам ёрдам беришда давом этаётганини айтди.
Мулозим Украина ССВга ҳар томонлама кўмаклашишга ваъда берди, айни чоғда қуролли можаро шароитида ҳеч бир тизим рисоладагидек ишлай олмаслигини урғулаб, урушга тезроқ барҳам беришга чақирди.
Британия ҳарбий разведкаси: Россия ҳарбийлари Запорожье АЭСда ўзларини яширишга уринмоқда
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги разведка хизматига кўра, рус ҳарбийлари машиналарни АЭС ҳудудидаги ҳаво қувурлари ва кўприклар тагига яширишга уринишмоқда. Шунингдек, разведка Россия, катта эҳтимол билан, Украинанинг АЭС теварагидаги ҳар қандай ҳарбий фаоллигини пропаганда мақсадларида қўллашга тайёрлигини таъкидлади.
Асосий муаммо шундаки, то РФ армияси станцияни ишғол этиб тураркан, совутиш тизимининг бузилиши ва захира қувватлаш манбаи шикастланиши эҳтимоли ҳамда Россия ҳарбийларининг доимий босими ва назоратида ишлаётган ходимларнинг хатолари реакторлардан фойдаланиш учун энг катта хавф-хатар бўлиб қолади.
Форум